LUTFULLA OLIMIYNING “OLIYA” MADRASASIDAGI IJODIY FAOLIYATIGA DOIR
Yoldashev Abduvali AbdumutalibovichTarix fanlari bo‘yicha falsafa doktori (PhD) Madaniyatshunoslik va nomoddiy madaniy meros ilmiy-tadqiqot instituti, bo‘lim boshlig‘i2025
Konferensiyalar“FARG‘ONA VODIYSI TARIXINING DOLZARB MUAMMOLARI” mavzusidagi xalqaro ilmiy-amaliy anjuman materiallariJild 1Son 2Sahifa 71–76
Annotatsiya
Maqola Turkiston jadidchilik harakatining yirik vakili namanganlik Lutfulla Olimiyning hayoti va ijodiga bag‘ishlangan. Unda Lutfulla Olimiyning “Oliya” madrasasidagi ta‘limi davrida matbuotda nashr qilingan maqolalari tahlilga tortilgan.
Boshqa tillarda
ruschaО ТВОРЧЕСКОЙ ДЕЯТЕЛЬНОСТИ ЛУТФУЛЛЫ ОЛИМИЙ В МЕДРЕСЕ «ОЛИЯ»
Статья посвящена жизни и деятельности Лутфуллы Олими из Намангана, крупного представителя туркестанского джадидистского движения. Анализируются статьи Лутфуллы Олими, опубликованные в печати в период его обучения в медресе «Олия».
inglizchaABOUT THE CREATIVE ACTIVITY OF LUTFULLA OLIMIY IN THE "OLIYA" MADRASA
The article is devoted to the life and work of Lutfulla Olimi from Namangan, a major representative of the Turkestan jadidist movement. It analyzes Lutfulla Olimi‘s articles published in the press during his education at the "Oliya" madrasa.
Kalit so‘zlar
- jadidchilik
- Namangan
- yangi usul maktabi
- “Oliya” madrasasi
- “Sho‘ro” jurnali
To‘liq matn
Litsenziya: CC BY 4.0litsenziya matni
Matn PDF’dan ajratilgan va qayta formatlangan; asl nusxadan farq qilishi mumkin.
Matndagi telefon raqamlari shaxsiy ma’lumot sifatida yashirilgan.
ЛУТФУЛЛА ОЛИМИЙНИНГ “ОЛИЯ” МАДРАСАСИДАГИ ИЖОДИЙ ФАОЛИЯТИГА ДОИР
ABOUT LUTFULLA OLIMI'S CREATIVE ACTIVITY AT THE “OLIYA” MADRASA
О ТВОРЧЕСКОЙ ДЕЯТЕЛЬНОСТИ ЛУТФУЛЛЫ ОЛИМИЙ В МЕДРЕСЕ “ОЛИЯ”
Йўлдашев Абдували Абдумуталибович Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти, бўлим бошлиғи e-mail: Dengiz-85@mail.ru Tel: [telefon raqami yashirilgan]
Аннотация. Мақола Туркистон жадидчилик ҳаракатининг йирик вакили наманганлик Лутфулла Олимийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган. Унда Лутфулла Олимийнинг “Олия” мадрасасидаги таълими даврида матбуотда нашр қилинган мақолалари таҳлилга тортилган. Аннотация. Статья посвящена жизни и деятельности Лутфуллы Олими из Намангана, крупного представителя туркестанского джадидистского движения. В статье анализируются статьи Лутфуллы Олими, опубликованные в прессе в период его обучения в медресе «Олия». Abstract. The article is devoted to the life and work of Lutfulla Olimi from Namangan, a major representative of the Turkestan jadidist movement. It analyzes Lutfulla Olimi's articles published in the press during his studies at the "Oliya" madrasa. Калит сўзлар. жадидчилик, Наманган, янги усул мактаби, “Олия” мадрасаси, “Шўро” журнали. Ключевые слова. джадидизм, Наманган, новая методическая школа, медресе «Олия», журнал «Шоро». Key words. jadidism, Namangan, new method school, "Oliya" madrasa, "Shuro" journal.
Туркистон жадидчилик ҳаракатининг ХХ аср бошларидаги тараққий этишида наманганлик кўплаб жадид намаоёнлари амалий фаолиятлари ва ғоялари билан ўз хиссаларини қўшганлар. Жадидчилик ҳаракати масаласи кўтарилиб наманганлик жадидлар ҳақида сўз кетганда биринчи навбатда ҳар бир кишининг ҳаёлига Исҳоқхон тўра Ибрат ва Муҳаммадшариф Сўфизоданинг номлари келади. Мустақиллик йилларида жадидчилик ҳаракатига оид кўплаб тадқиқотлар олиб борилиб, бу борада кўплаб наманганлик жадидлар ва уларнинг фаолиятига доир маълумотлар илмий муомалага киритилди. Бу тадқиқотларни ўрганиш орқали Наманганда жадидчилик ҳаракати кенг тараққий этганлиги, ушбу ҳудудан кўплаб жадидлар етишиб чиққанлиги аён бўлиб бормоқда. Уларнинг ҳаёти ва ижоди, фаолиятлари янги тадқиқотлар натижасида бойитилмоқда.
Ана шундай наманганлик жадид зиёлиларидан бири Лутфулла Олимий ҳам ўзининг кенг кўламли фаолияти билан жадидчилик ҳаракатида алоҳида из қолдирган. Лутфулла Олимийнинг педпгог ва журналистик фаолияти билан кўп тилга олинади. У 1893 йил Наманганда туғилган. Дастлаб отасининг қўлида савод чиқариб, Наманган ва Қўқондаги мактаб ва мадрасаларда таҳсил олган. Россия империясининг мустамлакаси остида бўлган Туркистоннинг озодлиги тараққиёти учун кураш, халқнинг ижтимоий турмушини яхшилаш, маданий ислоҳотлар йўлидаги ҳаракатлари унда ана шу даврлардан пайдо бўла бошлади. Миллий таълим муассасаларида таълим олиш билан бирга бир муддат рус-тузем мактабида ҳам ўқиган. Ўз даврида рус тилига бўлган эҳтиёж мавжуд бўлиб, ушбу тилни билиш фойдадан ҳоли бўлмаган. Жадид зиёлилари ҳам ХХ аср бошларида рус тилининг билишликнинг аҳамиятлари борасида миллий матбуотдаги мақолаларида кўб бор баён қилганлар.
Лутфулла Олимий Қўқондаги таълимини тамомлаб Наманганга қайтгач наманганлик жадидлар фаолиятида иштирок этиб ўзи ҳам 1914 йилда янги усул мактаби очиб муаллимлик қилади. Ўша даврда жадидлар ўз ислоҳот ғояларини кенгайтириб матбуот нашр этишни, театрни йўлга қўйишни ҳамда янги усул мактабларини янада кенгайтириш, камбағал болаларни ўқитиш ва уларга муаллимлар тайёрлаш йўлида хайрия жамиятлари ташкил қилган эдилар. Бундай жамиятлар Туркистон минтақасининг кўплаб ҳудудларида ташкил этилган. Лутфулла Олимий жадидларнинг ана шу соҳадаги фаолиятларида ҳам иштирок этади. Матбуотда ўз мақола ва шеърлари билан қатнашди. Бу орқали биз унинг лирик ижод билан шуғулланганлигини ҳам билишимиз мумкин. Унинг Тошкентда нашр этилган “Садойи Туркистон” газетасининг 1914 йилдаги 21-сонида чоп этилган “Миллатим” номли шеърини мисол қилиб келтириш мумкин. Ушбу шеърида у миллатнинг фидоий фарзанди бўлишга, унга жону танини беришга тайёрлигини ифода этади ва илм-маърифатни тарғиб этади.
“Кеча-кундуз тилда зикримдур садои миллатим, Хизматимдур бир танимда жон фидои миллатим”[7].
Жадидчилик ҳаракати намоёндалари ёшларга таълим бериш билан бирга Туркистон учун миллий кадрлар тайёрлаш учун сармоядорлар билан бирга хайрия жамиятлари ташкил этиб, ушбу жамиятлар орқали ёшларни хориж мамлакатларига юборишни йўлга қўйдилар. Бу жараёнда айрим ёшлар ана шу жамият ёрдами билан, айримлари эса оиласининг ёрдами билан қўшни мамлакатлар ва хориж давлаьларига бориб таълим олдилар. Лутфулла Олимий ҳам ўз билмини ошириш мақсадида 1915 йил Уфадаги “Олия” мадрасасига боради. Бу мадраса 1906 йилда татар маърифатпарварларидан бўлган Зиё Камол (Зиёвуддин Жамолиддинович Камолиддинов) томонидан Уфада ташкил этилган. Мадрасанинг дастлабки дарслари “Мулла Зариф” масжидида ўтилган. Мадрасага талабалар имтиҳон асосида қабул қилиниб, талабгорнинг ўқув ва билим савиясига қараб синфларга ажратилган. “Олия” мадрасаси ўша вақтдаги ислоҳ қилинган мадрасалардан хиссобланган. Мадраса таълими 5 босқичли бўлиб, 2 таси бошланғич (таҳзирийя) ва 3 таси олий (олия) синфларига бўлинган. Мадрасада диний фанлар билан бирга география, тарих, илми ашиё, ҳисоб, рус тили, кимё, ҳандаса, иқтисод, адабиёт каби йигирмага яқин фанлар ўқитилган[8, 31-39].
Туркистон талабалари 1908 йилдан бошлаб “Олия” мадрасасига бориб таълим ола бошлаган[6, 139]. Кейинги йилларда уларнинг сони ортиб борган. 1915 йилга келиб ушбу мадрасада кўплаб туркистонлик ёшларни кўриш мумкин бўлган. Лутфулла Олимий ҳам ана шу даврда мадрасада таҳсил олди. Мадрасадаги таълим ва яшаш учун сарф ҳаражатлар ёшларнинг таҳсил олишида муаммолар туғдирган. Ўша даврда Россия империяси мустамлакаларининг сиёсий мавқеи ва ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлар мадраса талабаларини бир-бирига яқинлаштирди. Уфа шаҳридаги “Олия” мадрасасининг туркистонлик талабалари ўзаро бирлашиб бир-бирларига моддий ва маънавий кўмак бериш учун 1917 йилда “Уфадаги туркистонлик ўқувчилар жамияти”ни туздилар[2, 5]. Жамият ўз “Низомнома”сига эга бўлган. Ушбу Низомнома: “Жамият мақсади”, “Жамият аъзолари”, “Умумий йиғилиш”, “Тафтиш комиссияси”, “Жамиятнинг шўъбалари ҳақида”, “Жамиятнинг молияси” каби бўлимларга бўлинган. Бу жамият туркистонлик талабаларнинг Уфадаги таълими жараёнида иқтисодий ва маданий фаолиятини йўлга қўйиш, юзага келадиган муаммолар ва қийинчиликларни биргаликда бартараф этишга қаратилган эди.
Лутфулла Олимий “Олия” мадрасасида таҳсил олиш билан бирга татар матбуотида ўз мақола ва шеърлари билан иштирок этган. Унинг мақола ва шеърлари Оренбургда нашр этилган “Шўро” журналида босилган.
“Шўро” журнали 1908 йилдан 1918 йилгача Оренбургда ҳар ойда икки маротаба чиқиб, жами 240 сон чоп этилган. Ҳажми 32 бет бўлган бу журналнинг муҳаррири Ризоуддин ибн Фахриддин журналнинг биринчи сонида ушбу ҳаракатнинг мақсадини шундай изоҳлайди: “ “Шўро” миллатни илмли маърифатли этмак ҳақинда машварат мажалласи ўлароқ чиқадир”[1,1]. Ушбу журналнинг 10 йил давомида нашр этилган 240 сонида Туркистон ҳаётига оид 323 та мақола, хабар, ҳикоя ва суратлар босилган. Шундан мақолалар-138 та, хатлар-90 та, бадиий асарлар-71 та, хабарлар-21 та, фотосуратлар-3 тани ташкил қилган. Журналдаги Туркистонга оид мақолалар тариx (38 та), таълим-тарбия (25 та), ижтимоиёт (23 та), дин (4 та), сиёсат (6 та) ,матбуот (13 та), адабиётшунослик (12 та), кабиларни қамраб олган”[3, 56].
Ана шу мақола ва шеърлар орасида Лутфулла Олиймийнинг ижоди ҳам киритилган. У журналдаги мақолаларига “Лутфулла Олимий Намангоний “Олия” мадрасаси” имзоси билан нашр этилган. Лутфулла Олимий ўз мақола ва шеърларида Туркистондаги ижтимоий, маданий муаммоларга уларни ҳал этига қаратилган ғояларини илгари сурган. Хусусан, “Шўро” журналининг 1915 йил 20-сонида босилган “Турон қизларина”[5, 28-36] номли шеърида
Туркистон ҳотин-қизларини илм-маърифатга тарғиб қилганлигини кўрамиз. Қуйида ушбу шеърнинг тўла матнини ҳавола этилади:
Ҳоним! Илм, фнун боғинда бошинг тождор улсун! Йўлунг узра сочилсун ғунчалар зарлар насор улсун! Миниб чиқсанг агар ҳаритинг “таёра” отина, Жиловингда музаффарлик ёнингда чорёр улсун! Танфис илалиг арфон ҳавосин бахт-ёр улсун!. Ниқоб ҳусн астадодинг оч дунё қуёшина! Онинг ҳусниндан олсун нурлар, кун тобдар улсун! Агар рашк иласа ҳуснинг нурина ой юлдузлар, Яна кўрсат закок нурини одлар бимдар улсун! Тушур ғафлат, жаҳолат чодирин маскина! Бошингдан: Маориф офтобин партуй сочингға ёр улсун! Азир ҳаритинг ҳорут, морута фидо этма! У....лар шу фисқон зиндонда хор, зор улсун! Чиқиб зуҳро сҳат ҳарит афкор самосина Намоён айла фикринг ҳуснини ким ёйдор улсин! Эсиз хоним! Юзунг, эсиз ул қобилят Оҳ!!! Олиҳи санга жабр, золм ойдинлар тор мор улсун! Санга ҳолинг тарсад ила юр “лутфи” кузи доим Даҳо айл: худойим дурбинмга мадор улсун!
Бундан ташқари Лутфулла Олимий “Олия” мадрасасидаги талабалик чоғидаги бир нечта мақолалари “Шўро” журналида нашр этилган. “Олия” мадрасасини тамомлаб Туркистонга қайтгач ҳам унинг фаолияти тўхтаб қолмади. У янги усул мактабларида таълим беришда давом этди. Туркистон жадидларининг ислоҳотчилик ғояларини амалга ошириш йўлида фаол ҳаракат қилди. У Наманганда ташкил этилган “Намуна” мактабида 1918–1923 йилларда ўқитувчилик қилади. 1918 йили Наманган шаҳрининг Қўқон кўчасида Нуриддин афанди уйида “Турон” мактаби ташкил этилган. Л. Олимий ушбу мактабда ҳам муаллимлик қилган. Л. Олимий Гулҳаний ижодини ўрганган дастлабги ижодкорлардан бўлган. “Билм ўчоғи” журналининг 1923 йил сонида у ҳақида мақола ёзган. Шунингдек, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили Нодирабегим фаолиятини ҳам ўрганган ҳолда у ҳақида ўз даври матбуотида мақола эълон қилган[4, 28-36]. Лутфулла Олимий шаҳар халқ маориф бўлими, маданий оқартув муассасида мудир, шаҳар ижроия қўмитасида 1924 йилда котиб бўлиб ишлаган. Айни пайтда “Нашри маориф” жамияти вилоят бўлимининг котиби (1921–1923)вазифасида ҳам фаолиятини олиб борган. Ўша вақтда бўлимнинг фаол ҳаракати билан халқдан ионалар йиғилиб Туркистон давлат университети, Боку ва Россиянинг марказий шаҳарларида ўқиётган туркистонлик ёшларга ёрдам сифатида юборилган.
Унинг кейинги фаолияти Қўқон шаҳрида кечган. У Қўқонга кўчиб бориб, 1930 йилга қадар “Фарғона” (“Янги Фарғона”) газетасида 1925–1927 йилларда муҳаррир ўринбосари ва 1928–1930 йиллари эса муҳаррир лавозимларида хизмат қилган. 1928 йилнинг 31 январида Ўзбекистон Марказий Ижрокуми Хайъати Раёсатининг йиғилишида Янги алифбе марказий комитасининг 47 кишилик таркибига Лутфулла Олимий ҳам киритилган. Бу унинг тил-имло борасида ўлка зиёлилари орасида юксак нуфузга эга эканлигини билдиради. У ўлка осори-атиқаларини тўплаш, келгуси авлодга етказиш ишларида ҳам фаол бўлган. Бу ташаббус 1919 йилда Тошкентда ташкил этилган Абдурауф Фитрат бошчилигида тузилган “Чиғатой гурунги”да йўлга қўйилган эди. Лутфулла Олимий ХХ асрнинг 30-йиллари бошларида Абдурауф Фитрат билан биргаликда Наманган нусхаси деб юритилган Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари қўлёзмасини аниқлаб Тошкент кутубхонасининг Шарқ бўлимига топширилган[9]. Аммо Лутфулла Олимийнинг ватан тараққиётига садоқат билан хизмат қилиши совет ҳукумати томонидан муносиб баҳоланмади. Уни 1930 йили “Миллий иттиқод” ташкилотининг аъзоси сифатида қамоққа олинган. 1931 йилнинг 25 апрелида 18 кишини отишга ҳукм қилинади ва уларнинг 15 нафари отиб ташланади. Улар орасида Лутфулло Олимий ҳам бор эди. Кейин Олимийга нисбатан чиқарилган суд ҳукми 10 йил қамоқ жазоси билан алмаштирилади. Совет давлати бу билан чекланиб қолмади. Уни 1937 ва 1949 йилларда қайта қайта қатағон гирдобига тортди. Туғулиб ўсган ерига йўлатмади. 3- маротаба қатағон этилган миллат ойдини ХХ асрнинг 50-йилларидан кейингина қаттиқ тақибладан ҳоли бўлади. Аммо назорат мавжуд эди. Шу боис ҳам Л.Олимий умрининг кейинги даврини хўжалик ишларида ва боғбончиликда ўтказади. Хулоса қилиб айтганда Лутфулла Олимийнинг фаолияти ва у қолдирган мерос орасида “Олия” мадрасасида ўқиб юрган вақтларида нашр эттирган мақолалари алоҳида қимматга эга. Унинг фаолияти ва асарларини кенгроқ тадқиқ этиш ва бугунги авлодга таништириб бориш олдимизда турган масалалардан хисобланади.
Iqtiboslar dinamikasi
ReLibraryTekshirilgan Metodologiya
Adabiyotlar9 ta adabiyot
- “Шўро” журнали. 1908 йил. 10 июн. Биринчи сон. 1 бет.
- Агзамхўжаев С. Бирлашмоқ маслагидаги толиблар // “Ёш куч” журнали. – 1991. – № 5.
- Б. Қосимов. Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидоийлик. – Тошкент: “Маънавият”.
- Лутфулла Олимий “Намангони”. “мадрасаи Олия”. Туркистон қизларина // “Шўро” журнали. 1915. №20.
- Лутфулла Олимий. Нодира // “Билим ўчоғи” журнали. 1923. 2-сон.
- Мўминжон Муҳаммаджон ўғли. Турмуш урунишлари. – Б.139.
- Олимий Л. Миллатим // “Садойи Туркистон” газетаси. 1914. №21.
- Тузбекова Л.С. Медресе “Галия” – высшее мусульманское учебное заведение Башкортостана (1906-1919). – Уфа, 2007. – С. 31-39.
- У. Долимов. Буюк шоир, олим ва жамоат арбоби // Янги Ўзбекистон” газетаси. 2020 йил 30 сентябр.
Metama’lumot
- Identifikator
- REL-C-011158
- Nashr sanasi
- 2025-09-02
- Til
- o‘zbek
- Konferensiyalar
- “FARG‘ONA VODIYSI TARIXINING DOLZARB MUAMMOLARI” mavzusidagi xalqaro ilmiy-amaliy anjuman materiallari
- Jild
- 1
- Son
- 2
- DOI
- 10.66073/refocus-conf/134
- Nashriyot
- LLC Ilm-fan va innovatsiyalar akademiyasi
- Sahifa
- 71–76
- Litsenziya
- Ushbu ilmiy ish CC BY 4.0 litsenziyasi asosida ochiq.
- Ko‘rishlar
- 12026-10-11 dan beri o‘lchanmoqda
- Metadata manbasi
- Partner conferences of the International Scientific Journal Research Focus
- Oxirgi yangilanish
- 2026-08-25