“SADOIY FARG‘ONA” GAZETASIDA FARG‘ONA VODIYSI TARIXINING YORITILISHI (XIX ASR OXIRI-XX ASR BOSHLARI)
Nigora RakhimdzhanovaFanlar akademiyasi Tarix instituti katta ilmiy xodimi, PhD2025
Konferensiyalar“FARG‘ONA VODIYSI TARIXINING DOLZARB MUAMMOLARI” mavzusidagi xalqaro ilmiy-amaliy anjuman materiallariJild 1Son 2Sahifa 31–37
Annotatsiya
Ushbu maqolada 19-20 asrlarda Turkistondagi bir qator nashrlar, xususan, «Sadoyi Farg‘ona» gazetasida Farg‘ona vodiysining shu davrga oid tarixiga alohida to‘xtalib o‘tiladi.
Boshqa tillarda
ruschaОТРАЖЕНИЕ ИСТОРИИ ФЕРГАНСКОЙ ДОЛИНЫ В ГАЗЕТЕ «САДОИ ФАРГОНА» (КОНЕЦ XIX – НАЧАЛО XX ВЕКА)
В данной статье особое внимание уделяется освещению истории Ферганской долины в XIX–XX веках в ряде изданий Туркестана, в частности, в газете Садои Фаргона.
inglizchaCOVERAGE OF THE HISTORY OF THE FERGANA VALLEY IN THE NEWSPAPER “SADOYI FERGANA” (LATE 19TH – EARLY 20TH CENTURY)
This article focuses on the history of the Fergana Valley during the 19th and 20th centuries as reflected in several publications in Turkestan, particularly in the newspaper Sadoyi Fergana.
Kalit so‘zlar
- Sadoyi Farg‘ona
- “Sho‘ro” jurnali
- Obidjon Mahmudov
- “Xo‘qand xabarlari”
- “Doxiliya xabarlari”
To‘liq matn
Litsenziya: CC BY 4.0litsenziya matni
Matn PDF’dan ajratilgan va qayta formatlangan; asl nusxadan farq qilishi mumkin.
“САДОИЙ ФАРҒОНА” ГАЗЕТАСИДА ФАРҒОНА ВОДИЙСИ ТАРИХИНИНГ ЁРИТИЛИШИ (XIX АСР ОХИРИ-XX АСР БОШЛАРИ)
COVERAGE OF THE HISTORY OF THE FERGANA VALLEY IN THE NEWSPAPER “SADOYI FERGANA” (LATE 19TH – EARLY 20TH CENTURY)
ОТРАЖЕНИЕ ИСТОРИИ ФЕРГАНСКОЙ ДОЛИНЫ В ГАЗЕТЕ «САДОИ ФАРГОНА» (КОНЕЦ XIX – НАЧАЛО XX ВЕКА)
Нигора Рахимджанова Фанлар академияси Тарих институти катта илмий ходими, PhD nigoramumtoz@gmail.com
Аннотация Ушбу мақолада 19-20 асрларда Туркистондаги бир қатор нашрлар, хусусан, «Садойи Фарғона» газетасида Фарғона водийсининг шу даврга оид тарихига алоҳида тўхталиб ўтилади. Annotation This article focuses on the history of the Fergana Valley during the 19th and 20th centuries as reflected in several publications in Turkestan, particularly in the newspaper Sadoyi Fergana. Аннотация В данной статье особое внимание уделяется освещению истории Ферганской долины в XIX–XX веках в ряде изданий Туркестана, в частности, в газете Садои Фаргона. Kalit so‘zlar. Садойи Фарғона, Шўро» журнали, Обиджон Маҳмудов, «Ҳўқанд хабарлари», «Дохилия хабарлари». Keywords. Sadoyi Fergana, Shuro journal, Obidjon Mahmudov, Khoqand News, Internal Affairs News Ключевые слова. Садои Фаргона, журнал Шуро, Обиджон Махмудов, Хокандские новости, Новости внутренних дел
ХХ аср бошлари Туркистон тарихида миллий матбуотнинг вужудга келиши, жадидлар фаолиятининг кенгайиши билан боғлиқдир. 1906 йилдан бошлаб, Тошкент, Самарқанд, Фарғона каби шаҳарларда катта меҳнат ва таъқибларга қарамасдан бирин-кетин Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Маҳмуджон Обидов, Убайдулла Асадуллахўжаев ва бошқа маърифатпарвар жадидлар, тараққийпарвар зиёлар томонидан газета ва журналлар чоп этила бошланди. Миллий зиёлиларимиз миллатнинг юксалиш ва уйғониши учун илм-маърифат эгаси бўлиши лозимлиги, бунинг учун тўғри ва мақсадли таълим олиш, шу билан бирга дунё воқеаларидан, ўз ижтимоий аҳволи ва сиёсий янгиликлардан хабардор бўлиши зарурлигини тушуниб, газета-журнал ва бадиий-илмий тўпламлар нашр этишга катта эътибор бердилар. Хусусан, минтақа тарихи иқтисодий, ижтимоий, маърифийдиний ҳаётга доир маълумотлар, янгиликларни халққа етказиб боришда “Садойи Фарғона” газетасининг ўрни беқиёс эди. Газета Фарғона водийсида чоп этилган илк миллий газета бўлиб, унинг ношири ва муҳаррири Обиджон Маҳмудов (Обид чатоқ), газета мусаҳҳиҳи Ашурали Зоҳирий эди. Газетада ўз даврининг илғор маърифатпарварларидан Усмон Нурий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Чўлпон, Тавалло, Холид Саид, Саид Аҳмад Васлий, Иброҳим Даврон, Мулло Абдуллабек Мусабекҳожи ўғли ва Шокирали Мухторовлар мақолалари билан фаол иштирок этдилар.
“Садоий Фарғона” газетаси минтақа тарихи, хусусан Фарғона водийсининг мустамлака шароитидаги аҳволи, халқнинг турмуши, турли иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ёритишда Ўзбекистон тарихининг муҳим манбаларидан бири саналади. Газета 1914 йил 3 апрелидан 1915 йил 26 апрелига қадар чоп этилган бўлиб, 500–600 нусхада Обиджон Маҳмудовнинг шахсий босмахонасида босилган, ҳафтада 3 марта чиққан, 1915 йил 10 апрелига қадар босилган 123 та сони мавжуд. «Садои Фарғона» газетаси Россия мусулмонларининг машҳур матбуот органлари: «Вақт» ва «Юлдуз» газеталари ҳамда «Шўро» журнали таҳририятига икки нусхадан жўнатиб турилган[1, 7].
Газетада «Ҳўқанд хабарлари», «Дохилия хабарлари», «Туркистон ва Фарғона хабарлари», «Уруш хабарлари», «Хорижий хабарлар», «Адабий мунозара», «Эълонлар» рукнлар бериб борилган. Уларда дунё хабарлари, Фарғона водийси ва Туркистон минтақасига доир ижтимоий-иқтисодий, маданий-илмий ва адабий муаммолар доимий равишда ёритилган.Хусусан, газета саҳифаларида мустамлака шароитида кечаётган иқтисодий жараёнлар яхши ёритиб берилган бўлиб, савдо ишлари, бозордаги нарх-наво, аҳолининг иқтисодий аҳволига оид маълумотлар ҳам бериб борилган. Айниқса, Туркистон халқлари учун бегона бўлган биржа ва банкларнинг очилиши, фаолияти ва уларнинг Фарғона аҳолиси учун қай даражада фойдали ёки аксинча салбий оқибатлари кўрсатиб берилган. Масалан, газета муҳаррири Обиджон Маҳмудов ва унинг сафдошларини Фарғона вилоятида «Ака-ука Шлосберг», «Кноп», «Ака-ука Степан фирма»лари, айниқса, Москва банки, «Рус-Осиё банки» маҳаллий аҳолининг меҳнат маҳсулоти ва маблағини аждаҳодек ютиб юбораётгани ва ўзини аста-секин қарз бериш, судхўрлик воситасида қул қилишга интилаётгани ниҳоятда ташвишлантирган. «Ақча керак бўлса, Фарғонага кел ва юринглар» деб, – ёзади Обиджон Маҳмудов «Эски баракатлик савдогарчилик» мақоласида[7], – бир неча кунда 25 фирма, 10 банк, 5-10 комиссионний контўралар очилиб, ўн-йигирма тарафдан ақчани тортавердилар... банк ва фирмалар фақат низомга тўғри келтируб ишларини ўзлари хоҳлаган қилиб, қанча инсофсизлик қила билсалар, қилдилар». Муҳаррирнинг бундай фикрга келишига сабаб, бир неча юзлаб, ҳатто минглаб пахтакор деҳонларни банклардан ниҳоятда катта қарздор бўлиб қолиб, хонавайрон бўлганликларини кўрганлиги, билганлигидир. 1914 йилга келиб бутун Фарғона вилояти банклардан бир неча миллион сўм қарздор бўлиб қолган эди. Бу қарздорлик сунъий равишда, судхўрлик, ва деҳқонларнинг юридик ҳуқуқлари чор ҳукумати қонунлари томонидан ҳимоя қилинмаганлиги оқибатида юзага келган[1, 7].
Дарҳақиқат, Қўқон хонлиги Россия империяси томонидан босиб олиниб, сиёсий ва иқтисодий мустамлакага айлантирилиши натижасида русийзабон аҳолининг кириб келиши кучайди. Маҳаллий аҳолига қараганда рус ва бошқа европаликларга эркин савдо қилишга берилган имтиёз ва эркинликлар, уларнинг молиявий барқарорлигини яна-да оширган бўлса, нафақат Фарғона балки бутун минтақа замонавий биржа, банк ва бошқа иқтисодий операцияларни бажаришга мўлжалланган турли идора ва фирмалар очиш учун фойдали бир макон сифатида хизмат қилди. Натижада, водий аҳли учун нотаниш бўлган кредитлар, фоизлар кириб келди. Бу каби иқтисодий тушунчаларни билмаганлар учун улар халқнинг фойдаси қолиб зарарига хизмат қилди, аҳоли яна-да қашшоқлашди. Бу ҳақда мақолада қуйидагича таърифланади: “ ... Фарғона музофотининг тамом ери мусулмонлардан экан. ... бу ҳолни кўрган банклар келуб, кредит очилуб, кредит номида ақча бермоқға бошладилар. Бу банкни кўриб, фирмалар “биз банкдан қолишмаймиз”, деб ҳар ерда савдо шўбалари очдилар. Бир одамға банк 5000 сўм кредит очкан бўлса, фирмалар 10000 сўм кредит очдилар[7]. Мақолада хулоса сифатида Фарғона аҳли шариатга хилоф иш қилган ҳолда ҳаракат қилганлари, илгари Қўқон хонлиги даврида фоизга пул олиш ва бериш таъқиқлангани ва бу каби иқтисодий амалиётлар халқ учун бегона бўлганлигини қайд этилган. Банк ва турли фирмалар фаолияти фақатгина мустамлака ҳукуматнинг ўлкани бошқариш бўйича низомга мувофиқ бўлгани билан мусулмон шариатига зид эканлиги, турли инсофсиз шартлар асосида ишлаганлиги, водий аҳолисини истаганча таланганлиги таъкидлаб ўтилган. Миллий зиёлилар, маърифатпарвар жадидлар халқнинг иқтисодий аҳволини кўриб, турли банк ва фирмалар фаолиятини яхшилаб ўрганиб, миллий ва диний қарашларга мос эмаслигидан огоҳ этиш учун матбуотда фаол бўлганлар. Халқни фойдаси қолиб зарарига ишловчи, содда халқни алдаб, уни бой қилишга ишонтиришга уринган фирмалар фаолиятини фош этишга ҳаракат қилиб, ҳунарманд, деҳқонлар каби ўрта табақа вакилидан бошлаб “қутидор” бойларни ҳам хонавайрон қилганини ибрат сифатида кўрсатиб, иқтисодий ҳаётда рўй бераётган янгиликларни таҳлил қилиб борганлар. Халқнинг иқтисодий саводхонлигини ошириш мақсадида биржа ва бозорга оид янгиликлар, турли хабарлар бериб борилган[10]. Хусусан, уларда пахта савдоси, деҳқонларга кредит бериш[14], бозорлардаги бирламчи озиқ-овқат ва турли махсулотларнинг кундалик нархлари[15], улгуржи ва кўтара савдо қилиш учун маҳсулотларни қаердан сотиб олиш ва сотиш[18] ҳақида ҳам фойдали маълумотлар бериб борилган. Хўқанд ва бошқа шаҳарларнинг йиллик молиявий ҳисоботлари чоп этилиб, бунда шаҳардаги қурилиши, таъмирлаш ва бошқа сарф-ҳаражатлар эълон қилиб борилган[16]. Иқтисодий масалаларга ечим сифатида миллий сармоядорларни пулларини бирлаштирган ҳолда миллий хусусий банк, қарзхоналар очишга оид тавсиялар берилган. Империянинг турли банк ва фирмалари томонидан касодга учрамаслик, деҳқонлар ва водий аҳолисининг аҳволини яхшилаш учун ҳам ҳам миллий банклар зарурлиги таъкидлаб ўтилган[11].
Шунингдек, газета саҳифаларида водий халқининг иқтисодий аҳволи, турмуш даражаси қай даражада эканлигига оид материллар ҳам чоп этилган[9]. Бу каби маълумотлар Фарғона водийсининг Россия мустамлакаси давридаги иқтисодий аҳволи, савдо-сотиқ ишлари, қишлоқ хўжалиги, миллий сармоядорлар, мустамлака зулмининг халқ иқтисодий ҳаётига қай даражада таъсир қилганлигини кўрсатиб беради. Шу жиҳатдан “Садои Фарғона” газетаси Фарғона водийсининг XIX аср охири-XX аср бошларидаги иқтисодий ҳаётини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Қайд этиш керакки, бу даврда миллий матбуот нашрларининг аксарияти маърифатпарварлик , ислоҳоткорлик ғоялари ва турли ижимоий масалаларни кенг ёритиб келган. “Садои Фарғона” газетаси ҳам жадидлар нашри қаторида ўз саҳифаларида энг кўп ёритган масала бу ижтимоий-маданий ҳаётга таалуқли бўлиб, жамиятда кечаётган жараёнларга танқидий ёндошув, миллий тараққиёт ғояларини халққа сингдириш асосий мақсад бўлган эди. Ижтимоий масалаларга оид мақолаларнинг аксарият қисмини мавжуд таълим тизимини ислоҳ қилиш, турли муаммоларни ёритиш эди. Хусусан, миллатнинг юксалиш ва уйғониши учун илм-маърифат эгаси бўлиши лозимлиги, бунинг учун тўғри ва мақсадли таълим олиш, шу билан бирга дунё воқеаларидан, ўз ижтимоий аҳволи ва сиёсий янгиликлардан хабардор бўлиши зарурлиги ёрbтилган. Мақолаларда қолоқликка юз тутган эскича қарашлар қораланган, жамият ва ҳатто, халқнинг қарашларини ислоҳ қилиш тарғиб қилинган. Газета саҳифаларида усули жадид мактаблари фаолияти, уларнинг афзалликлари, имтиҳонлар ҳақида кўплаб маълумотлар берилган ҳамда аҳолини фарзандларини шу турдаги мактабларда ўқитишга тарғиб қилинган. Илм олиш, касб ўрганиш, турли тилларни билишга чорланган. Мадрасалар фаолиятига оид мақолаларда эса улар фаолиятини ислоҳ қилиш, дунёвий фанларни кўпайтириш, асосий фанлар қолиб уларга шарҳ ва изоҳ берувчи ҳошияларни йиллаб ўқитилиши мадраса таълимининг сифатини бузилишига катта таъсир қилганлиги ёритилган[8]. Газета саҳифаларида янги усул мактабларидаги имтиҳон жараёни ҳам ёритиб борилган бўлиб, унга кўра бу турдаги мактабларда имтиҳонлар май ойида бўлиб ўтган[4]. Бу каби маълумотларни кенгроқ берилишидан, “Садои Фарғона” газетаси Фарғона водийсидаги янги очилган жадид мактабларини ўз даврида мониторинг қилиб бера олган деб ҳисоблаш мумкин. Чунки унда Андижон, Намангон ва Фарғонадаги маърифатпарварлар ўзлари очган мактаблари, нашр қилдирган китоблари, очган кутутбхона ва дўконларини доимий тарзда эълон қилиб борганлар[6]. Шунингдек, қайси муаллим қандай дарс ўтаётгани тўғрисида ҳам бу даврда матбуотда эълон қилиб борилган. Газета саҳифаларида шу каби айнан маориф ва маърифатпарварликка бағишланган мақолалар 100 га яқиндир. Ушбу мақолаларни нафақат водий зиёлилари, балки минтақанинг турли ҳудудларида яшовчи, жадидлар, тараққийпарвар уламолар ҳам ёзганлар. Бундан кўриниб турибдики, “Садои Фарғона” газетасида нафақат Фарғона водийси ижтимоий ҳаёти балки, Туркистон ҳатто Бухоро амирлигига оид мактаб мадрасалар аҳволи бўйича ҳам мақолалар бериб борилган. Хусусан, самарқандлик Саид Аҳмад Васлийнинг “Садойи Фарғона” газетасида эълон қилиб борилган 15 дан ортиқ мақола ва шеърлари бунга мисол бўла олади. “Садойи Фарғона” газетасининг Самарқанддаги мухбири сифатида Самарқандда янги очилган жадид мактаблари ҳақида, у ерда дарс берган муаллимлар ҳақида маълумотлар бериб, газета муштарийларини хабардор қилиб борган. Жумладан, унинг берган маълумотларига кўра, 1914 йилгача Самарқанд шаҳрининг ўзида 2 та Шакурий ва “Ислоҳ” мактаблари мавжуд бўлган.
Шунингдек, газетада миллий матбуоти саҳифаларида мунозараларга сабаб бўлган жадидлар ва қадимчилар масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Яъни миллат ривожи йўлида бирлашишга даъват этилган кўплаб мақолалар нашр этилиб, фақат иттифоқликда миллатни илм-маърифатли қилиш мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилинган. Жадидлар газетаси бўлганлиги туфайли, янги усулдаги таълимга қарши чиқувчи қадимчи уламолар танқид қилинган. Масалан, Васлий янги усулда таълим бериш учун жадидлар фаолиятига хайрихоҳ ҳолда “Садойи Фарғона” газетаси саҳифаларида жадидлар, янги усулда мактаб очувчи ва таълим берувчиларга қарши чиқувчи қадимчилар фаолиятига қарши чиқиб, Туркистон зиёлилари орасида 2 фирқа сифатида танила бораётган қадимчи ва жадидга бўлинишини афсус ила тилга олиб, “Агар қадимчилар тараққийни душман тутсалар ва жадидчилар изҳор ... қилмасалар ҳамма мусулмонларға тараққий қилмоқ учун мунфиқ (мунофиқ) бўлмоқ мумкиндур. Иттифоқ хоҳламак керак. Иттифоқ керак .. ихтилофдан қочмак лозим. Ани фикрим шул вассалом”[5].
Шунингдек, газета саҳифаларида турли ижтимоий муаммолар, иллатлар, халқ орасида диний ёки миллий урф-одат сифатида нишонлаб келинган маросим ва анъаналар танқид қилинган[3]. Хусусан, тўй ва аза маросимларидаги баъзи одатлар бидъат сифатида келтирилиб, улардан воз кечиш, уларга сарфланган катта маблағларни илм олишга йўналтириш тавсия қилиб борилган[12]. Ибрат сифатида 1914 йилда наманганлик бойлардан Исҳоқжон Мирсолиҳбой ўғил фарзандига хатна тўйи қилишда тужжорлар билан маслаҳатлашган ҳолда тўйга сарфланадиган пулдан 2000 рублини мактаб ўқувчилари учун мевалик боғ яратишга ва мактаб эҳтиёжларига сарфлашга қарор қилган. Хусусан, бу йилларда Наманганда тўйларда тўн кийдириш одати йўқотилганлигини газета маълум қилади[13]. Умуман олганда бу каби муаммолар ўз даврининг ижтимоий оғриқли нуқталари саналиб, бу каби одатлардан воз кечиш, тўй ва маросимлар учун қарзлар олиб, натижада уйсиз қолган тақдирлар ҳақида ҳам мисоллар бериб, халқни огоҳлантириб борилган.
Умуман олганда Фарғона водийсининг ижтимоий-маданий ҳаётига доир турли масалалар, масалан, янги очилган замонавий шифохоналар, шифокорлар фаолияти ҳақида шунингдек, кутубхоналар ва бошқа турли ижтимоий муассаларга оид маълумотлар мунтазам эълон қилиб борилган. Шунингдек, халқнинг маънавий дунёсининг ажралмас қисми бўлган диний ҳаёт ва унга оид мақолалар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Хусусан, уламолар фаолиятини ислоҳ қилиш, айниқса сохта тариқатчилар: эшон ва шайхлар масаласи бу давр матбуотида жуда долзарб масала саналган. Ҳаж зиёратига оид масалалар ҳам доимий тарзда чоп этилган. Фарғона водийсининг диндорлиги ва аҳоли зичлиги сабаб бу даврда умумий Туркистон минтақаси ҳисобидан энг кўп Ҳаж зиёратини амалга оширувчилар ҳам айнан водий аҳолиси бўлганлиги бу давр манбаларида ҳам акс этган. Шу жиҳатдан “Садои Фарғона” газетасида 25 та мақола айнан ҳаж зиёратига бағишланган бўлиб, уларда ҳожилар аҳволи, йўл тафсилотлари, ҳаж сафари муаммолари ва бошқа масалалар ўрин олган эди[17]. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, “Садои Фарғона” газетаси жадид миллий матбуотининг Фарғона водийси бўйича илк нашри бўлиб, унда ўз даврининг жадид зиёлилари, тараққийпарвар уламолари ўз мақолалари билан иштирок этдилар. Уларда Фарғона водийсининг Россия мустамлакаси шароитида Туркистон генерал-губернаторлигининг бир вилояти сифатидаги ҳаёти акс этди. Мустамлака шароитида халқнинг иқтисодий аҳволи, ижтимоий муаммолари миллий зиёлилар томонидан таҳлил қилинди. Қўқон хонлиги Россия мустамлакасига айлантирилган шароитида табиийки газета кучли цензура остида сиёсий ҳаётни ёритиш, муаммоларни таҳлил қилишдан ожиз эди. Аммо шунга қарамасдан “Садои Фарғона” газетаси нафақат Фарғона водийси балки Туркистон ўлкасининг XIX аср охири-ХХ аср бошларидаги иқтисодий, ижтимоий-маданий тарихини ёритишда муҳим манба бўла олади.
Iqtiboslar dinamikasi
ReLibraryTekshirilgan Metodologiya
Adabiyotlar25 ta adabiyot
- “Садои Фарғона” газетасига тузилган библиографик кўрсаткич (1914-1915 йиллар). Тузувчи Н.Зоитова.-Тошкент, 2017. 7-бет.
- “Садои Фарғона” газетасига тузилган библиографик кўрсаткич (1914-1915 йиллар). С.Аҳмад. “Садои Фарғона” газетаси ва унинг муҳаррири.Тузувчи Н.Зоитова.-Тошкент, 2017. 7-бет.
- Ароқга тутилмиш ақчалар // Садои Фарғона. 1914. 4 окт.
- Наманганда тўйларнинг ислоҳи ва мактаб // Садои Фарғона. 1914. № 6.
- Асимов Д. Муаллим афандиларга очиқ мактуб: Хўқанд хабарлари // Садои Фарғона. 1914. № 9
- Имтиҳон мажлиси: Хўқанд хабарлари // Садои Фарғона. 1914. 7 май.
- Васлий. Иттиҳод ва инсоф / Васлий // Садои Фарғона. 1914. № 94.
- Ихё Қори. Шахрихонда усул жадид мактаби // Садои Фарғона. 1914. 16 май
- Хўқандда янги очилмиш "Ғайрат" кутубхонасида // Садои Фарғона. 1915. № 120.
- Маҳмудов О. Эски баракотлик савдогарчилик // Садои Фарғона. 1914. 23 май, № 22.
- Мухторов Ш. Мо фи ислоҳ ул-ислоҳ // Садои Фарғона. 1914. №7.
- Фарғона халқининг ва атроф аҳолининг ночорлигига сабаб // Садои Фарғона. – 1914. – 2 июль.
- Фарғонада банк очмоқ // Садои Фарғона. 1914. 14 сент
- Хўқанд биржаси // Садои Фарғона. 1914. 22 окт.
- Хўқанд биржавуй комитетига ариза: Хўқанд хабарлари // Садои Фарғона. 1914. № 8.
- Фарғонада бонка очмоқ //Садои Фарғона. 1914. № 59.
- Хатна тўйидаги исрофот ўрнига // Садои Фарғона. 1914. № 17
- Ҳамёнга зарарсиз хатна тўйи // Садои Фарғона. 1915. № 117.
- Хатна тўйидаги исрофот ўрнига // Садои Фарғона. 1914. № 17.
- Хўқанд биржасини хабарномаси // Садои Фарғона. – 1915. – 8 февр. Хўқанд 27 апрел: [дехқонларга кредит бериш ҳақида] // Садои Фарғона. – 1914. – № 9.
- Хўқанд бозорлари // Садои Фарғона. - 1915. - 14 март
- Хўқанда ҳар хил...: Хўқанд хабарлари // Садои Фарғона. - 1914. - № 22.
- Хўқанд шаҳрининг 1913 йил учун чиқим ва фойдалари : Хўқанд хабарлари // Садои Фарғона. – 1914. – 30 май.
- Ҳожи Нурий Усмоний. Ҳожиларга раҳбар // Садои Фарғона. 1914. № 25,27, 34,35,36,37,40.10.1080/18324460.1914.10439123
- Эълон: Оптовая торговля А.А.Махмудова // Садои Фарғона. – 1914. – № 94 ; 19 дек. ; 22, 24, 30, 31дек. ; 5, 10, 13, 17, 22, 25, 29 янв. ; 4 февр.
Metama’lumot
- Identifikator
- REL-C-011152
- Nashr sanasi
- 2025-09-02
- Til
- o‘zbek
- Konferensiyalar
- “FARG‘ONA VODIYSI TARIXINING DOLZARB MUAMMOLARI” mavzusidagi xalqaro ilmiy-amaliy anjuman materiallari
- Jild
- 1
- Son
- 2
- DOI
- 10.66073/refocus-conf/126
- Nashriyot
- LLC Ilm-fan va innovatsiyalar akademiyasi
- Sahifa
- 31–37
- Litsenziya
- Ushbu ilmiy ish CC BY 4.0 litsenziyasi asosida ochiq.
- Ko‘rishlar
- 22026-10-11 dan beri o‘lchanmoqda
- Metadata manbasi
- Partner conferences of the International Scientific Journal Research Focus
- Oxirgi yangilanish
- 2026-08-25