JALOLIDDIN RUMIYNING “ICHINDAGI ICHINDADUR” ASARIDA INSON O‘ZLIGINI ANGLASHINING FALSAFIY MASALALARI
Muhammadjon Rakhimov“University of Business and Science” “Ijtimoiy fanlar” kafedrasi falsafa fanlari doktori, professor.2025
Konferensiyalar“FARG‘ONA VODIYSI TARIXINING DOLZARB MUAMMOLARI” mavzusidagi xalqaro ilmiy-amaliy anjuman materiallariJild 1Son 2Sahifa 417–427
Annotatsiya
Ushbu maqolada buyuk fors-tojik mutafakkiri va tasavvuf shoiri Jaloliddin Rumiyning “Ichingdagi ichingdadur” asari tahlili orqali inson o‘zligini anglash muammosi falsafiy nuqtai nazardan o‘rganiladi. Muallif Rumiy ta‘limotida inson qalbi va ma‘naviyatining markaziy o‘rin egallashini ta‘kidlaydi hamda insonning tashqi olam emas, balki ichki dunyo orqali haqiqatga yetmog‘i zarurligini asoslaydi. Maqolada Rumiyning "insonning haqiqiy qiyofasi — uning ichki olamida" degan g‘oyasi ta‘riflanib, inson o‘zligini anglash jarayonida tafakkur, qalb pokligi va ma‘rifatning ahamiyati tahlil etiladi. Shuningdek, asardagi ramziy obrazlar, ruhiy kamolot, vahdatul vujud g‘oyasi orqali insonning komillikka intilishi falsafiy jihatdan yoritiladi.
Boshqa tillarda
ruschaФИЛОСОФСКИЕ ВОПРОСЫ ПОЗНАНИЯ ЧЕЛОВЕКОМ СВОЕЙ СУЩНОСТИ В ПРОИЗВЕДЕНИИ ДЖАЛАЛИДДИНА РУМИ «ИЧИНДАГИ ИЧИНДАДУР»
Ушбу мақолада буюк форс-тоҷик мутафаккири ва тасаввуф шоири Жалолиддин Румийнинг “Ичингдаги ичингдадур” асари таҳлили орқали инсон ўзлигини англаш муаммоси фалсафий нуқтаи назардан ўрганилади. Муаллиф Румий таълимотида инсон қалби ва маънавиятининг марказий ўрин эгаллашини таъкидлайди ҳамда инсоннинг ташқи олам эмас, балки ички дунё орқали ҳақиқатга етмоғи зарурлигини асослайди. Мақолада Румийнинг "инсоннинг ҳақиқий қиёфаси — унинг ички оламида" деган ғояси таърифланиб, инсон ўзлигини англаш жараёнида тафаккур, қалб поклиги ва маърифатнинг аҳамияти таҳлил этилади. Шунингдек, асардаги рамзий образлар, руҳий камолот, ваҳдатул вужуд ғояси орқали инсоннинг комилликка интилиши фалсафий жиҳатдан ёритилади.
inglizchaPHILOSOPHICAL ISSUES OF UNDERSTANDING HUMAN SELFHOOD IN JALALADDIN RUMI‘S WORK "ICHINDAGI ICHINDADUR"
This article explores the philosophical aspects of self-awareness in the work "What You Seek Is Within You" by the great Persian-Tajik thinker and Sufi poet Jalaluddin Rumi. The author emphasizes Rumi‘s view that the essence of human identity lies not in the external world but in the inner self. The article discusses Rumi‘s idea that true knowledge and reality can only be achieved through introspection, spiritual purity, and self-reflection. Symbolic images, the concept of spiritual perfection, and the philosophy of wahdat al-wujud (unity of being) are analyzed to show how Rumi portrays the path of human self-realization and inner development.
Kalit so‘zlar
- Jaloliddin Rumiy
- Gegel
- Spinoza
To‘liq matn
Litsenziya: CC BY 4.0litsenziya matni
Matn PDF’dan ajratilgan va qayta formatlangan; asl nusxadan farq qilishi mumkin.
ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙНИНГ “ИЧИНДАГИ ИЧИНДАДУР”АСАРИДА ИНСОН ЎЗЛИГИНИ АНГЛАШИНИНГ ФАЛСАФИЙ МАСАЛАЛАРИ.
ФИЛОСОФСКИЕ ВОПРОСЫ ПОНИМАНИЯ ЧЕЛОВЕЧЕСКОЙ ИДЕНТИЧНОСТИ В РОМАНЕ ДЖАЛАЛИДА ДИНА РУМИ «ИНСАЙДЕР».
PHILOSOPHICAL ISSUES OF UNDERSTANDING HUMAN IDENTITY IN THE NOVEL BY JALALID DIN RUMI "INSIDER".
Муҳаммаджон Раҳимов “University of Business and Science” “Ижтимоий фанлар” кафедраси фалсафа фанлари доктори, профессор.
Аннотация. Ушбу мақолада буюк форс-тоҷик мутафаккири ва тасаввуф шоири Жалолиддин Румийнинг “Ичингдаги ичингдадур” асари таҳлили орқали инсон ўзлигини англаш муаммоси фалсафий нуқтаи назардан ўрганилади. Муаллиф Румий таълимотида инсон қалби ва маънавиятининг марказий ўрин эгаллашини таъкидлайди ҳамда инсоннинг ташқи олам эмас, балки ички дунё орқали ҳақиқатга етмоғи зарурлигини асослайди. Мақолада Румийнинг "инсоннинг ҳақиқий қиёфаси — унинг ички оламида" деган ғояси таърифланиб, инсон ўзлигини англаш жараёнида тафаккур, қалб поклиги ва маърифатнинг аҳамияти таҳлил этилади. Шунингдек, асардаги рамзий образлар, руҳий камолот, ваҳдатул вужуд ғояси орқали инсоннинг комилликка интилиши фалсафий жиҳатдан ёритилади. Annotation. This article explores the philosophical aspects of self-awareness in the work "What You Seek Is Within You" by the great Persian-Tajik thinker and Sufi poet Jalaluddin Rumi. The author emphasizes Rumi’s view that the essence of human identity lies not in the external world but in the inner self. The article discusses Rumi’s idea that true knowledge and reality can only be achieved through introspection, spiritual purity, and self-reflection. Symbolic images, the concept of spiritual perfection, and the philosophy of wahdat al-wujud (unity of being) are analyzed to show how Rumi portrays the path of human self-realization and inner development. Аннотация. В данной статье рассматриваются философские аспекты самопознания в произведении великого персидско-таджикского мыслителя и суфийского поэта Джалаладдина Руми «То, что ты ищешь — внутри тебя». Автор подчеркивает, что по Руми, суть человеческой природы заключается не во внешнем мире, а во внутреннем. Статья анализирует идею Руми о том, что к истине можно прийти только через самоанализ, духовную чистоту и размышление. Также исследуются символические образы, понятие духовного совершенства и философия вахдат аль-вуджуд (единства бытия) как основа понимания пути самореализации и внутреннего развития человека.
Жалолиддин Румий (1207 – 1273) номи дунёнинг улуғ донишмандлари қаторида алоҳида тилга олинади. Уни буюк файласуфлар Гегель ва Спиноза билан ҳам қиёслайдилар.У аслида ҳеч кимга ўхшамаслиги билан алоҳида ажралиб туради. Унинг илмий-ижодий фаолиятида тасаввуфни ҳам, илмий ҳикмат фалсафани ҳам, шеърият ва маънавиятнинг уйғунлигини ҳам яққол кўриш мумкин. Алишер Навоий уни илоҳий ишқ куйчиси, буюкликнинг кўз илғамас чўққиси деб шарафлайди.
Жалолиддин Румий Афғонистоннинг Балх шаҳрида улуғ Шайҳ Муҳаммад Баҳоуддин Валад хонадонида туғилди. У турли шаҳарларда яшаб ижод қилди, лекин ўз юртига бошқа қайтиб келмади. Унинг ғазал, маснавий ва рубоийларни ўз ичига олган “Девони Кабир” (“Улуғ девон”) деган тўплами бўлиб, унда уч мингдан ортиқ шеър мужассамлашган. Шунингдек, бир неча минг байтдан иборат “Маснавий маснавий” си ҳамда “Нимаики ундадур – ундадур” асари ҳам мавжуд.
Ўз асарларида Румий мураккаб сўфиёна мулоҳазаларини оддий тилда тушунтира олган. Инсон ақлининг қудратини, руҳиятининг мўъжизаларини моҳирлик билан баён эта олган. Румий асрлар давомида йиғилиб келинган Шарқ фалсафаси ва ҳикмати, исломий ҳақиқатларни уйғунлаштирган, тасаввуф ва фалсафани қўшиб, инсон руҳияти ривожланишини оча билган улуғ мутафаккирдир. Унинг “Ичиндаги ичиндадур” асари инсонни кенгроқ фикр қилмоққа ва шу орқали ўзлигини англашга ва Ҳақни – Яратганни тушунишга ундайди.
Бу асар ҳар бир индивид, одам, инсон, шаҳс ҳақида. Инсоннинг имкониятлари ва мавқеи ҳақида. Шу асар орқали барчамиз ўзлигимизни билишимиз, англашимиз мумкинлигини ҳис қиламиз. Зеро, машшойиҳлар айтганидек, “ўзни билган авлиё бўлади”. Румийда ҳамма инсон мавқеидан қатъий назар, баб-баравар кўрилади, уни бой ва камбағалга, илмдору илмсизга ажратмайди. Асарни ўқир экансиз, сиз ўзингиз ҳаётдаги ўз ўрнингизни англайсиз, яшашдан мурод нелигини биласиз, эртанги, янги кунларга умид кўзи билан қарашни ўрганасиз.
Гап илм одамлари ҳақида кетар экан, ҳар қандай олимни йўлга солиб турган нарса бу – унинг ақлидир. Лекин олим шу ақлни амалдор учун эмас, бутун авом халқ учун ҳам сарфлаши керак. Агар керак бўлса амалдор олим ҳузурига келиб кўп нарсани ўрганиши мумкин. Олим учун эса амалдорнинг унчалик аҳамияти йўқ, чунки у илми билан бадавлатдир “нур сочаётган қуёш кабидир”. (қаранг: Жалолиддин Румий. “Ичиндаги ичиндадур”. –Тошкент, “Ёшлар матбуоти”, 2023, 15 бет. Эслатма: Кейинги ўринларда ушбу асардан фойдаланилганда фақат саҳифаси рақами бериб борилади.)
Олим таркиби тупроқдан иборат бўлган тоғлардан мис, олтин, кумуш ва темир маъданлар ясайди. Тупроқни тозалайди, ёшартиради. Инсоннинг бунёдкорлик фаолиятига алоҳида урғу берилади. Шу маънода олим мақоми юқори туради. Олим дунёни ўрганиб, донишмандлик томон тобора яқинлашиб бораверади. Унинг онги ва тафаккури сайқаллашиб, бу оламни теранроқ англаб боради.
Румийда Тангри гўзал шакллар кўрсатиб алдайди, дейилади. Аслида шакллар орасида ёмонлари ҳам бор. Бизни инсоннинг “менга чиройли бир фикрлар ва яхши бир иш юз очди” дея ўзини алдаб ғурурланиши учун қилади. Агар ҳар бир кўринган нарса кўрингани каби бўлсайди, жуда ўткир ва зийрак кўзлар соҳиби Пайғамбар (с.а.в): “Нарсани менга бўлгани каби кўрсат” деб фарёд этмасди. Бу Мавлоно Румийнинг фикрлари.. Инсонга онг ва тафаккур шунинг учун ҳам берилганки, у ақл тарозусидан ўтказиб, ёмонни ёмонга, яхшини яхшига, ҳунукни ҳунукка ажрата билмоғи керак. Бу билан Румий инсон ақлий фаолиятининг чексиз имкониятларга эга эканлигини ҳам назарда тутади. Инсон ижтимоий борлиқнинг бир бўлаги, жамиятнинг заррагина қисми сифатида бўлса ҳам дунёни англашга, борлиқни ўрганишга ҳамиша уриниб келган. Инсон ақл-заковатининг ютуқлари туфайли цивилизациялар рўй берган. У ўзини ва атроф муҳитни ўрганиш учун ҳамиша ҳаракатда, ривожланишда, изланишда бўлган.
Румий сўз қудратига алоҳида эътибор билан қарайди. Сўз – ҳақиқатнинг сояси ва парчасидир, – дейди у. Мадомики, соя ўзига тортар экан, у ҳолда ҳақиқат янада яхшироқ жазб этади. Сўз шунчаки баҳона бўлиши мумкин. Бир инсоннинг иккинчи инсонга тортган нарса сўз эмас, балки иккаловида ҳам мавжуд бўлган руҳий бирликдан бир парчадир (21 бет). Ҳар бир жисмда оҳанграбодек ўзига тортадиган нимадир бўлиши керак. Инсоннинг сўзи билан қалбидаги уй-ҳаёллари монанд, уйғунлашган бўлмоғи керак. Зеро, унинг қалбигина инсоннинг ким эканлигини, ҳақиқий суратини кўрсатади. Ташқи шакл кўпинча алдамчи бўлади.
Румий инсон ҳаёли уни ҳар томонга йўллашини, не-не орзулари борлигини, масалан, ҳар хил овқатлар истеъмол қилишга хоҳишини кўрсатар экан, бунга ягона сабаб очликдир, дейди. Очлик сабаб экан, тирикчилик учун ҳаракат оқибатдир. Шундай қилиб, инсон яшаши учун доимо ҳаракатда бўлади. Табиий ва ижтимоий борлиқни яратувчиси ва Эгаси бўлган Аллоҳдан умидини узмаслик керак. Умид – ишонч йўлининг боши. Йўлда юрмасанг ҳам, доимо йўлнинг бошини кўзла, дейди Румий. “нотўғри иш қилдим дема”, тўғриликни тут. Ўшанда ҳеч қандай эгрилик қолмайди. Агар бир ёмонлик қилган бўлсанг, ўзингга ўзинг қилгандирсан. Барча ёмонликларнинг манбаи – ҳар бир инсонни ўзидан, ўзининг феъл-атвори, аҳлоқи, дунёқараши қай даражадалигидан келиб чиқди.
Инсон яшар экан, ҳаётда унинг аниқ мақсади бўлмоғи керак. Бемақсад, бесамар, бемазмун умр яшалмагандек гап. Ҳаётга келганидан сўнг инсон ўзини англаган ҳолда жамиятда ўз ўрнини топа билмоғи зарур. Румий денгизга бориб, ундан фақатгина бир кўза сув олмоқ билан қаноатланиш ачинарли, дейди. Денгиздан олиш мумкин бўлган дур-жавоҳирлар ва бошқа қанчадан қанча нарсалар бўла туриб, биргина сув олишнинг нима қиммати бор? Ақлли одамлар бу билан қандай қилиб мақтанадилар ва нима деган инсон бўладилар? (25 бет). Румий оламни бир кўпикка, авлиёлар билимларини эса денгиз қиёслайди. Олам кўпик экан, денгизнинг (билимлар) чайқалишидан покланади, софланади, гўзаллашади.
Румий аниқ ва равшан қилиб, бу дунёнинг зебу-зийнатлари, молуқўйлари, ҳашамлари тўғрисида ёзиб, булар инсон ҳирсини қитиқлашини ва вақтинча дунё завқи эканлигини таъкидлайди. Дунёни безатилиши уни ҳақиқий гўзалигини билдирмайди, аксинча буларнинг ҳаммаси бойлигу гўзаллик ҳам муваққат, ўткинчидир. Буларнинг ҳаммаси инсонни алдайдиган дунёнинг ташқи кўриниши, безаклари ҳолос. Одамлар буларга маҳлиё бўлиб, хотинлару ўғил-қизлар, шоҳона турмушга интилиб, олтинукумушлар, деб дунёдан ўтиб кетаверадилар, улар ҳақиқий ўз моҳиятларини англаб етмайдилар,аслида дунё соҳта пул кабидир. Бу дунёнинг мол-мулкига ҳирс қўйишни у қаттиқ қоралайди, инсон ўзлигини, ҳақиқий моҳиятини англаб етмас экан, муваққат нарсалар билан банд бўлиб умрини фойдасиз нарсаларга сафлаб ўтиб кетаверади.
Ваҳоланки, Аллоҳ инсонга шундай ҳайрли ишлар қилиш орзуси ва имкониятларини берганки, у соф ниятли, амали билан юрган бандаларини ҳамиша мукофотлайди, иноятидан ҳеч қачон дариғ тутмайди. Агар,- дейди у,- сизни орзуларингиз заифлашаётган бўлса, Аллоҳ иноятидан маҳрум бўлаётганингизга ишорадир. Шунинг учун ҳам инсон доимо ҳаракатда изланишда, ижодда, янгилик яратишда, ўз ҳаётини ўзгартиришга мойилликда бўлиши керак. Бундай фикрлар билан ҳаракат ҳар қандай ривожланишни манбаи эканлигини кўрсатади.
Пайғамбар (с.а.в) дедиларким, “Қудратли бўлган вақтингда ҳам, ўзингни ожиз ҳис этган пайтингдагидек бечора кўрмоғинг яхши. Чунки, сенинг қувват ва қудратинг устида бир қудрат бордир. Демак, инсон барча ҳолда ҳам Ҳаққа маҳкумдир. Инсон хоҳ жисмонан, хоҳ моддий жиҳатдан қанчалик кучли, қудратли бўлмасин, яратганнинг олдида ожиз, кучсиз бандадир. Ҳатто қудратли ҳайвонлар, шеру-қоплонлар, наҳангу-китлар ҳам Тангри олдида ожиздирлар. Ерлар, кўклар... ҳамма ҳаммаси ожиздир. Уларнинг барчаси Тангрининг ҳукмига асирдир. Кези келганда айтиш кераккки, Аллоҳ табиий борлиқни – еру-самони, тоғлару-уммонларни, ўрмонлару-дарёларни яратиб, ҳавони инсонни нафас олиши ва яшашига мослаштириб, сўнгра, ижтимоий борлиқ сифатида инсонни мунаввар қилиб яратиб, унга онг ва шуур берди, тафаккур қилиш учун ақл берди.
Румий Аллоҳнинг буюклиги, уни дунё подшоҳи эканлигини таъкидларкан, жамиятда инсон омилига ҳам эътиборини қаратади. Инсон қўлидан келаётган ишлар ғоят ҳайратлидир, у тошларни лаъл ва ёқут, тоғларни олтин ва кумуш конларига айлантира олади. Ер юзидаги ўсимликларни ҳам ҳаракатга келтиради, тирилтиради. Турли мевалар етиштиради, боғ-роғлар қилади. Буларни барчасини ижтимоий борлиқ – жамият аъзоси инсон қила олади. Тоғлар ҳайбатли, улуғвор бўлсада, уларни “қўли”дан ҳеч нарса келмайди. Океану денгизлар турли жониворларни бағрида сақлаб, “парваришлаб” ўз измида олиб юради. Лекин шу қадар кенг уммон бўлсада инсон бажарадиган ишни қилолмайди. Улар жонсиз табиий борлиқдир, унинг бошқа “вазифа”лари бор...
Румий шундай ёзади: замонамиз олимлари... ўзларига боғлиқ бўлмаган нарсаларни ҳам яхши биладилар, аммо ўта мўҳим, ўзлари учун қолган барча нарсалардан янада яқин бўлганни, яъни ўзларини билмайдилар. Ҳамма нарсалар яқин бўлган борлиқ бу – уларнинг менлиги. Улар бирор иш тўғрисида бу – тўғри, бу ҳато, бу ҳалол, буниси ҳаром деб ҳукм чиқаришадию, ўз моҳиятларининг ҳалол ёки ҳаром эканлигини билмаслар (34 бет). Румий инсон ўз моҳиятини англаб етмоғи лозимлигини таъкидлайди. Ҳар қандай инсоншунослар ҳам жудаям мураккаб феъл-атворга эга бўлган онгли мавжудот – инсоннинг асл моҳиятини билиб олишда ҳануз ўз изланишларини давом эттирадилар. Бу билан дунёни билиш имконияти мавжудлигини, у доимо ҳаракатда эканлигини таъкидлайди.
Румий “икки ракат номоз дунё ва ундаги нарсадан ҳайрлидир” деган сўзни ҳамма учун эмаслигини таъкидларкан, бу шундай кишилар учунки, уларга дунё моли қўлида бўлса ҳам икки ракат номозни ўқимаслик ўша молни бой беришдан оғироқ туюлади” (36 бет). “Юзингни қай тарафга бурсанг, Аллоҳ у ердадир” (Қуръон, 2-сура 109 оят). Дарҳақиқат, у ҳамма жойда мавжуддир. Чеҳралар доимийдир, ўлмасдир. Ошиқлар ушбу чеҳрага ўзларини фидо қилиб, эвазига ҳеч нарса истамаслар. Бошқалар эса ҳайвон кабидирлар (36 бет). Аллоҳ васлига етишмоқ учун чин дилдан интилганлар – ҳақиқий ошиқлардир. Дунё зийнатига қизиққанлар, бу билан банд бўлганлар онгсиз жонзот кабидирлар. Бу билан Румий, инсон онги, тафаккури ва қўли билан яратилган ҳар қандай моддий бойликлар ўткинчи ва бесамар эканлигини, буларга маҳлиё бўлиб умрни беҳуда ўтказмаслик лозимлигини назарда тутади.
Румийда инсон у ёки бу шаклда дард чексагина, унга йўл очилиши масаласи бор. Бу билан у фақат тананинггина “дарди”ни кўзда тутуётгани йўқ. “Дард доимо инсонга йўл очади. Дунёдаги ҳар бир иш учун инсон юрагида иштиёқ, ҳавас ва дард бўлиши лозим. Акс ҳолда, инсон бу ишни қилмас.... Дунё ва оҳират, тижорат ва шоҳлик, илм ва бошқа ишларда бўлсин, барчасида аҳвол шундоқ. Дардсиз киши бир ҳайвон мисоли. Инсоннинг руҳи, унинг қалби дард билан яшаши керак. Бу – энг аввало яратганга муҳаббат дарди. Шундай ошиқлик бошидан ўтмас экан, Аллоҳнинг қудратини ҳам ҳис қилолмайди. Ҳонанда ҳам ошиқнинг дардини чин дилдан ҳис қилиб айтмаса, қўшиқ таъсирли чиқмайди, тингловчининг қалбига етиб бормайди. Дард деганда Румий ўткинчи дунё ғафлатларини теранроқ англашни, Яратганга бўлган ишқ дардини назарга олган.
“Номоздан афзалроқ нима бор деб,” сўраса, номознинг жони (руҳи) ўқилган номоздан яхшироқдир,-дейилган. Имон,- номоздан устундир, чунки номоз кунда беш маҳал иймон эса ҳамма вақт фарздир, дейди Румий. Номоз узрли сабаб билан қолдирилиб, фурсати бўлиши билан адо этилиши мумкин. Имон учун ҳеч қандай узрли сабаб билан бузилиб, кейинроқ бажариши фурсати йўқ. Дарҳақиқат, номозсиз иймоннинг фойдаси бўлади, бироқ имонсиз номознинг фойдаси бўлмайди. Номоз ҳар динда турлича, имон эса ўзгармайди. Иймон – тил билан иқрор қилмоқ ва дил билан тасдиқламоқдир. Иймон арабча ишонч, эътиқод маъноларини англатади. Албатта бу – исломнинг 5 та рукни (асос) ларидан бири бўлиб, Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, тақдирга ва ўлгандан кейин тирилишга ишонишни ёки “иймони муфассал”ни билдиради. Исломнинг шундай муқаддас рукнларига риоя қиладиган номозхон албатта ватанни севадиган, ота-онасига меҳрибон, эҳсонли, атрофдагиларга меҳроқибатли, камбағалпарвар, одамлар корига ярайдиган, адолатли, ҳақиқатгўй, халол ва мард, оилапарвар каби инсоний ҳислатлар соҳиби бўлмоқлари лозимдир.
Румий инсон ва жамият фалсафаси ҳақида фир юритганда бу ҳақда алоҳида уқтириб ўтган. У дунёдаги барча орзу-ҳавас ота-она, ўғил-қиз, набиралар, гўзалликка ҳавас, қўшиқ тинглаш, маишат қилиш, севги ва шавқат – буларнинг ҳаммасини замирида тангрини севмоқ ва билмоқ ётади. Лекин буларнинг барчаси ниқоб, пардалардир. Одамлар нариги дунёга “кўчиб” ўтганларидан сўнг Яратганнни ниқобсиз кўрадилар ва ҳаммаси парда эканлигини англайдилар. Румий халқнинг тақдири билан қизиқмаган, аксинча ундан нолиган, унинг учун жонини куйдирмаган инсон инсон эмасдур, дейди. Инсон Ҳақни англаб ҳис этса ҳам, у тушуниб, идрок этган Ҳақ – ҳақ эмас. Инсон ишламоқдан, ғайрат кўрсатмоқдан қочмаган, Аллоҳ улуғлиги атрофида тинимсиз, ҳузурсиз айланган кишидир.
Румийда инсонлараро дўстлик, яқинлик муносабатларига алоҳида урғу берилиб, буларнинг муваққат томонлари маҳорат билан кўрсатилган. “Инсонда ўткинчи бўлган яхши ва ёмон сифатлардан ошиб, унинг ўзлигига бормоқ ва уни обдон танимоқ лозим. Одамларнинг бир-бирларига берган васфлари уларнинг аслий васфлари эмас...одамнинг яхши ва ёмонлигини бир четга қўйиб, унинг шаҳсиятининг аслига эътибор бермоқ керакми, кўрамиз ул зотнинг қандай ўзлиги ва жавҳари бордир. Кўрмоқ ва билмоқ мана шунақа бўлади (56—57 бетлар).
Румий инсонни танимоқчи бўлсанг, уни гапга сол, сўзидан уни ким эканлигини билиб оласан, дейди. Инсон сўҳбат жараёнида ўзининг том моҳиятини қанчалик яширмасин, билмаган ҳолда дилидаги тилига кўчади, имо-ишораларида, ҳатти-ҳаракатларида, сўз тузилишларида рост ва ёлғон гапираётгани сезилиб қолади. Ўзининг кимлигини биров билиб қолишини истамаган одам бўлар-бўлмасга гапиравермайди, иложи борича сукут сақлайди.
Румий олимлик унвони, унинг масъулияти ва маъноси ҳақида ҳам батафсил тўҳталган. “Олим” калимаси орифдан устун ва маъноли дегани. Орифлар маърифат аҳлидан бўлиб, ақлу донишда етук маърифат нури билан қалби лиммо-лим пок ният, покиза аҳлоқли закий одамларга айтилади. Энди олимнинг орифдан устунлиги шунинг учунки, у Тангрига тааалуқлидир, яъни Тангри – олимдир. Ориф одам олдин билмай, кейин ўрганган киши. Ориф сўзи Аллоҳга нисбатан ишлатилмайди. Ориф, демак Аллоҳни таниган, билган ва илоҳий маърифатдан мукаммал ҳабардор киши.
Румий олимлик ва орифлик ҳақида фикр юритар экан, зуҳдни дунёдан юз угириш, тоат ва оҳиратга юзланиш, дунё ҳою-ҳавасларидан воз кечган кишига айтилишини таъкидлайди. Бунинг учун инсон дунёни, унинг чиркинлигини, вафосизлигини ва оҳират гўзаллигини, унинг доимий ва боқий эканлигини билиши керак... Фикрини давоми эттирар экан Румий, илмсиз зуҳд бўлмайди дейди. Шу эътиборла, зоҳид ҳам олим, ҳам зоҳиддир. Ва бир олим юз зоҳиддан афзалдир фикри айни ҳақиқат эканлигига алоҳида урғу беради (69 бет).
Инсонни буюк бир мўъжиза сифатида кўрар экан, Румий унинг ичида ҳамма нарса ёзилганлигига эътибор қаратади. Бироқ, зулмат ва пардалар (инсоннинг дунё ишлари борасида олган тадбирлари ва кўнгулнинг сўнгсиз орзулари) уни тўсиб туради агар пардалар кўтарилса кўп нарсалар намоён бўлади. Аҳир, тикувчилик, меъморчилик, дурадгорлик, заргарлиик,, мунажжимлик, ҳакимлик ва яна сон-саноқсиз санъатлар ҳам инсондан, унинг ичидан юзага чиққан, тошдан ё кесакдан ҳосил бўлмаган (73 бет).
Инсон ва унинг жамиятдаги ўрни ҳақида фикр юритар экан Румий, Қуръонда “Инсон ожиз қилиб яратилгандир” (Қуръон; 4 сура, 28 оят) деб буюрилганини таъкидлайди. Амир этилганидек., инсон дастлаб ушоққина, заиф бўлади, бироқ, шу заиф учқунни парвариш этсанг, гуркураб оламни ёқади. Ушбу ҳусусда Қуръонда “Албатта сиз улуғ хулқ соҳибисиз дейилади. Бу билан инсоннинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнига, мақомига эътибор берилганлиги кўринади. Инсон қанчалик ожиз бўлса (бу ожизлик Тангрининг буюклиги олдида) унинг ижодкорлик, бунёдкорлик имкониятлари ҳам мавжудлиги тан олинади. Инсон камолатга етиб борган сари дунё гўзалликларига маҳлиё бўлаверади, хуш нарсаларни хоҳлайди, уни эса чегараси бўлмайди. Дунёдаги хуш нарсалар инсоннинг ҳайвонлик тарафининг насибасидир. Улар ҳайвонликка куч беради, инсонлик жиҳати эса кундан кунга заифлашаверади. Демак, дейди Румий, бу дунёдаги унинг ҳайвонлик тарафининг озуқаси шаҳват қўзғатувчи нарсалар ва орзулардир. Инсонлик тарафининг озуқаси эса билим, ҳикмат ва Аллоҳнинг жамолидир. (81 бет) Инсоннинг ҳайвонлик тарафи Ҳақдан, инсонлик тарафи эса дунёдан қочмоқдадир. “Сизлардан айримларингиз мўъминдир”. Вужудда икки шаҳсият доимо жанг қилмоқдадир.
Румий комил инсон ҳақида ҳам ўз мулоҳазаларини баён қилади. Айрим амали бор одамлар маънавий жиҳатдан қашшоқ бўлишлари ҳам мумкин. Унингча баъзиларнинг амали бору, илми йўқ. Баъзиларда эса аксинча. Агар инсонда амал ҳам, илм ҳам бўлса, у ўта мувоффақиятли зотдир. Инсон бирор йўлдан кетар экан, у қай манзилга олиб боришини билиши зарур, ақл билан юрган йўловчи кўзлаган манзилига етади, кўр-кўрона ҳаракат қилган одам, йўлидан адашади кўп мушкулотларга дуч келади. Демак, илм ҳамма нарсадан устун.
Инсон орзуларининг чеки йўқ, лекин зоҳидлик йўлидан ҳамма ҳам юравермайди. Инсонда шу қадар улкан ишқ, ҳирс, орзу ва дард борки,- дейди Аллома,- юз мингларча олам ўзиники бўлса ҳам, кўнгли тинчимайди. У ҳамма соҳада машғул. Бироқ, буларнинг ҳеч биридан ҳузур топмайди. Чунки, ҳали у истаган нарсасини қўлга кирита олмаган. Завқ ва орзулар зинапояга ўхшайди. Зиналар ўтириб, дам олишга мослашмаган, аксинча, устига босиб тилади, ҳолос. Ва сўнггида Румий, умрини шу зиналарда беҳуда ўтказмаслик учун ғофилликдан тез уйғонган ва аҳволининг моҳиятини англаб етган зот қандай бахтли, дея хитоб қилади (88 бет).
Румийда ишқ-муҳаббат мавзуси мўҳим ўрин тутади. “Севилган киши гўзалдир. Аксинча бўлмайди. Яъни ҳамма гўзаллар-да севилавермайди. Ва севилиши шарт ҳам эмас,- дейди у. Мажнуннинг замонида ҳам гўзаллар бор эди ва улар Лайлидан ҳуснлироқ эди. Бироқ, Мажнун уларни севмади. Унга “Лайлидан гўзалроқларини сенга кўрсатайлик, берайлик дедилар. Мажнун эса “мен Лайлининг суратини севганим йўқ ва у кўринишдангина иборат эмас. Лайли менинг қўлимда бир қадаҳ кабидир. Мен бу қадаҳдан шароб ичяпман, чунки мен шаробга ошиқман. Сизнинг кўзингиз фақат қадаҳда, ичидагидан ҳабарингиз йўқ, ғофилсиз” деди у (98 бет). Румий фикрича, қадаҳдаги шаробни мазасини билиш учун ишқ ва шавқ керак бўлади. Ишқ ҳамма қалбларни ҳам забт этавермайди. Ишқ, севги – илоҳий туйғу. У фавқулодда ва кутилмаган ҳолатда келади, қалб одамнинг ўзига бўйсунмайди.
Румий инсон сурати ва сийратига, ботиний туйғуларига алоҳида аҳамият беради. Унингча, амал – амал орқали, илм – илм билан, маъно маъно воситасида, шакл эса шакл ёрдамида англашилади. Бу амал нимадан иборат, номоз ва Рўзаданми, - деган савол қўяди ва булар амалнинг сурати (шакли) дир. Амал – ичкаридаги маъни: Одамдан Мустафо замонигача номоз ва рўза ҳозирги шаклда эмасди. Аммо амал мавжуд эди... Амал инсондаги маънодир (102 бет). Ҳали кўпинча зоҳирон кўринган нарсани амал, деб билади. Амал – кўринмайди, бирдан англаб бўлмайди. Ҳар бир нарсанинг асли – сўз. Сўзамал дарахтининг мевасидир. Чунки, у амалдан туғилади. Улуғ Тангри оламни сўз билан яратди ва “Бўл” дейиши билан у ҳам бўла қолди. (Қуръондан).
Имон қалбдаги маълум ҳодиса. Лекин агар уни сўз билан ифода қилинмаса фойдасиз бўлади. Номоз ҳам – амалдир. Агар Қуръон ўқимасанг, дейди Аллома,- ўқиган номозинг саҳиҳ (тўғри) бўлмайди. Инсон гапирувчи “ҳайвон” сифатида доимо сўзлайди, агар у кўринишидан жим турса ҳам ичида доимо сўзлайди, ўз-ўзи билан сўзлашади, лекин ҳамма сўзларни тилига чиқармайди, ўзига керакли деб ҳисоблаганларинигина гапиради. Инсон нимаики қилаётган бўлса, ақл шарофати билан бажаради. Қандай даражада бўлишидан қатъий назар, у ақл ўлчови билан ҳаракат қилади. Унда тафаккур, мантиқий ҳулосалар бошқариб туради. Румий, ақлнинг сояси ҳар на қадар йўқдек туюлсада, бари бир, бир кўланкаси бордир - дейди. Ҳудди шундай маънонинг ҳам борлиқсиз бир борлиғи мавжуд. Инсоннинг ақли созланмаган бўлса, унинг бутун аъзолари ишламайдиган ҳолга келади. Оёғи текис йўлда юролмайди, қулоғи ҳар сўзни нотўғри эшитади. Шундай экан, - дейди Аллома, - барча иш-ҳаракат ақлнинг шарофати билан юзага чиқади. Ақл фаришта жинсидандир (136 бет). Инсон гўдаклигидек, ҳеч нарсани тушунмайдиган, ақли ривожланмаган оддий бир киши ҳисобланади, унинг қиёфасигина одамлигини кўрсатади. Унинг қилиқлари ҳайвондан ҳам баттардир. Турли ифлосликларга ҳам қўлини югуртираверади. Ҳатто ўз нажасини ҳам оғзига солади, ҳоҳлаган жойига ҳожат қилаверади. Фақат, онаси ёки атрофдагилар унинг нотўғри ҳатти-ҳаракатларини тўҳтатиб, тўғри йўлга солиб туради. Манашундай ақли ривожланмагана болани Аллоҳ инсонга айлантиради, унинг ақлини сайқаллаштиради. Аллоҳнинг буйруғи билан эса вақти келиб, у ҳам тилга киради. Сўз бориб, инсоннинг қиймати қадар қадрли қилди.
Инсоннинг табиати шундайки, ўзи хали кўрмаган, эшитмаган ва ўйламаган нарсасига интилади ва унга ошиқлигини билдиради. Доимо уни қидиради ва унинг учун жафо чекади. Кўрган, тушунган нарса ва ҳодисадан эса зерикади ва бошқасини ҳохлайди. Шунинг учун ҳам файласуфлар кўришни инкор этадилар. Улар дейишадики, “кўрсам тўяман, сиқиламан ва бу тўғри эмас” (144 бет) Аллоҳнинг бир иши бошқасига ҳеч ҳам ўҳшамайди. Ҳурсандчиликда бошқача, қўрқувда бошқачаю, йиғида бошқача акс этади. Румий тушида ўзини шоҳ сифатида кўрган, атрофдагилар унга парвона бўлган инсон ҳақида гапириб, у агар ўйғониб кетса, уйда бир ўзини кўришини ҳамда “ Бу менман ва мендан бошқа ҳеч ким йўқ”, - дейишини мисол қилади. Бу – ҳақиқат. Ҳақиқатни кўрмоқ учун эса, бедор кўз керак. Уйқули кўз кўрмайди, - дейди у.
Ҳаёт қонуниятлари ҳақида фикр юритар экан, Румий айтадики, ёмонлик яхшиликдан айрилмайди. Яхшилик шу ёмонликни тарк этмоқдир. Ёмонлик бўлмаса, уни ташламоқ ҳам мумкин эмас. Агар ёмонлик қилиш сабаби бўлсайди, яхшиликдан воз кечиш ҳам бўлмасди. Ноҳуш нарса бўлмагунча, хуш нарсанинг бўлиши имконсиздир. Севилган севилмаганнинг заволи ҳисобланади. Севинч – Кадарнинг барҳам топишидир. Кадар ҳам ўз навбатида севинч билан йўқ бўлади. Оқибатсиз сабаб бўлмаганидек, Румий фикр юритганидек, масалалар аслида бир бутунни ташкил этади. Фақат яхши ёмонни, эзгулик ва ёвузликни, қисқаси қарама-қарши томонларни ажрата билмоқ лозим. Бу билан Румий ривожланишнинг ўзига хос зиддиятлари, қарама-қаршиликларини кўрсатган. Жумладан, инсон учун фақат икки ҳол мавжуддир: ё истайди, ё истамайди. Мутлақо истамасликни васфи эса инсонники эмас. Румийча, агар бундай инсон бўлса, у ўзидан қутулган, йўқ бўлган ва қолмагандир. Бундай бўлмасайди, унда инсонлик васфи яшарди ва албатта, ё истар, ё истамасди (160 бет).
“Инсоннинг ичи – даҳлиз, дунё эса уй,- дейди Румий. Аввал даҳлизга, сўнгра эса уйга кирилади. Даҳлизда кўринган барча нарса уйнинг ичкарисида ҳам мутлақ зоҳирдир... Дунёни уй дедик. Тушунча ва фикрлар шу уйнинг даҳлизлардир. Даҳлиздаги борлиқ уйнинг ичида ҳам мавжуд эканлиги ҳақиқатини билишинг керак. Дунёда пайдо бўлган жамики ҳайрли ва хайрсиз ишлар, аввало даҳлизда юзага чиқади. Чунки, Улуғ Аллоҳ орзу ва истакни инсоннинг ичига қўяди. Булардан эса кўриб турганимиздек олам барпо бўлади (170 бет). Шундай қилиб мавлоно Румий ижтимоий борлиқнинг вужудга келиши, унинг табиий борлиққа муносабати ҳақидаги ўзининг фалсафий фикрларини маҳорат билан кўрсата олган.
Инсоннинг ички оламини теранлик билан ёритар экан, Аллома қўл, оёқ, кўз, қулоқ ва инсоннинг барча туйғулари қалбу ақлдан ўрганиш қобилятига эгалигини таъкидлайди. Ақл ва қалбсиз инсон туйғуларининг ҳеч бири ҳаракатга келмасди. Сенинг жисминг ақлинг ва қалбингга нисбатан қўпол ва қалиндир. Ақл ва қалбинг эса – латиф. Қўпол жисминг латиф бўлганлар (қалб ва ақл) билан қойимдир Унинг тозалиги ва латофати ҳам қалб ва ақлнинг шарофати билан (178 бет). Қалбнинг равшанлиги, уни ғуборлардан ҳоли бўлиши ундаги ақл билан бошқарилади. Фақат ақлни тўғри йўналишга буриб юбормоқ лозим.
Ҳар бир ҳодисанинг моҳияти бўлади. Моҳиятсиз ҳодиса бўлмайди. Ҳар бир саволнинг ҳам жавоби бор. Фақат турлича. Ҳакимнинг қўлни ушлаши савол бўлса, томирнинг уриши жавобдир. Одамнинг юзига боқиш – савол, унинг ранг-рўйи сўзсиз – жавоб. Жавоблар сассиз бўлгани учун саволлар ҳам сассиз бўлиши керак. Уруғ чириб, ҳеч нарса ўсиб чиқмаслик ҳам жавобдир. Чунки, жавоб бермаслик ҳам ўзига хос жавобдир. Румий инсоннинг ҳар бир қилган ҳаракати саволдир ва севинч ёки қайғуси жавоб бўлади,- дейди. Гўзал жавоб учун Аллоҳга шукрона келтириш, ёмон жавоб учун эса, Аллоҳга товба қилиш лозим (181 бет).
Румий инсон зотига ҳос бўлган нафс ва унинг оқибатлари ҳақидаги фикрини давом эттирар экан, бошга келган барча балолар нафсдан, сен уни тузатишинг, тарбия қилишинг керак дейди. “Ҳамма нарса Аллоҳдандир” (Қуръон, 4 сура, 78 оят) дейишса, бунга жавоб сифатида айтамизки: ўз нафсингни айбламоқ ва оламни қутқармоқ ҳам Аллоҳдандир...Яхши ва ёмон сўзингни акси ўзингга, фақат ўзингга қайтади. Булбул сайраса, унинг акс садоси ҳам булбул ноласи бўлади., қарғанинг овози бўлиб келмайди...
Румий одамларни ишққа, меҳр-муҳаббатга чорлади. Қаерда ва қай аҳволда бўлсанг – бўл, фақат дўст ва ошиқ бўлмакка тириш. Муҳаббат сенинг мулкинг эса, ҳох мозорда бўлгин, ҳоҳ қиёмату хоҳ жаннатда, сўнггига қадар дўст бўлурсан. Мадомики, сен буғдой экдинг, муҳаққақки, буғдой битади омборда ҳам, тандирда ҳам (буғдой) бўлади. Мажнун Лайлига мактуб битмоқ бўлди. Қаламини қўлга олиб ёзди: “ҳаёлинг кўзимда, исминг тилимда, ёдинг дилимда. Шундай экан, кимга ва қаерга ёзай. Аҳир сен ўзинг шу ердасанку! У шартта қаламни синдириб, мактубни парча-парча қилди (197 бет).
Изласанг топасан. Аллоҳ сенинг ҳаракатингга қараб беради. Боҳоуддин Нақшбанд “Дил баёру даст бакор”, яъни “ қўлинг меҳнатдаю, дилинг Аллоҳда бўлсин” деган. Тасаввуфнинг муҳим тамойилларидан бири. Дарҳақиқат, қидирмагунингча ҳеч нарса тополмайсан... Инсоннинг талаби тополмаган нарсасини кечаю кундуз изламоққа вақт кечирмоқдир. Инсоннинг талаби ҳали топмаган янги нарсасига кўра бўлади. Топилгандан кейин ҳам истамоқ эса, Ҳақнинг талабидир, дейди Румий. Чунки Улуғ Аллоҳ ҳар нарсани топгандир ва ҳамма нарса унинг қудратида мавжуддир. Инсон ўзлигини англаб, дунёни сиру-синоатларини кашф этар экан, ўзида ҳам чуқур ўзгаришларни ҳис қилади. Дарвоқе, Румийча Улуғ Аллоҳ инсонни ҳар лаҳза янгидан яратади ва унинг ичига янги-янги нарсаларни йўллайди. Уларнинг бири иккинчисига, иккинчиси учинчисига сира ўҳшамайди. Фақат инсон бундан – ўзидан ғофилдир, яъни ўзини танимайди...
Румий айтади: Абу Бакр (р.а)нинг устунлиги, унинг бошқаларга нисбатан кўп номоз ўқигани ёҳуд рўза тутганида эмас, балки унинг Аллоҳга бўлган муҳаббати ва Аллоҳнинг унга бўлган иноятидир. Қиёматда номозни, рўзани, садақани... ҳамма ҳаммасини тарозига қўярлар, фақат муҳаббат тарозига сиғмайди. Англашиладики, асл бўлган нарса – муҳаббат. Одамда муҳаббат пайдо бўлишини сезгани ҳамоноқ, уни қувватлантириши, мустаҳкамлаши учун ҳаракатга келиш керак. Ҳаракат қилсанг фойда ўз-ўзидан келаверади. Фойда кетидан қувиш – нафсни қондиришга қаратилган бўлади. Инсон нафсида шундай нарса борки, у ҳайвонларда йўқдир, дейишади. Аммо, бу инсон улардан ёмон, дегани эмас, деб таъкидлайди Румий, - Инсондаги ёмон феъл-атвор, нафс ва бахтсизлик мавжуд бўлган яширин жавҳарлардир. Фақат феъллар, бахтсизликлар ва ёмонликлар жавҳарнинг пардаларига айланган. Жавҳар қанча гўзал ва буюк бўлса, парда ҳам шунга ярашадир (270 бет).
Юрагида уй қуриш истаги, ишқи бўлмаса, меъморунинг тархини чизмайди. Буғдой бир йил олтин баҳосида, бошқа бир йил тупроқ қийматида сотилиши мумкин. Ҳар икки йилда ҳам унинг сурати ўша – буғдойдир. Бироқ, унинг қадри унга бўлган ишқ (эҳтиёж) туфайли майдонга келмоқда. Ҳудди шундай, сенинг санъатинг ҳам фақат сен учун азиздир. Унга рағбат кўрсатиб уни севиб ўрганувчи (ишқ) топилмагунча, у яна шу ҳолда қолаверади. Румийда шундай, ҳаммаси аниқ, лўнда, маънили, тафаккурли...
Таниқли олим, профессор Н.Комилов Жалолиддин Румийнинг “Ичиндаги ичиндадур” асари ҳақида фикр юритиб, мураккаб сўфёна мулоҳазаларни оддий турмуш тафсилотлари билан тушунтириб беради, интиҳосиз қудратга эга инсон ақлининг, руҳиятининг мўжизаларини ҳайратомуз бир тарзда намойиш этади... У тийрак ва ҳушёр кўз билан дунёга назар солади, инсонни қандай бўлса шундай олиб ўрганади. Инсон қалбини тўридаги нозик, энг инжа, энг яширин сирларини ошкор этади, руҳимиз иқлимларимиздаги ўзимиз сезмаган қонуниятлар, заруриятларни кўрсатиб беради, - дейди. (5—6 бет)
Румийнинг ушбу бебаҳо китоби турли мажлисларда билдирган “ўтлуғ” фикрларидан таркиб топган. Унда инсон ва олам, онг ва борлиқ, инкор ва исбот, ҳаёл ва амал сингари фалсафий тушунчаларнинг асл моҳиятини англайсиз. Ва ҳамма нарса Ўзингизда, ҳамма нарса ўзингиздан эканлигини яна бир бор иймон келтирасиз. Таржимон Улуғбек Ҳамдам ёзганидек, бу асар инсонни фикрлашга, фикр орқали ўзлигини, ўзлиги орқали Ҳақни – Яратганни тушунишга ундайди... Асар аввало сиз ҳақингизда, мен ҳақимда, умуман ҳаммамиз ҳақимизда...
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР (REFERENCES) 1. Jaloliddin Rumiy. Ichingdagi ichingdadir. – Toshkent: O‘zbekiston milliy enskilopediyasi, 2018.
Iqtiboslar dinamikasi
ReLibraryTekshirilgan Metodologiya
Adabiyotlar1 ta adabiyot
- . Jaloliddin Rumiy. Ichingdagi ichingdadir. – Toshkent: O‘zbekiston milliy enskilopediyasi, 2018.
Metama’lumot
- Identifikator
- REL-C-011143
- Nashr sanasi
- 2025-09-02
- Til
- o‘zbek
- Konferensiyalar
- “FARG‘ONA VODIYSI TARIXINING DOLZARB MUAMMOLARI” mavzusidagi xalqaro ilmiy-amaliy anjuman materiallari
- Jild
- 1
- Son
- 2
- DOI
- 10.66073/refocus-conf/117
- Nashriyot
- LLC Ilm-fan va innovatsiyalar akademiyasi
- Sahifa
- 417–427
- Litsenziya
- Ushbu ilmiy ish CC BY 4.0 litsenziyasi asosida ochiq.
- Ko‘rishlar
- 12026-10-11 dan beri o‘lchanmoqda
- Metadata manbasi
- Partner conferences of the International Scientific Journal Research Focus
- Oxirgi yangilanish
- 2026-08-25