OYBEKNING «NAVOIY» ROMANIDA ULUG‘ SHOIR IJTIMOIY-FALSAFIY QARASHLARINING TARIXIY AHAMIYATI
Muhammadjon RakhimovUniversity of Business and Science “Ijtimoiy fanlar” kafedrasi v.b. professori, falsafa fanlari doktori.2025
Konferensiyalar“FARG‘ONA VODIYSI TARIXINING DOLZARB MUAMMOLARI” mavzusidagi xalqaro ilmiy-amaliy anjuman materiallariJild 1Son 2Sahifa 37–37
Annotatsiya
Oybekning tarixiy romani “Navoiy” 1944 yili nashr qilingan. Maskur asar XV asrdagi Movarounnahrning ijtimoiy-siyosiy, madaniy hayotidan olingan. Yozuvchi tarixiy faktlar, solnomalarga asoslanib ulug‘ shoirni o‘z davrining komil insoni sifatida mohorat bilan tasvirlagan.
Boshqa tillarda
ruschaИСТОРИЧЕСКОЕ ЗНАЧЕНИЕ СОЦИАЛЬНЫХ И ФИЛОСОФСКИХ ВЗГЛЯДОВ ВЕЛИКОГО ПОЭТА В РОМАНЕ ОЙБЕКА «НАВОИЙ».
Исторический роман Ойбека «Навои» был опубликован в 1944 году. Знаменитое произведение повествует о социально-политической и культурной жизни Мавераннахра XV века. Основываясь на исторических фактах и летописях, писатель мастерски изобразил великого поэта как образец выдающегося человека своего времени.
inglizchaTHE HISTORICAL SIGNIFICANCE OF THE SOCIAL AND PHILOSOPHICAL VIEWS OF THE GREAT POET IN OYBEK‘S NOVEL "NAVOI"
Oybek‘s historical novel "Navoi" was published in 1944. The famous work is based on the socio-political and cultural life of Transoxiana in the 15th century. Based on historical facts and chronicles, the writer skillfully portrayed the great poet as a perfect man of his time.
Kalit so‘zlar
- Oybek
- Navoiy
- elparvarlik
- kambag‘alparvarlik
- insoniy-gumanistik xislatlar
- tarixiy shaxs
- ijtimoiylashuv
To‘liq matn
Litsenziya: CC BY 4.0litsenziya matni
Matn PDF’dan ajratilgan va qayta formatlangan; asl nusxadan farq qilishi mumkin.
Matndagi telefon raqamlari shaxsiy ma’lumot sifatida yashirilgan.
ОЙБЕКНИНГ «НАВОИЙ» РОМАНИДА УЛУҒ ШОИР ИЖТИМОИЙ-ФАЛСАФИЙ ҚАРАШЛАРИНИНГ ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ.
THE HISTORICAL SIGNIFICANCE OF THE SOCIAL AND PHILOSOPHICAL VIEWS OF THE GREAT POET IN OYBEK'S NOVEL "NAVOI"
ИСТОРИЧЕСКОЕ ЗНАЧЕНИЕ СОЦИАЛЬНЫХ И ФИЛОСОФСКИХ ВЗГЛЯДОВ ВЕЛИКОГО ПОЭТА В РОМАНЕ ОЙБЕКА «НАВОИЙ».
Муҳаммаджон Раҳимов University of Business and Science “Ижтимоий фанлар” кафедраси в.б. профессори, фалсафа фанлари доктори. Тел: [telefon raqami yashirilgan]
Ойбекнинг тарихий романи “Навоий” 1944 йили нашр қилинган. Маскур асар XV асрдаги Мовароуннаҳрнинг ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётидан олинган. Ёзувчи тарихий фактлар, солномаларга асосланиб улуғ шоирни ўз даврининг комил инсони сифатида моҳорат билан тасвирлаган. Адабиётшунос Наим Каримов таъкидлаганидек, Навоий ўз замони ва замондошларидан бир неча асрларга илғорлаб кетган ва уларни келажак сари, адолатли, маърифатли, саодатли замонлар сари етаклаган сиймо. Навоий Ойбек наздида асл, пок, улуғ қалбли инсон. Ёзувчи ғоят маҳорат билан Навоийнинг Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро, Абдураҳмон Жомий каби аллома ўртасидаги мураккаб муносабатлар воқеалари ҳақида фикр юритади. Ойбек асарда кўпроқ Навоийнинг элпарварлик, қамбағалпарварлик ва бошқа инсоний-гуманистик хислатларин кўрсатиб, тарихий шахснинг ижтимоийлашганлигига алоҳида урғу беради.
Алишер Навоий сиймоси ўз даврининг мураккаб ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий зиддиятлари фонида алоҳида ажратиб тасвирланган. Ойбек адолатли Шоҳ образи талқинида шоирнинг орзу умидларини кўрсатар экан, Навоийнинг ҳалқ томонидалиги ва келгуси авлодлар учун ибратли бўлган ижтимоий-фалсафий қарашларини мазкур образ орқали очиб берган. Табиат ва ижтимоий муҳит тасвири сизни тарихий воқеалар оғушига олиб киради ва ўзингизни ўша давр ижтимоий-сиёсий ҳаётида юргандек, асар қаҳрамонларини таъқиб этаётгандек туюласиз. Асарда тарихий шахслар ҳаёти ҳам, тўқима образлар қиёфаси ҳам ишонарли, қизиқарли ва равон тасвирланган.
Навоийнинг ҳурмати таъсир доираси шундай кучли эдики, ҳар қандай қилич кўтарган қўллар ҳам, унинг аралашувида келишувга ўтарди. Шу билан бирга у ўзининг ҳаётини бағишлаган севикли иши-ижоди билан ҳам тинмай шуғулланган. У инсон тафаккуриннинг барча соҳаларидан кенг маълумотга эга бўлган. Тарих, фалсафа, мантиқдан тортиб, мерганлик (тирандозлик) ёки мусиқий билимларни эгаллаган комил инсон эди. Айни пайтда яхшигина расм ҳам чизар эди. У ҳар бир инсоннинг фикр мулоҳазасининг қунт билан эшитган. Унинг одамлар билан сўзлашуви киноя ва пичинглардан ҳоли бўлган. Суҳбатлар ҳар томонлама мазмундор ва мароқли бўларди. Суқротнинг аҳлоққа доир таълимоти, унинг сифатлари, Арастунинг асарлари, “Аносир арба” (Тўрт унсур: сув, ер, ҳаво, олов), Ибн Синонинг тиб илмига доир назариялари, борлиқ ҳақидаги фалсафий фикрлари, фиқҳ масалалари устида жонли тортишувлар, мунозалалар қиларди. Роман қаҳрамони Султонмуроднинг таъсуроти билан айтганда, “Фалсафа ва илмуул мантиқдан бошлаб, то туш таъбири илми мунажжимликка қадар ҳар бобда бағоят муфид (ибратли, қойдали) мунозара бўларди”. Мунозаларда ўша даврнинг ижтимоий қиёфаси – оддий одамларнинг меҳнати, захматкашлиги, қийинчиликлари, яратувчанлиги, ўзбек тилининг бой имкониятлари алоҳида тилга олиниб, унинг тарихи далиллар билан кўрсатилган.
Ойбек Навоий сиймосини тасвирлар экан, унинг ташқи қиёфасини маҳорат билан кўрсата олган: “Навоий ўттиздан ошмаган бўлса ҳам, ёши улуғроқ кўринарди. Қомати ўртадан баланд, ингичка, лекин пишиқ бармоқлари узун ва нафис, қора ва қисқа сақолли, хушбичим мийиқлар текис ва силлиқ, ёноқлари чиқиқроқ, кенггина юзида доимий тафаккурнинг асл маъноси, маънавий қудрат ва енгил, гўзаллаштирувчи бир хорғинлик жилваланади. Қабариқроқ қовоқлари остидаги қийғоч кўзларида гўё тафаккур ва хаёл билан бирга қандайдир ирода кучи ифодаланади.” (Ойбек. Навоий. Тарихий роман, 41-бет).
Навоийнинг сиймосида камтарлик билан баравар, кибрдан, манманликлан ҳоли бўлган чин, улуғвор бир ғурур, қулларининг ҳаракатида, сўзларкан, лабларининг қимирлашида, табассумида, овозида қандайдир майинлик, нозиклик, ингичка оҳанг сезилишини Султонмурод фикру-ҳаёли билан тасвирлайди. Навоийнинг халқпарварлигини кўрсатар экан Ойбек, ижтимоий муаммоларни, вазифаларни ақл ва идрок кўзи билан кўриб, тадбир ва салоҳият билан ҳал қилмоқ кераклигини унинг тилидан баён этади. Ойбек Навоийнинг Аллоҳ борлиғи ҳақидаги қатъий фикрини қуйидигича тасвирлайди: Ягона ҳусн мутлоқ мавжуддир. Қуёшинг нурида, денгизларнин жўшқинида, тоғларнинг муаззам жуссасида ва япроқларининг титрашида унинг жамоли жилвасини кўрамиз. Кўнгилни унинг ишқи, ёди билан тўлдирмоқ керак. Шоир ўз укаси Дарвешали билан ҳаёт фалсафаси ҳақида фикр алмашар экан, дунёда китоб ўқимоқдан, тафаккурдан, шеър айтмоқдан ўзга завқбахш машғулот йўқлини қайта-қайта уқтиради. Навоийнинг ниятиулкан кутубхона барпа этиш ва унда фалсафанинг Суқрот, Афлотун, Арастулари, ҳикмат ва риёзиятнинг Пифогорлари, илм ҳайъатининг Улуғбеклари, шеърнинг Фирдавсий ва Низомий Ганжавийлари ўз соҳаларида осойишта машғулотларда бўлиши эди.
Навоий ижтимоий борлиқ - жамиятни мамлакат ривожи, фаровонлигидаги алоҳида аҳамиятига доимо урғу бериб келарди. Шу жиҳатдан ҳам Навоий давлатни бошқариш илми ҳақида фикр юритганда, адолатли ҳукмдор сифатларини кўрсатиш баробарида, жамият тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи-халқ, камбағал деҳқонлар, косиблар, ҳунармандлар ва ижодкорларнинг ўрнига алоҳида урғу берган. Ойбекона тасвирда Навоий болаликдан дўсти шоҳ ва шоир Ҳусайн Бойқаро билан бемалол суҳбатлашар, улуснинг оғир аҳволи ҳақидаги ҳақиқатларни очиб ташларди. У ҳалқ билан муносабатларда таҳдид эмас, балки, меҳрибонлик даркорлигини айтади, улар билан муомалади қиличга эмас, адл кучига суянмоқни, халқни жабр зулмдан қутқармоқ лозимлигини таъкидлар эди. Ҳусайн Бойқарога қарата шоир: халқ шундай бир дарёйи азимки, у тошса, унинг мавжидан на шоҳнинг қасри, на дарвешнинг кулбаси қолур, у шундай бир ўтки, унинг бир учқуни туташса, на ҳашакни қўёр, на фалакни. Бас, яхшилик қилмоқ керак, элнинг, юртнинг бахти барқарор бўлса, салтанат ҳам бехатар бўлур. Шоирнинг бундай кескир мантиқи олдида подшоҳ ҳам эътирозсиз қоларди.
Ойбек Навоийнинг ижтимоийлашган тарихий маънавий қиёфасини тасвирларкан, уни чинакам сўз сеҳрбози деб атайди. У ҳар қандай ўжар фикрни руҳнинг энг ингичка, энг тутқич бермас жилваларини, юракдаги ҳисларнинг мавжланишларини сўз орқали ажойиб, ёрқин тажассумлантирар, учқунда қуёшларни айлантирар, ишқдан ҳаёт ясар, оддий ҳаётдан эса улуғ, тийран афсоналар тўқир... У мингларча йилги маданиятни, асрларнинг фикр бойлигини қамраган шоир эди. ( қаранг: Ойбек . Навоий. 137 бет, “илм зиё заковат, Тошкент, 2020)
Ойбек Навоийнинг чуқур фалсафий мазмун билан тўлдирилган сўзлари шеърнинг олтин ипига эркин терилишини, мисраларда сўзлар гавҳар каби ёнишини, янги ранглар, янги жилвалар билан порлашини алоҳида кўрсатади. Дарҳақиқат, шоир ўз ота бобоси тилининг содда ва тоза гўзаллигини чуқур сезиб қувонади. “Очмагай эрдинг жамоли олам аро кошки, Солмагай эрдинг бори оламда ғавғо кошки”.
Шоирона ҳаёлга, фалсафий тафаккурга берилган шоир “бир сония тафаккур бир йиллик тоатдан афзаллиги”га иймон келтиради. У ўз она тилининг қудратини, гўзаллигини намойишлантириб, катта достонлар яратмоқни орзу қилади, онг ва тафаккурида фикрлар маржондек терила бошлайди.
Навоий дўсти Ҳусайн Бойқаро саройида амирлик, бош вазирлик каби масъулиятли вазифаларни бажарар экан, эл-улус манфаати йўлида адолатни қарор топтириш учун тинмай ҳаракат қилди. Лекин, у амирлик рутбасидан кўра кўнгил эркинлигига мойилликни кўпроқ хоҳларди. У давлатга, эл-улусга холис кўнгил билан хизмат қилмоқликни орзу қиларди. Одамлар қалбига йўл топмоқликни энг фойда ва афзалини маънавий жабҳада деб билар ва ёзаётганларида буни мустаҳкам асосларини кўрсатиб берарди. Унинг фикрича рутбаларнинг, мансабларнинг пасту баланди йўқ. Эл хизматида ҳамма рутбалар шарафли. Юрт учун ҳатто навкарликни ҳам ифтихор билан бўйнимга олардим, дейди Навоий.
Ойбекнинг таъкидлашича, Навоий беҳисоб кўп ҳикоялар билар эди. Кундалик ҳаёт воқеаларидан ажойиб латифалар, ибратли ҳиқоялар тўқий оларди. Шунингдек, уларни шундай жонли, илиқ айтиб берар эдики, ҳарким зўр мароқ билан тингларди. Навоийнинг фалсафаси оламни тушиниш, уни англаб йетишгина эмас, балки халқона тилда, эл-улусга йетказиб беришдан ҳам иборат эди.
Ойбек Навоийнинг Мавлоно Абдураҳмон Жомий билан ўзаро муносабатларни ажойиб тасвирлаган. Бу икки шоир ёшидаги фарқига қарамай, тарихнинг эгиз фарзандлари бўлишган. Шахсиятлариндаги маънавий кучларнинг бойлиги, уларни узилмас, тебранмас, дўстлик ришталари билан чамбарчас боғланган. Навоий ўз отаси тенги Жомийни дарёйи илми, порлоқ шеърияти, олийжаноб, соф қалби учун ёшликдан ихлос билан севган, устод каби ҳурмат қилган. Навоий Ойбекнинг таъкидлашича Жомий билан тасаввуф фалсафасига доир масалалар устида суҳбатар олиб борган. Айни пайтда Жомий ҳам бу фалсафани энг чуқур билимдонларидангина бўлиб қолмай, балки ўз ҳаётини бу фалсафага мувофиқ қурган йирик файласуф намояндаларидан бири эди. Навоий ва Жомий ўртасидаги суҳбат қай йўсинда бўлишидан қатъий назар унинг бошланиши ва якуни фалсафа билан тугарди. Зеро, ҳар икки буюк шоирнинг ижоди ўқувчини фалсафа бўстонига олиб кирар, ғазаллардаги маъно ва мазмун одамни чуқур фикрлашга, мушоҳада этишга мажбур этарди.
Юнон файласуфи Плутарх ҳеч бир айтилган сўз, айтилмай қолган сўзчалик фойда келтирмаган, деганди. Навоий давлат бошқарувида ҳам олиму-шоирлар, оддий халқ билар бўлган мулоқотларида ҳам сўзнинг ўрни, аҳамияти, маънодорлигига алоҳида эътибор қаратган. Кераксиз сўзларни ишлатмас, ваъдалар ҳам бермасди. Ҳар бир сўзда янги фикр, мантиқ, тафаккур бор эди. У айниқса, Ойбекнинг эътирофича йигитлик ва қарилик ҳақида сўзлашни севар, умрнинг баҳори ва кузи тўғрисидаги ҳикоялари шундай жонли, ёрқин, нодир фикрлар, кўришлар, суратлар билан тўла бўлур эдики, тингловчилар “кети узилмаса экан” -деб ҳаяжонланиб, қулоқ солардилар. Гоҳида “Ҳамса”сидан бир баётни ўқиб берарди.
Соқол оқи ўлимга пешровдир, Тириклик сабзаси узра қировдир.
Шоир ҳақиқатни сўзлар, шунинг учун ҳам ҳақиқий донишманд файласуф эди. Зеро, ҳақиқатга интилиш чин файласуфлик деганди, Афлотун. Навоий Султонмуроддек иқтидорли шогирдлари, муаррих, файласуфлар билан мулоқот қилар экан, табиий ва ижтимоий борлиқни англамоқ учун илм ва ақлга таянишни айтарди. Табиатнинг сирларидан воқиф бўлмоқ учун уни таҳлил этмоқ керак. Зотан, бу нарса ҳеч кимсани Аллоҳдан узоқлаштирмас. Чунки табиатнинг ўзи ҳусни мутлоқнинг бепоён жилвалар кўрсатган улуғ кўзгусидир. У том маънодаги донишмандлик ёлғиз Аллоҳга хос сифат эканлигига иймон келтирар, унинг бандалари эса, донишмандликка интилиши билан кифояланишин чуқур англарди. Шу йўсинда қараганда ҳам комиллик сифати эратганга хослигини, ҳар бир инсон у хоҳ олим, хоҳ фузало, хоҳ шоир ёки оддий одам бўлсин комиллик сари интилишини яхши тушунарди. Ойбек буни Навоий тимсолида чуқур маъноли тарзда тушунтириб берган.
Навоий улуғ ижодкор сифатида унинг юраги қофияларининг жаранги, шукрона фикрнинг нури, илҳомнинг шавқи билан лиммо-лим тўла эди. Ватан, давлат, халқ булар унинг учун муқаддас ҳодисалар эди. Ойбек Навоийнинг шу хислатига алоҳида урғу беради. Дарҳақиқат, шоир буларнинг ишқи, ғами билан яшарди. Шу жиҳатдан ҳам “қон денгизлари, калла миноралари, кўкни тутган олов бўронлари устидан фотиҳларнинг мудҳиш сиймосини кўрар ва жирканар эди. У тарихда ҳаётга кўпроқ ҳаёт қўшувчи, инсон руҳидаги асл ижодкор кучларни гавдалантирувчи, ақл машъали билан тарих йўллари ёритувчи қаҳрамонлар қидирарди.” (411-бет) Алишер Навоий ўзига душманлик назари билан қараганларга ҳам ҳотиржамлик, бағрикенглик билан жавоб берган. Навоийга қарши бўлган Маждиддин ва Тўғонбеклар ҳам шоир олдида боши эгилганлигини Ойбек маҳорат билан кўрсата олган. Тўғонбек Маждиддин билан сўҳбатда ҳаёт йўлини, қилган ишларини ёдлади. Ниҳоят, чуқур афсус ва қайғу бмлан деди: “умримдаги энг катта ҳато Алишер Навоийга душманлигим бўлди. Мен йигирма йилдан ортиқ Алишерга қарши ҳаракат қилдим, не ишлар қилганим сизга маълум, Алишер юраги тоза одам эди.” Тўғри, деди Тўғонбек бошини қуйи солиб, Алишер Навоий тулкиликни билмайди. Юраги обдон соф одам. Балли, деди Маждиддин ҳурсиниб, Унинг қаҳри ҳам раҳми ҳам самимий. Ҳар вақт самимий...” (422 бет) Асарда Навоий образи мураккаб муносабатлар тизимида халқнинг ижтимоий муаммоларини баҳоли қудрат ўз гарданига олган давлат арбоби сифатида ҳам, замоннинг чуқур зиддиятларини теран англаб, уларни ўз дардидек ҳис қилаётган оддий инсон сифатида ҳам гавдалантирилган. Қадимги юнон файласуфи Афлотун, шоир агар у ҳақиқий шоир бўлишни истаса, шунчаки фикр эмас, афсоналар яратмоғи керак, деган эди. Низомиддин Мир Алишер Навоийни ҳудди ана шундай афсоналар яратган буюк ижодкор сифатида талқин қилиши мумкин. Унинг ўзбек тилида яратган шеърий мероси асосан “ Хазойин ул-маоний” девонига жамланган. Асар 4 қисмдан иборат бўлиб, “Болалик ғаройиботлари”, “Йигитлик нодиротлари”, “Ўрта ёш бадиалари” ва “Кексалик фойдалари” деб юритилади. Бу асар Шарқ адабиёти тарихида ноёб ҳодисадир.Ушбу девонда 2600 ғазал, 210 қитъа,133 рубоий, 86 фард, 13 туюқ, 10 муҳаммас ва бошқа қасида маснавийлар бор. Навоий бундан ташқари “Бадиийлик ибтидоси” девонини тузган. Унда 777 ғазал, 85 рубоий, 52 муаммо, 46 қитъа, 53 фард ва бошқалардан таркиб топган. А.Навоий форс тилида ҳам 12 минг мисрадан иборат шеър, муаммо жанри ҳақида туркум асарлар яратган. Жомий “Баҳористон” асарида шогирди Навоий ҳақида жумладан шундай дейди: “...туркий тилда ҳеч ким Навоийдек кўп ва ҳўп шеър айтмаган эди. Ойбек Навоийнинг ижод жараёнини тасвирлар экан, шундай ёзади: “Қалам эркин ва дадил юрди. Фарҳоднинг қояларни ўпирган афсонавий тешаси каби, шоир фикр тошларини яҳлит кесиб мисраларга жойлаб-қалаб кетди. Тасвирда Ойбек Шоирнинг фалсафий мушоҳадаси кенглиги, мантиқли сўзлар гавҳарини териб ёзишини маҳорат ила тасвирлайди.
Навоий яратган афсоналардан яна бири туркий тилда тўлиқ “Хамса” ни яратгани бўлди. Бундай беш достон яратган шоирлар бармоқ билан саноқли бўлган. Навоий ўз “Хамса” сини жудаям қисқа вақтда 1483-1485 йилларда ёзиб тугатган. 52 минг мисрадан иборат бу бешлик (“Ҳайрат ул-Аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабаиъ Сайёр”, “Садди Искандарий”) ХУ аср ислом тафакурининг борлиқ ва табиат, инсон ва жамият, аҳлоқ ва камолат ҳақидаги ўзига ҳос йирик тарихий асари эди. Шуниси диққатга сазоворки, Алишер Навоий “Хамса” достонларида Арастунинг фалсафий қарашларига кенг ўрин ажратган. Навоий “Садди Искандарий”да Арасту ҳақида ёзади: “Машриқ ва Мағриб мамлакатлари Фотиҳи Искандар устози Арастудан сўради: - Эй, тафаккуринг билан осмону фалакни лол қолдирган донишманд! Манзилга қайси йўл яқинроқ? Ва у манзилга қайси йўл билан бориш маъқулроқ? Устози аввал Арасту подшоҳи оламга бундай жавоб берди: -Агар одамнинг давлати кўп бўлса, элу-юртга ҳайру-саҳоват қилиш имконияти ҳам кўпроқдир. Бадавлат одамнинг саҳоватидан кўпчилик умидвордир. Кимки савоб ишларни кўпроқ қилган бўлса, унинг Ҳақ висолига етиш умиди кўпроқдир(Қаранг; Арасту Аҳлоқи кабир. “Янги аср авлоди”.2024, 13 бет). Навоий Арастунинг фикрларини ривожлантириб, агар Шоҳ иймон-эътиқодли бўлса, халқ ҳам ислом динига амал қилувчидир дейди ва у Арастунинг фикрини келтиради. “Донишмандлар Шоҳни улуғ, сермавж дарёга, аҳолиси ва яқинларини эса дарё атрофидаги анҳорларга ўҳшатадилар. (“Маҳбуб ул-қулуб”, саҳ.22) Арастунинг доно маслаҳатларига амал қилган Искандар Адолат билан жаҳонни фатҳ этди. Навоий Искандарни ана шундай тасвирлайди. Ойбекнинг тасвирлашича, Навоий тақдирнинг ранг-баранг жилваларини кўрди. Нашъасини ҳам, қайғусини ҳам айни донишмандона тур ва қараш билан кечирди:
Гаҳи топдим фалакдин нотавонлиғ, Гаҳи кўрдим замондин камронлиғ. Баси иссиғ, совуқ кўрдим замонда Баси аччиқ, чучук тотдим жаҳонда.
“Ҳамса” ва “Чордевон” яратиш баробарида Улуғ форс шоирлари каби, шеърнинг ҳамма шаклларида қалам тебратди. Шеърнинг “Туркий соз”нинг садолари билан ўз тилининг қудратини, ҳуснини, бойлигини исбот қилди. Она тилининг ғалабаси, унинг суйган халқининг, тарихининг ғалабаси эди. Ойбек домла маҳорат билан тасвирлаганидек, чексизликда муаззам оҳанг билан оққан юлдузларнинг нафаси, боғчадаги дарахтларнинг шитирлаши, ярим кечада ип йигирган жафокаш кампир чарҳининг ғув-ғуви, узоқда карвон тевалари қўнғиротининг вазмин оҳанги – барчаси шоирнинг кўнглига бир хилда яқин, таниш, маънодор туюлар, барчасини у чуқур севарди...(499 бет).Шоир тириклиги давридаёқ ижтимоийлашиб, элу-юртнинг чуқур муҳаббатига сазовор бўлганди.
Ойбек Навоийдек буюк инсон ҳақида йирик тарихий асар ёзар экан, шубҳасиз, шоир яшаган даврнинг ижтимоий-сиёсий вазиятини, ўша давр жамиятининг урф-одатлари, маросимлари, урф-одатларини, хулқ-атворини, инсонлар ўртасидаги муносабатлар ва алоқалар шаклини, ХУ аср одамларининг фикрлаш, тафаккур жараёнларини чуқур ўрганган. Навоийнинг ижтимоий-фалсафий қарашлари тарихий аҳамияти асарда унинг давлат ва жамият арбоби сифатидаги фаолияти тизимида ҳам, ёзган асарларини таҳлили фонида ҳам, устоз ва шогирдлари билан бўлган муносабатлари, сўҳбатлари асносида ҳам кўрсатиб бера олган. Шуни назарда тутмоқ лозимки, Ойбекнинг ўзи ҳам мураккаб замонда, коммунистик идеология ҳукмронлиги даврида яшади ва ижод қилди. “Навоий” асари материалларини тўплаш жараёнлари репрессиялар вақтига тўғри келганлигини ҳам унутмаслик керак.”жадид” лар қисувга олинган, ўзбек халқининг А.Қодирий, Усмон Носир, Чўлпон, Фитрат каби истеъдод намоёндалари қатағон қилинган бир мураккаб вазиятда Навоий шаҳсини, ўзбек тилини улуғлаб кўрсатиш осон кечмаган. Шундай бўлсада, Ойбек 1937 йилиёқ Москвада “Навоий” достонини ёзиб тугаллади. Ва бу достон Навоий ҳақидаги романни ёзилишига асосий манбаалардан бири бўлиб хизмат қилди. Навоий ўз даврининг буюк донишманди бўлибгина қолмасдан, беш асрдан ҳам кўпроқ вақтдан бери барча даврларнинг доно, зукко, комил инсони сифатида одамлар қалбида доимий яшаб келмоқда. Донолик ҳамма нарсанинг ибтидоси ва буюк эзгуликдир. Шу боис, у ҳатто фалсафадан ҳам қимматлироқ, деган эди юнон файласуфи Эпикур. У ўзига бино қўймасдан, ҳамиша доно ва ақл-заковатли бўлишга интилган. Дарҳақиқат, донишмандгина шеъриятни чуқур тушуна олади ва унга объектив тўғри баҳо бера олади. Алишер Навоий асрларининг барчаси ўзининг ижтимоий-фалсафий мазмуни билан халққа яқин ва асрлардан асрларга ноёб ҳодиса сифатида ўтиб бормоқда.Унинг барча замонлар олимлари, ижодкорлари учун намуна бўладиган шаҳсий фаолияти эса битмас-туганмас маънавий-тарбиявий аҳамиятга эгадир. Ойбек “Навоий” тарихий романини ёзиш билан буюк шоиргагина эмас, балки ўзига ҳам боқий ҳайкал қўйиб кетди. Дарҳақиқат, академик ижодкор Ойбек Мусо Тошмуҳаммад ўғли ҳам ўз замонасинингн файласуф -донишманд инсонларидан бири эди. Унинг адабиёт тарихидаги хизмати эса ҳеч қачон унутилмайди.
FOYDALANILGAN MANBA VA ADABIYOTLAR RO‘YXATI (REFERENCES) 1. Oybek. Navoiy. Toshkent: Sharq, 2004.
Iqtiboslar dinamikasi
ReLibraryTekshirilgan Metodologiya
Adabiyotlar1 ta adabiyot
- Oybek. Navoiy. Toshkent: Sharq, 2004.
Metama’lumot
- Identifikator
- REL-C-011137
- Nashr sanasi
- 2025-09-08
- Til
- o‘zbek
- Konferensiyalar
- “FARG‘ONA VODIYSI TARIXINING DOLZARB MUAMMOLARI” mavzusidagi xalqaro ilmiy-amaliy anjuman materiallari
- Jild
- 1
- Son
- 2
- DOI
- 10.66073/refocus-conf/111
- Nashriyot
- LLC Ilm-fan va innovatsiyalar akademiyasi
- Sahifa
- 37–37
- Litsenziya
- Ushbu ilmiy ish CC BY 4.0 litsenziyasi asosida ochiq.
- Ko‘rishlar
- 12026-10-11 dan beri o‘lchanmoqda
- Metadata manbasi
- Partner conferences of the International Scientific Journal Research Focus
- Oxirgi yangilanish
- 2026-08-25