FARG‘ONA VODIYSI VILOYATLARIDA OZIQ-OVQAT XAVFSIZLIGINI TA‘MINLASH MASALALARI
Abdujabbar Nurmatov NematjonovichNamangan davlat texnika universiteti dotsenti, tarix fanlari bo‘yicha falsafa doktori (PhD).2025
Konferensiyalar“FARG‘ONA VODIYSI TARIXINING DOLZARB MUAMMOLARI” mavzusidagi xalqaro ilmiy-amaliy anjuman materiallariJild 1Son 2Sahifa 311–318
Annotatsiya
Mazkur maqolada bugungi kunda dunyo miqyosida tobora global muammolardan biriga aylanib borayotgan oziq-ovqat xavfsizligini taminlash masalalari. Farg‘ona vodiysi viloyatlarida oziq-ovqat xavfsizligini ta‘minlash borasida olib borilayotgan islohotlar jarayoni tahlil qilingan.
Boshqa tillarda
ruschaПРОБЛЕМЫ ПРОДОВОЛЬСТВЕННОЙ БЕЗОПАСНОСТИ В ФЕРГАНСКОЙ ДОЛИНЕ
В статье рассматриваются вопросы обеспечения безопасности пищевых продуктов, которые все чаще становятся одной из глобальных проблем в современном мире. Анализируется процесс реформ по обеспечению продовольственной безопасности в регионах Ферганской долины.
inglizchaFOOD SECURITY PROBLEMS IN THE FERGANA VALLEY
The article examines the issues of ensuring food safety, which are increasingly becoming one of the global problems in the modern world. The process of reforms to ensure food security in the regions of the Fergana Valley is analyzed
Kalit so‘zlar
- oziq-ovqat xavfsizligi
- qishloq xo‘jaligi
- demografiya
- islohot
- intensiv
- aholi
- resurs
- ishlab chiqarish
- hamkorlik
To‘liq matn
Litsenziya: CC BY 4.0litsenziya matni
Matn PDF’dan ajratilgan va qayta formatlangan; asl nusxadan farq qilishi mumkin.
Matndagi telefon raqamlari shaxsiy ma’lumot sifatida yashirilgan.
ФАРҒОНА ВОДИЙСИ ВИЛОЯТАРИДА ОЗИҚ - ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ МАСАЛАЛАРИ
FOOD SECURITY PROBLEMS IN THE FERGANA VALLEY
ПРОБЛЕМЫ ПРОДОВОЛЬСТВЕННОЙ БЕЗОПАСНОСТИ В ФЕРГАНСКОЙ ДОЛИНЕ
Абдужаббор Нурматов Неъматжонович Наманган давлат техника университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD). e-mail: abdujabbor.nurmatov@mail.ru Тел: [telefon raqami yashirilgan]
Annotatsiya Мазкур мақолада бугунги кунда дунё миқёсида тобора глобал муаммолардан бирига айланиб бораётган озиқ-овқат хавфсизлигини таминлаш масалалари. Фарғона водийси вилоятларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни таҳлил қилинган. Annotation The article examines the issues of ensuring food safety, which are increasingly becoming one of the global problems in the modern world. The process of reforms to ensure food security in the regions of the Fergana Valley is analyzed Аннотация В статье рассматриваются вопросы обеспечения безопасности пищевых продуктов, которые все чаще становятся одной из глобальных проблем в современном мире. Анализируется процесс реформ по обеспечению продовольственной безопасности в регионах Ферганской долины. Kalit so‘zlar озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги, демография, ислоҳот, интенсив, аҳоли, ресурс, ишлаб чиқариш, ҳамкорлик. Keywords food safety, agriculture, demography, reform, intensive, population, resource, production, cooperation Ключевые слова безопасности пищевых продуктов, сельское хозяйство, демография, реформа, интенсивный, население, ресурс, производство, сотрудничество.
Инсоният тарихида озиқ-овқат муаммоси турли сабабларга кўра дунё миқёсида ўзининг долзарблигини йўқотмай келган ва келмоқда. Аҳоли сонининг муттасил равишда ортиб бориши, иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги, табиий офатлар, урбанизация жараёнлари, экологик, иқтисодий танглик каби омиллар озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йилдан-йилга қийинлашиб боришига ҳамда инсонларни барқарор, сифатли, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масаласини тобора долзарб муаммолардан бирига айлантирмоқда. Бу, айниқса, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун етарли шароит ва имкониятларга эга бўлмаган давлатларда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръатлари аҳоли сонининг ўсишидан орқада қолишига ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминланишдаги кийинчиликларни юзага келтирмоқда. БМТнинг “Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти” (ФАО) томонидан қабул қилинган тушунчага кўра “барча одамлар ўз озиқланиш эҳтиёжлари ва шахсий хоҳишларига кўра ҳамда фаол ва соғлом ҳаётини таъминлаш учун етарли меъёрда хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқат маҳсулотларига эга бўлиши учун жисмонан, иқтисодий ва ижтимоий имкониятларга эгалиги – озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланди демакдир”[1, 2].
Озиқ-овқат хавфсизлигининг тўртта таркибий қисмлари мавжуд: - озиқ-овқат маҳсулотларининг мавжудлиги; - озиқ-овқатга эга бўла олиш; - фойдаланиш; - барқарорлик.
Бундан кўриш мумкинки, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини таъминлашда озиқ-овқат хавфсизлигининг таркибий қисмлари доимий тарзда бир-бирига мутаносиблигини таъминлаб боришини тақозо этади. Чунки, давлат томонидан аҳоли эҳтиёжлари даражасида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарган ҳолда, амалда иқтисодий томондан аҳоли физиологик меъёрлар даражасида озиқ-овқат маҳсулотларини харид қила олиши учун етарли иқтисодий (ойлик маош, нафақа...) имкониятлар яратиб берилмаса ёки жисмоний ва иқтисодий томонлари таъминланган ҳолда маҳсулот етиштириш, ишлаб чиқариш, сотиш ҳамда импорт жараёнларига етарли даражада назорат ўрнатилмаса, сифатсиз маҳсулотлар кўпайишига ва бунинг оқибатида инсонлар орасида турли касалликлар келиб чиқишига олиб келади. Шунинг учун ҳам ушбу масала дунё миқёсида глобал аҳамиятга эга эканлигини инобатга олган ҳолда 7 июнни “Бутунжаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги куни” деб эълон қилинган[2]. Бундан кўзланган асосий мақсад истеъмолчилар саломатлиги ва озиқ-овқат савдосида халқаро миқёсда ҳалолликни таъминлаш ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ва ФАО ташкилотлари томонидан давлатларга озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда амалий ёрдам беришни янада кучайтиришдан иборатдир.
Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда аввало ички имкониятларнинг ўрни муҳим. Лекин, аҳоли сонининг йилдан-йилга муттасил равишда кўпайиб бориши, янги уй-жойларга бўлган аҳоли талабини қишлоқ ҳўжалиги экин майдонлари ҳисобига амалга оширилишига олиб келади. Бу эса қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ҳажмига таъсир этмасдан қолмайди. Масалан, Ўзбекистонда ўртача киши бошига суғориладиган қишлоқ хўжалик ер майдонлари 1990 йилда 0,20 гектарни, 2010 йилда 0,15 гектарни ташкил этган бўлса, 2030 йилга бориб мавжуд ер майдонлари камаймаган тақдирда ҳам аҳоли сони ортиши ҳисобига 0,12 гектар ер майдони тўғри келиши кутилмоқда[3, 102]. Бу ҳолат айниқса, аҳоли зич жойлашган Фарғона водийсида тобора қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг қийинлашиб боришига олиб келади.
Хусусан, Фарғона водийси 2025 йил ҳолатига кўра республика умумий аҳолисининг 28,6 %ини[4] ташкил этган ҳолда, аҳоли зичлиги республика бўйича ўртача бир кв. км.га 83,6 киши, Андижон вилоятида бир кв. км.га 804,9 киши, Наманган вилоятида 420,9 киши, Фарғона вилоятида 613,1 киши тўғри келган[5]. Бундай демографик хусусиятга эга ҳудудда мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда ерлардан фойдаланишнинг янада самарали усул ва услубларини кенг қўллашни ҳамда ушбу соҳада изчил ислоҳотлар олиб боришни тақозо этади.
Фарғона водийси вилоятларида ҳам мустақиллик йилларида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга эътибор қаратилди. Пахта экин майдонлари қисқартирилиб халқ истеъмоли учун зарур бўлган ғалла, картошка, сабзавот, полиз, озуқа ва бошқа экин майдонлари кенгайтирилди. Республика миқёсида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш мақсадида зарар кўриб ишлаётган ҳамда самараси паст жамоа жўжаликлари тугатилиб, уларнинг ўрнида фермер хўжаликлари ташкил этилди. Бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида олиб борилган ислоҳотлар натижасида хўжаликларда мулкка бўлган муносабат тубдан ўзгариб меҳнат унумдорлиги жамоа хўжаликларига қараганда ўсишга эришилди.
Маҳсулотлар ҳажмини ошириш мақсадида ҳосилдор уруғ навларини экиш йўлга қўйилди. Ғалла ҳосилини кўпайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 25 декабрдаги Қарорига асосан Андижон вилоятда дон уруғчилигига асос солиниб, бўшоқли дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти, уруғчилик бошқармаси ташкил этилди[6, 418]. Россиянинг Краснадор ўлкасидаги Лукяненко номли қишлоқ хўжалиги илмий тадқиқот институти билан ҳамкорлик ўрнатилиб, у ердан буғдойнинг серҳосил ва касалликларга чидамли навлари келтирилиб маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилиб уларнинг энг истиқболли навлари дастлаб Андижонда, сўнг республиканинг бошқа вилоятларида экила бошлади. Бу борада олиб борилган ишлар натижасида Ўзбекистон ғалла мустақиллигини таъминлашга эришди.
Шунингдек, бошқа турдаги деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми ҳам оширилди. Масалан, Андижон вилоятида картошка етиштириш 1991 йилда 18,5 минг тонна, 2000 йилда 64,6 минг тонна, 2019 йилда 365,7 минг тоннага етказилди[7]. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида Фарғона водийси вилоятларида кўплаб лойиҳалар татбиқ этилди. Наманган вилоятида 2015 – 2017 йиллар давомида 393 та қорамолчилик, 95 та паррандачилик, 125 та балиқчилик, 149 та асаларичилик хўжаликлари, 92 та иссиқхоналар, 187 та фермер хўжаликлари томонидан интенсив боғлар, боғдорчилик, узумчиликка ихтисослашган янги хўжаликлар ташкил этилди[8]. Шунингдек, вилоятларда кам ҳосилли ерлардан самарали фойдаланиш мақсадида интенсив боғлар ташкил этиш кенг йўлга қўйилди.
Балиқчиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаритилиши ушбу соҳада фаолият олиб борувчи субъектлар сони ҳамда ички бозорларда балиқ маҳсулотлари ҳажми ортиб борди. Жумладан, Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида “Фарғонабалиқсаноат” МЧЖ раҳбари Боҳодир Тешабоев интенсив усулда балиқ боқишни йўлга қўйди[9]. Балиқларнинг озуқа таъминотини маҳаллийлаштириш мақсадида соатига 4-8 тоннагача интенсив усулда ем тайёрловчи кичик корхона ташкил этилди. Қўқон механика заводида паррандачилик, балиқчилик ҳамда чорвачилик тармоқлари учун замонавий технологиялар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди[10]. Бу эса ушбу соҳа маҳсулотини маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожланишидаги амалий ишлардан бир бўлди.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ташқи ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳимдир. Ўзбекистон бу борада бир қатор давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан кенг қамровли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди. Жумладан, 2001 йил 2 ноябрда Ўзбекистон БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотига (ФАО) аъзо бўлди[11, 47]. Ўтган давр мобайнида ушбу ташкилот билан ҳамкорликда бир қатор миллий ва минтақавий аҳамиятга молик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиб, ҳамкорлик алоқалари ривожлантириб борилди. 2014 йилнинг 5–6 июнь кунлари Ўзбекистон ташаббуси билан Тошкентда “Ўзбекистонда Озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди. 2014 йил 28 августда ФАОнинг “Ўзбекистон учун ФАО доиравий ҳамкорлик дастури” имзоланди[12, 65]. Тошкентда ФАОнинг расмий ваколатхонаси ташкил этилди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиши орқали хорижий давлатларнинг озиқ-овқат таъминотига қўшаётган муносиб ҳиссаси халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф эътилиб, 2015 йилда Ўзбекистонни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда эришган ютуқлар учун бериладиган мукофот МРМ (Мингйиллик ривожланиш мақсадлари)га эришган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилиши ҳам юртимизни халқаро миқёсдаги обрўсини янада юксалтиришга ҳамда ташкилот билан ҳамкорлик алоқаларини тобора мустаҳкамланиб боришга замин яратди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мустақилликнинг дастлабки йилларида аҳолисининг катта қисми қишлоқларда яшайдиган республика аҳолисининг моддий асосини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган томорқа ер мойдонлари минглаб аҳоли бандлиги ва даромадларини таъминлашдаги амалий тадбирлардан бири бўлган эди. Гарчи, дастлабки йилларда кичик ер майдонлари қишлоқ аҳолисининг моддий фаровонлигини сезиларли даражада ошириб юбормаган бўлсада, қишлоқ аҳолиси учун маълум даражадаги иқтисодий тиргак бўлиб хизмат қилган ҳолда уни ривожлантиришнинг ижобий аҳамиятини амалда маълум даражада кўрсатиб берган эди. Аммо кейинги йиллардаги ислоҳотлар давомида томорқа ер майдонларини ривожлантириш ва бу орқали қишлоқ аҳолиси моддий асоси ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилувчи бундай жиҳатлар ҳамда улар фаолиятни қўллаб-қувватлаш ишларига етарли эътибор қаратилмади. Бу эса қишлоқ аҳолиси моддий таъминоти ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсир кўрсатди.
Бу борадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, томорқа ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида 2017 йилдан бошланган ислоҳотлар давомида ҳукумат томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, имтиёзли кредитлар ва амалий ёрдамлар кўрсатиш кенг йўлга қўйилди. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Шунингдек, ҳудудларда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ аҳолиси бандлиги ва даромадларини ошириш, томорқа хизмати корхоналари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фаолиятини янада кенгайтириш, аҳоли хонадонларини томорқа ишларига қамраб олиш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт даражасини ошириш, аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб бериш бўйича “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолияти йўлга қўйилиши ишлаб чиқариш самарадорлиги ҳамда қишлоқ аҳолиси бандлиги ва даромадларини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлардан бири бўлди.
Ўзбекистон, хусусан, Фарғона водийси қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини етиштириш учун қулай шароитга эга эканлиги билан ажралиб туради. Масалан, мамлакатимиз селекционерлари томонидан сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг 170 дан ортиқ нави, мева ва резавор экинлар ҳамда узумнинг 175 та янги нави яратилган[13]. Лекин, бу борадаги ютуқларга қарамай, Ўзбекистон картошка импортини ташкил этувчи мамлакатлар қаторига киради. Шунинг учун ҳам кейинги йиллар давомида бу борадаги муаммоларни бартараф этиш борасида ишлар олиб борилди. Жумладан, Европа Иттифоқи томонидан лойиҳалаштирилган “Ўзбекистон қишлоқ жойларини барқарор ривожлантириш” дастурининг ижроси айнан шу каби муаммоларни бартараф этишга қаратилди. Лойиҳа доирасида 2018 йилнинг февраль ойида Франциядан 7 навдаги 19,5 тонна картошка уруғи келтирилиб, Андижон вилоятидаги фермер хўжаликларида синов тариқасида парваришланди. Ҳосилдорлик Франциядагига нисбатан юқори натижани ташкил этиб, йилига 2 марта ҳосил олишга эришилди.
Сўнгги йилларда олиб борилган изланишлар натижасида, Наманган вилоятининг Чуст туманида аэропоника усулида уруғлик картошка етиштиришнинг янги усули амалда жорий этилиши катта ижобий аҳамиятга эга бўлди. Мамалакат раҳбари Ш. Мирзиёевнинг 2018 йил 2 майда Наманган вилоятига ташрифи чоғида аэропоника усулида картошка уруғи етиштириш тажрибаси билан танишиб, ушбу усул истиқболли эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди[14]. Чунки, бу усул орқали анъанавий усулга нисбатан 6 баробар юқори ҳосил олиш мумкин. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари томонидан ушбу тажриба асосида Наманган вилоятида картошка уруғчилигини ривожлантиришга доир махсус қарор ишлаб чиқиш ва бутун республикага ҳосилдор уруғ етказиб бериш бўйича тегишли вазифалар берилди. Ушбу лойиҳанинг ривожлантирилиши мамлакатга хорижий давлатлардан катта сарф-харажатлар эвазига истеъмол ва уруғлик картошка олиб келинишини қисқартиришга ва бу каби ютуқлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Фарғона водийсидаги демографик омиллардан келиб чиққан ҳолда, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш даражаси ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш мақсадида Республика Президентининг 2019 йил 19 июлдаги “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида” “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори[15] қабул қилинди. Қарорга асосан Фарғона водийси вилоятларида қишлоқ хўжалиги соҳасида иқтисодий тизимни янада чуқур ислоҳ қилиш, маҳсулот ишлаб чиқаришни ошириш, қишлоқ тадбиркорлиги ва оилавий бизнесни ривожлантириш мақсадида Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкидан, 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, 20 йил муддатга 200 млн. АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилди. Бу эса ушбу вилоятлардаги ишлаб чиқариш ҳамда аҳолини иш билан таъминлашда ижобий аҳамиятга эга бўлди.
Ҳудудларда кластер ва кооперация тизимини кенг жорий қилиш, иқтисодий самарадорлиги ўта паст, яроқсиз ҳолга келиб қолган боғ ва токзорлар ўрнида янги интесив боғларни ташкил этиш, оилавий тадбиркорликни кенгайтиришга эътибор қаратилди. Масалан, Андижон вилоятида 2019 йилда 3 минг 361 гектар боғлар, 336 гектар токзорлар яроқсиз ҳолга келиб қолгани, бир қатор боғдорчилик фермер ҳўжаликлари фаолияти талаб даражасида олиб борилмаётганлиги аниқланган[16].
Қишлоқ аҳолиси моддий фаровонлигини ошириш, уларни иш билан таъминлаш мақсадида вақтинча фойдаланилмаётган ерлар ўзлаштирилиб, кам таъминланган оилаларга ажратиб берилди. Аҳоли бандлиги ва ресурслардан самарали фойдаланиш мақсадида кооперативлар ташкил этилди. Жумладан, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 31 та кооператив ташкил этилиб, 1 минг 600 нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланди[17]. Оилавий тадбиркорликнинг ривожлантирилиши ҳудудларда кичик томорқалардан юқори ҳосил ва даромадларини ошишига олиб келди. Хусусан, Фарғона водийсининг кўплаб ҳудудларида аксарият томорқаларда йилига 2–3 марта ҳосил олишга ва битта оила 8–10 сотихли экин майдонидан ўртача 50–60 млн. сўмдан 100 млн. сўмгача даромад олинишига эришилди[18].
Қишлоқ хўжалигидаги мавжуд муаммолардан бири бу – сув ресурсларидан самарали фойдаланиш даражасининг пастлигидир. Республикада йиллар давомида анъанавий усуллардан фойдаланиб келинди. Бу усулда сарфланётган сув сарфи анча юқори бўлиб, кўплаб давлатларда суғориладиган ерларнинг аксарият қисми томчилатиб суғориш усулидан фойдаланилади. Ўзбекистонда 2019 йил ҳолатига кўра суғориладиган ерларнинг атиги 1,7 фоизида томчилатиб суғориш усули жорий этилган, холос[19]. Томчилатиб суғориш анъанавий усулга қараганда анча фойдали ва сув сарфини кескин камайтиради. Масалан, анъанавий усулда гектарига 12 ва ундан ортиқ минг куб метрдан сув сарф қилинса, томчилатиб суғориш усулида эса гектарига 3800–4000 куб метр сув сарфланади[20]. Ривожланган давлатларда 1 метр куб сув билан 4–6 АҚШ долларлик маҳсулот етиштирилаётган бўлса, республикамизда бу кўрсаткич 0,15 АҚШ долларини ташкил этган[21]. Ўзбекистонда, хусусан Фарғона водийсида, озиқ-овқат хавфсизлини таъминлаш борасида олиб борилган ишлар таҳлили шуни кўрсатдики, ўтган давр мобайнида олиб борилган ислоҳотлар натижасида, кўплаб турдаги импорт маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳамда экспорт даражасига эришилди.
Iqtiboslar dinamikasi
ReLibraryTekshirilgan Metodologiya
Adabiyotlar22 ta adabiyot
- Исаджанов А., Кенжабоева Р. Озиқ-овқат хавфсизлиги: замонавий тенденциялар ва миллий устуворликлар // Иқтисодиёт ва инновацион технологиялар. 2015. – №1. – Б. 2.
- БМТ Бош ассамблеясининг 2018 йил 20 декабрдаги 73/250 резалютцияси билан 7 июнни “Бутунжаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги куни” деб эълон қилинган (https://undocs.org/ru/A/RES/73/250).
- ЎзР ПАА ФВБ. 2048-фонд, 30-рўйхат, 38-йиғма жилд, 102-варақ.
- ЎзР Давлат статистика қўмитаси расмий сайти маълумотлари: https://api.siat.stat.uz/media/uploads/sdmx/sdmx_data_246.pdf
- ЎзР Давлат статистика қўмитаси расмий сайти маълумотлари: https://api.siat.stat.uz/media/uploads/sdmx/sdmx_data_236.pdf
- Шамсутдинов Р., Исҳоқов А. Андижон тарихидан лавҳалар. – Тошкент: Шарқ, 2013. – Б. 418.
- Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2019 йил 15 ноябрдаги № 01/2-02-17/2-350-сонли ҳамда 2020 йил 12 февралдаги 01/2-02-17/2-44-сонли маълумоти.
- http://namangan.uz/uz/2016-05-01-11-01-19/iqtisodiy-ko-rsatkichlar?id=64; http://namangan.uz/uz/?option=com_content&view=article&id=407; http://namangan.uz/uz/?option=com_content&view=article&id=800
- Балиқчиликда янги тажриба // Фарғона ҳақиқати. 2018 йил 7 февраль.
- Қишлоқ хўжалигига замонавий технологиялар // Фарғона ҳақиқати. 2018 йил 21 апрель.
- 70 лет ФОА (1945-2015). 2015. – С. 47.
- Қаранг: Халқ сўзи. 2014 йил 7 июнь
- Абдимўминов О. Ўзбекистоннинг БМТ ихтисослашган муассасалари ва дастурлари фаолиятидаги иштироки // Ижтимоий фикр инсон ҳуқуқлари. - №1. 2018. - Б. 65.
- Халқ сўзи. 2014 йил 7 июнь.
- https://president.uz/uz/lists/view/1689 (02.05.2018).
- https://lex.uz/docs/4430287
- http://xs.uz/uzkr/post/andizhonda-3-ming-361-gektar-boglar-336-gektar-tokzorlar-yaroqsiz-deb-topildi (21.01.2020)
- https://uza.uz/oz/politics/ozi-ov-at-khavfsizligini-taminlash-tomor-achilikni-rivozhlan-08-04-2020 (08.04.2020)
- https://uza.uz/oz/politics/ozi-ov-at-khavfsizligini-taminlash-tomor-achilikni-rivozhlan-08-04-2020 (08.04.2020)
- Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси. http://lex.uz/pdfs/4567334
- Орол дарди ва сабоқлари // Халқ сўзи. 2019 йил 6 февраль.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони материалларидан олинган. http://lex.uz/docs/4378526
Metama’lumot
- Identifikator
- REL-C-011128
- Nashr sanasi
- 2025-09-02
- Til
- o‘zbek
- Konferensiyalar
- “FARG‘ONA VODIYSI TARIXINING DOLZARB MUAMMOLARI” mavzusidagi xalqaro ilmiy-amaliy anjuman materiallari
- Jild
- 1
- Son
- 2
- DOI
- 10.66073/refocus-conf/99
- Nashriyot
- LLC Ilm-fan va innovatsiyalar akademiyasi
- Sahifa
- 311–318
- Litsenziya
- Ushbu ilmiy ish CC BY 4.0 litsenziyasi asosida ochiq.
- Ko‘rishlar
- 22026-10-11 dan beri o‘lchanmoqda
- Metadata manbasi
- Partner conferences of the International Scientific Journal Research Focus
- Oxirgi yangilanish
- 2026-08-25