Asosiy mazmunga o‘tish

QO‘QON XONLIGI SIYOSIY HAYOTIDA TOG‘LI TOJIKLARNING O‘RNI (Muhammad Hakimxonning “Muntaxab at-tavorix” asari ma‘lumotlari asosida)

Abdukarimov Jamoliddin AhmadalievichAkademik B. G‘afurov nomli Xo‘jand davlat universiteti tojik xalqi tarixi kafedrasi dotsenti2025

Konferensiyalar“FARG‘ONA VODIYSI TARIXINING DOLZARB MUAMMOLARI” mavzusidagi xalqaro ilmiy-amaliy anjuman materiallariJild 1Son 1Sahifa 248–253

Annotatsiya

Mazkur maqolada so‘z Qo‘qon xonligining XIX asr birinchi yarmidagi siyosiy va‘iyati va unda tog‘li tojiklarning o‘rni tahlil qilingan. Mavzuga oid masalalar Qo‘qon xonligi tarixnavislik maktabining yirik vakili Muhammad Hakimxonning “Muntaxab at-tavorix” asari ma‘lumotlari asosida keltirilgan.

Boshqa tillarda

ruschaРОЛЬ ГОРНЫХ ТАДЖИКОВ В ПОЛИТИЧЕСКОЙ ЖИЗНИ КОКАНДСКОГО ХАНСТВА (по материалам произведения «Мунтахаб ат-таварих» Мухаммада Хакимхана)

В данной статье анализируется политическая положения Кокандского ханства в первой половине XIX века и роль горных таджиков в ней. Вопросы, связанные с темой, изложены на основе информации труда «Мунтахаб ат-таварих» Мухаммада Хакимхана, одного из крупного представителя историографической школы Кокандского ханства.

inglizchaTHE ROLE OF THE MOUNTAIN TAJIKS IN THE POLITICAL LIFE OF THE KOKAND KHANATE (based on information from the work "Muntakhab at-tawarikh" by Muhammad Hakimkhan)

This article analyzes the political situation of the Kokand Khanate in the first half of the 19th century and the role of mountain Tajiks in it. Questions related to the topic are presented on the basis of information from the work “Muntahab at-tawarikh” by Muhammad Hakimkhan, one of the major representatives of the historiographic school of the Kokand Khanate.

Kalit so‘zlar

  • O‘rta Osiyo
  • “Muntaxab-at-tavorix”
  • Muhammad Hakimxon
  • Olimxon
  • Umarxon
  • Rajab-qushbegi
  • devonbegi

To‘liq matn

Litsenziya: CC BY 4.0litsenziya matni

Matn PDF’dan ajratilgan va qayta formatlangan; asl nusxadan farq qilishi mumkin.

Matndagi telefon raqamlari shaxsiy ma’lumot sifatida yashirilgan.

ҚЎҚОН ХОНЛИГИ СИЁСИЙ ҲАЁТИДА ТОҒЛИ ТОЖИКЛАРНИНГ ЎРНИ (Муҳаммад Ҳакимхоннинг “Мунтахаб ат - таворих” асари маълумотлари асосида)

МЕСТО ГОРНЫХ ТАДЖИКОВ В ПОЛИТИЧЕСКОЙ ЖИЗНИ КОКАНДСКОГО ХАНСТВА (по сведениям сочинение «Мунтахаб ат-таварих» Мухаммада Хакимхана)

THE PLACE OF MOUNTAIN TAJIKS IN THE POLITICAL LIFE OF THE KOKAND KHANATE (according to the work “Muntakhab at-tawarikh” by Muhammad Hakimkhan)

Абдукаримов Жамолиддин Аҳмадалиевич Академик Б. Ғафуров номли Хужанд давлат университети тожик халқи тарихи кафедраси доценти e-mail: abdukarimov_1979@mail.ru Тел: [telefon raqami yashirilgan]

Аннотация. Мазкур мақолада сўз Қўқон хонлигининг XIX аср биринчи ярмидаги сиёсий ваъияти ва унда тоғли тожикларнинг ўрни таҳлил қилинган. Мавзуга оид масалалар Қўқон хонлиги тарихнавислик мактабининг йирик вакили Муҳаммад Ҳакимхоннинг “Мунтахаб ат-таворих” асари маълумотлари асосида келтирилган. Аннотация. В данной статье анализируется политическая положения Кокандского ханства в первой половине XIX века и роль горных таджиков в ней. Вопросы, связанные с темой, изложены на основе информации труда «Мунтахаб ат-таварих» Мухаммада Хакимхана, одного из крупного представителя историографической школы Кокандского ханства. Abstract. This article analyzes the political situation of the Kokand Khanate in the first half of the 19th century and the role of mountain Tajiks in it. Questions related to the topic are presented on the basis of information from the work “Muntahab at-tawarikh” by Muhammad Hakimkhan, one of the major representatives of the historiographic school of the Kokand Khanate. Калит сўзлар. Ўрта Осиё, “Мунтахаб-ат-таворих”, Муҳаммад Ҳакимхон, Олимхон, Умархон, Ражаб-қушбеги, девонбеги. Ключевые слова. Средняя Азия, “Мунтахаб- ут- таворих”, Мухаммада Хакимхана, Алимхан, Умархан, Раджаб-кушбеги, девонабеги. Key words. Central Asia, “Muntahab-ut-Tavorikh”, Mukhammad Khakimkhan, Alimkhan, Umarkhan, Rajab-kushbeghi, devonbeghi

Муҳаммад Ҳакимхоннинг “Мунтахаб ат-таворих” номли асари Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлиги тарихига оид нодир манба ҳисобланади. Мазкур асар беш боб, ўн икки тоифадан (фаслдан) иборат бўлиб, унинг хронологик ҳудуди “олимнинг яратилишидан” то XIX асрнинг 40-чи йилларини ўз ичига олади.

“Мунтахаб ат-таворих”- нинг бешинчи боби ўн иккинчи тоифаси ҳажман катта бўлиб, асарнинг ярмини ташкил этади ва асосан Қўқон хонлиги таърихига бағишланган.

Муҳаммад Ҳакимхоннинг “Мунтахаб ат-таворих” асари ўрганилишининг муҳим ҷиҳати шундаки асарда сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий муносибатлар билан биргаликда, Қўқон хонлигида олиб борилган давлатчиликнинг муҳим компонентларидан бири бўлган маъмурий бошқарув тизимига оид бошқа манбаларда умуман учрамайдиган маълумотлар ўрин олган. Муҳаммад Ҳакимхоннинг бу борадаги асарда келтирилган маълумотлари ўзининг аниқлиги билан ажралиб туради, чунки асар муаллифи Қўқон хонлари билан қариндошлик алоқалари мавжуд бўлиб, қисқа муддат бўлсада давлат бошқарури ишларида фаъол қатнашган эди [4: 25-б].

Муҳаммад Ҳакимхон Қўқон зодагонлар оиласида туғулиб, она томонидан Қўқон хони Норбўтабийнинг (1770-1799) невараси, Олимхон (1799-1810) ва Умархоннинг (1810-1822) жияни эди, ота томонидан эса машҳук сўфи шайхлардан Аҳмад Хўжаги Косоний авлодидан эди. Хакимхонинг отаси Маъсумхонтўра Қўқон хонлигида катта обрўга эга эдилар. Муҳаммад Ҳакимхон ёшлик чоғиданоқ тоғалари билан биргаликда ҳарбий юришларда, саройдаги турли тадбирларда қатнашиши унинг шаклланишида катта аҳамиятга эга эди.

Муҳаммад Ҳакимхонинг “Мунтахаб ат-таворих” асари Ўрта Осиё халқлари жумладан тожик халқи тарихини ўрганишда муҳим нодир манбалардан бири ҳисобланади. Асарда хонликнинг сиёсий ва ҳарбий ҳаётида муҳим мавқега эга бўлган тожик халқи аждодлари ҳақида нодир маълумотлар мавжуд.

Олимхон даврида Қўқон хонлигининг сиёсий аҳамияти ошади. У тоғли тожиклар: қаротегинликлар, шуғнонликлар, бадахшонликлар, эронликлар ва бошқалардан иборат ёлланма аскар қўшинлари тузади. Бу қўшин ҳокимиятни марказлаштириш учун курашда унинг суянчи, таянчи бўлиб у тузган катта қўшиннинг ядроси бўлиб қолади [2: 25- 26-б].

Қўқон хонлигининг асосий қўшинлари тожик сарбозларидан иборат бўлиб, улар ўз навбатида бир неча қисмларга бўлинган. Чунончи, унинг бир қисми- хоннинг шахсий сипоҳийлари бўлиб, саройда қоровуллик вазифасини бажарар эди. Улар ўртача 2000 кишидан кам бўлмай, анча мерган бўлиб, жанговарликлари учун “гала ботирлар” ёки хон гвардияси, деб ном олганлар [5: 33-б]. Бундан ташқари Олимхон тоғли тожикларга нисбатан махсус этибор қаратар, улардан иборат икки янги ҳарбий қўшин тузган эди: биринчиси 3700 нафардан иборат қаротегинликдан ва иккинчиси 2200 нафар дарвозликлар, бадахшонликлар, шуғнонликлар, рушонликлардан иборат эди. Мазкур ҳарбий қўшин хон хазинаси ҳисобидан маош, кийим бош, яроқ билан таъминланган. Тарихий манбаларда улар “мирбача”, “бекбача” номи билан тилга олиниб уларга нисбатан “тожик” этноними ишлатилган [1: 95-б].

Қўқон хонларининг тоғли тожикларга бўлган этиборининг яна бир сабаби улар ҳамиша қипчоқлардан ташвишда турганлар. Қипчоқлар, гарчи ўзларини ўзбек қавмларидан деб ҳисобласаларда, доимо қирғизлар билан яқин туриб, кўчманчи ҳолда яшаганлар. Қипчоқларнинг асосий қисми Фарғона водийсининг Шахрихон, Балиқчи, Қора дарё билан Норин дарёси оралиғидаги жойларда яшар эдилар. Уларнинг хавфидан қутилиш учун Қўқон хонлари мунтазам қўшинларини маҳаллий гурухлар билан боғлиқ бўлмаган тоғли тожиклардан ва Ўрта Шарқдан чиққан сипоҳийлардан тузарди. Улар сарой гвардиясининг асосий қисмини ташкил этарди. Маълумотларга кўра, 1800 йилларда хоннинг 10 мингга яқин суворийлар полки бўлган [3: 33-б]. Бундан ташқари хонларнинг тоғли тожикларга бўлган этиборининг ошиши ҳарбий қўшин бошлиқлари мазкур соҳада ўзига хос талиму тарбия ва тажрибага эга эмас эдилар. Бу даврда нафақат хонлик ҳудуди, балки Ўрта Осиё давлатлари ҳудудида ҳарбий бирор бир ҳарбий талим марказлари мавжуд бўлмаган [2: 35-б]. Қўқон хонлигининг XIX аср биринчи ярми сиёсий ва ҳарбий ҳаётида муҳим ўринни эгаллаган шахслардан бири тоғли тожикларга мансуб Ражабқушбеги ҳисобланади. Муҳаммад Ҳакимхон Олимхон ва Умархон даврининг муҳим сиёсий ва ҳарбий воқеаларини ёритиш жараёнида Ражабқушбеги фаолияти ва унинг хонлик мавқесини оширишдаги хизматлари ҳақида тўлиқ маълумот берган. Мазкур мақоланинг ёзилишидан мақсад ҳозиргача Ражабқушбеги фаолияти оид бирор бир махсус илмий тадқиқот олимлар томонидан амалга оширилмаган. Бундан ташқари Ражабқушбеги мисолида тожик халқи аждодларининг Қўқон хонлиги сиёсий ва ҳарбий ҳаётидаги тутган ўрни ҳақида муҳим маълумотларни олишимиз мумкин. Муҳаммад Ҳакимхон асарида Олимхоннинг Тошкент мулки ҳокими Юнусхўжага қарши юриши тафсилотларини тасвирлаш жараёнида Ражабқушбегининг кўрсатган шужоати ва мардонаворлиги ҳақида шундай ёзади: “Гапнинг қисқаси шуким, ўша вақтда Юнусхожа саййидлик паноҳи Хонхожани урушда енгиб, қочиргани ва сўнг қўлга туширганидан қувончидан терисига сиғмаган эди. Чунки банги хаёлига “энди бу оламнинг тўрт бурчаги мендан каттароқ ҳурмат ва эътиборга лойиқ подшоҳ қолмади”, деган фикрлар келган ва мияси шундай истак ва манманлик ҳаваслари билан тўлганди. Бир куни ана шу хаёл орқасида кўнглига Хўқанд мамлакатларини эгалаш ҳаваси тушди. Ўша кезлари ўғилари ичида кичиги Ҳошимжон исмли фарзанди бўлиб, ўша ўғлига жуда дабдабали бир тўй қилиб бериш иштиёқида юрарди. Аммо, бундай тўйни ўтказишга етарлича маблағи ва керакли матоҳлари бўлмай, боридан ҳам кўнгли тўлмасдан тўйни ўтказиш муддати кундан- кун орқага сурилиб бораётганди. Бу нарса банги хаёлидан жой олиб, беихтиёр, “амирлар урушга тайёргарлик кўриб, Хўқанд томон юзлансинлар ва фарзандимиз тўйини Хўқандни фатҳ этгач ўша ерда катта қилиб ўтказамиз”, дея буйруқ берди. Ўша амалга ошмас орзуда тез фурсат ичида қозоқ лашкари билан Хўқанд томонга юзланди... Бу юриш хабари амир Олимхон қулоғига етди. Дарҳол отланиб, елдек тезучар чопарни тезликда

Хўжандга Ражабдевонбеги олдига юборди, ўзи эса зўр бериб дабдаба билан фаридунлик шавкати парини темир дубулғали бошига қадаб, Юнусхожага қарши жанг сари юзланди. Ражабдевонбеги воқеадан хабар топгач, Хўжандни холи ташлаб, лашкар билан тез суръатда кечасиёқ йўлга тушиб, бир оқшом ичида дарёдан ўтиб олди ва ўзини Ғурумсарой мавзесига етказди. Ўша вақтда Хонхожанинг катта ўғилари Юсуфалихожа ва Юнусалихожа қачон бўлса ҳам отаси қони учун ўч олиш мақсадида ўтирган бўлиб, булар ҳам ана шундай қасосли дамлар етишганидан фурсатни ғанимат санаб, тезликда барча амирлардан олдинроқ жанг майдонига етиб бордилар... Анча уриш- сўқиндан сўнг зафар насими амир Олимхон томонидан эсиб, Юнусхожа молу асбоб, сипоҳу хазинасини ташлаб, юрагида неча доғу ҳасрат билан қочиш қарорини ихтиёр айлади. Ул фалокатга тўла ҳалокат майдонидан не-не меҳнату машаққатлар гирдобида беш- олти нафар маҳрамлари билан зўрға қутулиб чиқиб, Тошканд томонга қараб қочди. Амир Олимхон эса қувлаб бориб, Тошканд қўшинидан бир бўлагини ўлдиришди, анчасини асир олдилар. Амир Олимхон бу катта ғалабани ғайбий атолардан бирига йўйиб, улуғ фатҳ шукронасини адо этди. Ўша куни Юнусалихожа ва Юсуфалихожа ҳамда Ражабдевонбегининг тожик амирлари мардлик намунасини кўрсатдилар...[5: 280- 283-б].

Умархон ҳокимият тепасига келгандан кейин Ражабдевонбегига нисбатан подшоҳона меҳрибонлик кўрсатиб, уни Тошкент шаҳри ҳокими вазифасига тайинлади.

Муҳаммад Ҳакимхон Умархоннинг Дашти Қипчоқ тарафига қўшин тортгани ва Туркистоннинг фатҳ этилиши воқеасини тасвирлаш жараёнида ҳам Ражабдевонбегининг кўрсатган матонати ҳақида махсус қайд қилиб ўтади: “Амир Умархон келгуси йили баҳор фаслида Фарғона лашкари билан Тошканд томон юзланди. Сайҳун дарёсидан кечиб, тоғ довонидан ўтгач, Қурама вилоятидаги Оҳангарон чўлгоҳига кириб борди ва у ердан кўчиб, Тошканд вилоятига қўш ташлади. Тошканд ҳокими Раҷабқушбеги хизматкорлик тариқи ва меҳмондорлик равишини бекаму кўст адо этди. Ўша вақтда ҳозир Туркистон номи билан машҳур ва султонил авлиё Хожа Аҳмад Яссавий қабри жойлашган Ясси қалъаси амир Ҳайдар подшоҳ тасаруфи остида эди. Амир Умархон ул вилоятни эгаламоқни истаб, ба ҳақда амирларга маслаҳат солди. Шу чоғда йиғинда ўтирган Ражабдеванбеги ўртадан чиқиб, агар жаҳон паноҳ ҳазратим каминани Тошканд ҳокимлигидан бўшатиб, ўз даргоҳлари остонасини ўпиш шарафига муяссар қилиб Хўқандга олиб кетсалар, худо хохласа, ўзим шу Ясси вилояти фатҳига мутасаддийлик қилгумдир, деб қолди. Амир Умархон унинг сўзини қабул қилди ва тўхтовсиз равишда ул вилоят сари юзланди. Тошканд вилоятидан чиққач, Ражабдевонбегини лашкарнинг илғори қилиб, олдинроқ кетишга рухсат берди. Ўзи отланиб, унинг орқасидан кетаверди. Ражабдевонбеги урушқоқ ва ботир жангчилар билан Ясси томон равона бўлгач, ўн кунлик йўлни уч кечакундузда тез суръатда босиб ўтиб, қалъага бир фарсахлик ерда ярим кечаси жангчиларини отдан тушириб, секин- аста қалъа томон юзланди. Тонг отмасдан Ясси қўрғонига етиб олишди. Дарвозага етгач, қарасалар, дарвозабонни ғафлат уйқуси элтибди. Жангчилардан бир нечтаси не азобда нарвонларни қалъа деворига шундай жипслаб ёпиштирдиларки, Бухоро минорасининг тош банди ҳақидаги ривоят одамлар ёдидан чиқиб кетди. Нарвон пиллапоясини битта- битта босиб, қалъа тепасига кўтарилдилар ва ўзларини таппа- таппа қўрғон ичкарисига ташлаб, дарвозахонага етдилар. Ноз уйқуда ётган дарвозабонларни барини қилич дами билан то қиёматгача уйғонмайдиган қилгач, бу жиҳатдан кўнгиллари тинчиб, дарвозани Ражабдевонбегига очиб бердилар. Девонбеги одамлари дарҳол ўзларини қутбул ақтоб султонил орифин Аҳмад яссавий мозори ичига урдилар. Ва бу буқъа Амир Темур соҳибқирон қурдирган бинолардан бўлиб, жуда бир баланд иморатдир. Ким шу макон ичига кириб олса, шаҳар ўша кишиники бўлади деган нақл бор. Шаҳар аҳли ва Бухоро лашкари фалакнинг бу каби ўйинидан воқиф бўлгач, ҳайрат бармоғини тишлаганча бу балога не илож топишни билмай, ҳайрон ва саргардон туриб қолдилар, фарғоналик жангчилар эса қулларини қатл ва талон- торож учун чўздилар... Ражабдевонбеги вилоятни эгалаш ишларидан қутулгач, амир Умархон олидига суюнчилаш учун одам юборди. Амир Умархон икки кундан кейин шаҳарга кириб борди ва тўппа- тўғри малаклар посбонлик қилувчи ул муқаддас даргоҳга етиб, зиёрат шартларини бажо келтирди... Амир Умархон Дашти Қипчоқ вилоятининг Ўкуз тоғдан то Хазар денгизигача ерларга тўла ҳукмрон бўлгач, Ясси ҳукуматини Шайх Бадал Мирзога берди. Ўзи Хўқанд тарафига қайтиб, Тошканд шаҳрига етишганда ўз ваъдасига вафо қилди Ражабдевонбегини мансабидан озод қилиб, ўрнига Лашкар қўшбегини қўйди...[5: 342- 345-б].

Ражабқушбеги йиллар давомида хонликнинг сиёсий ва ҳарбий мавқейини оширишда мардонавор хизмат қилган бўлсада, саройдаги баъзи бир фисқу фасодчиларнинг нопок амаллари натижасида Ахси мавзесида фожеали қатл қилинади. Муҳаммад Ҳакимхоннинг маълумотига кўра Ражабқушбеги умри муддати олтмиш олти йил бўлиб, тақрибан 1751- 1817 йиларда яшаган.

1. Бобобеков Ҳ.Н. Қўқон тарихи.- Тошкент, 1996.- 200 с. 2. Иванов П.П. Очерки по истории Средней Азии.- М.,1958.- 234 с. 3. Йўлчи Қосимов. Қўқон хонлиги тарихи очерклари.- Тошкент-Намангон, 1994.-78 с. 4. Маҳмудов Ш. “Мунтахаб ат-таворих”- Қўқон хонлиги давлат бошқарувига оид муҳим манба// Профессор Ҳамид Сулаймон номли ре спублика ёш манбашинослари ва матншиносларининг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 15 йиллигига бағишланган илмий анжумани материаллари.- Тошкент, 2006.- 72 с. 5. Муҳаммад Ҳакимхон, «Мунтахаб ат- таворих» (форс- тожик тилидан таржумон, муқаддима, изоҳлар муаллифи Шодмон Воҳидов).- Тошкент, 2010.- 716 бет.

Iqtiboslar dinamikasi

Bu ilmiy ishga ReLibrary’da chop etilgan ilmiy ishlarda hali iqtibos topilmadi.

ReLibraryTekshirilgan Metodologiya

Adabiyotlar5 ta adabiyot

  1. Бобобеков Ҳ.Н. Қўқон тарихи.- Тошкент, 1996.- 200 с.
  2. Иванов П.П. Очерки по истории Средней Азии.- М.,1958.- 234 с.
  3. Йўлчи Қосимов. Қўқон хонлиги тарихи очерклари.- Тошкент-Намангон, 1994.-78 с.
  4. Маҳмудов Ш. “Мунтахаб ат-таворих”- Қўқон хонлиги давлат бошқарувига оид муҳим манба// Профессор Ҳамид Сулаймон номли ре спублика ёш манбашинослари ва матншиносларининг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 15 йиллигига бағишланган илмий анжумани материаллари.- Тошкент, 2006.- 72 с.
  5. Муҳаммад Ҳакимхон, «Мунтахаб ат- таворих» (форс- тожик тилидан таржумон, муқаддима, изоҳлар муаллифи Шодмон Воҳидов).- Тошкент, 2010.- 716 бет.

Metama’lumot

Identifikator
REL-C-011088
Nashr sanasi
2025-08-27
Til
o‘zbek
Konferensiyalar
“FARG‘ONA VODIYSI TARIXINING DOLZARB MUAMMOLARI” mavzusidagi xalqaro ilmiy-amaliy anjuman materiallari
Jild
1
Son
1
DOI
10.66073/refocus-conf/55
Nashriyot
LLC Ilm-fan va innovatsiyalar akademiyasi
Sahifa
248–253
Litsenziya
Ushbu ilmiy ish CC BY 4.0 litsenziyasi asosida ochiq.
Metadata manbasi
Partner conferences of the International Scientific Journal Research Focus
Oxirgi yangilanish
2026-08-25