QO‘QON XONLIGI HUNARMANDCHILIGIDA MARG‘ILONLIK TO‘QUVCHI HUNARMANDLARNING TUTGAN O‘RNI
G.A. Agzamovat.f.d., professor, O‘zR FA Tarix instituti bosh ilmiy xodimi2025
Konferensiyalar“FARG‘ONA VODIYSI TARIXINING DOLZARB MUAMMOLARI” mavzusidagi xalqaro ilmiy-amaliy anjuman materiallariJild 1Son 1Sahifa 225–232
Annotatsiya
Mazkur maqolada Qo‘qon xonligining butun davrida marg‘ilonlik to‘quvchi hunarmandandlarning faoliyati, sohaning rivojlanish masalalari hamda xalq hunarmandchiligida o‘ziga xos o‘rni va ahamiyati borasida so‘z boradi.
Boshqa tillarda
ruschaРОЛЬ МАРГИЛАНСКИХ РЕМЕСЛЕННИКОВ-ТКАЧЕЙ В РЕМЕСЛЕ КОКАНДСКОГО ХАНСТВА
В статье рассматривается деятельность ремесленников, ткавших маргиланскую ткань на территории Кокандского ханства, вопросы развития отрасли, ее исключительная роль и значение в народном ремёсле.
inglizchaTHE ROLE OF MARGILAN WEAVER CRAFTSMEN IN THE HANDICRAFT OF THE KOKAND KHANATE
This article discusses the activities of artisans weaving margilan cloth throughout the Kokand Khanate, issues of development of the industry, and its unique role and significance in folk crafts.
Kalit so‘zlar
- Qo‘qon xonligi
- Marg‘ilon hunarmandchiligi
- to‘quvchilik
- ipak qurti
- bo‘z
- chit
- futa
- xosa
- gazlama
To‘liq matn
Litsenziya: CC BY 4.0litsenziya matni
Matn PDF’dan ajratilgan va qayta formatlangan; asl nusxadan farq qilishi mumkin.
ҚЎҚОН ХОНЛИГИ ҲУНАРМАНДЧИЛИГИДА МАРҒИЛОНЛИК ТЎҚУВЧИ ҲУНАРМАНДЛАРНИНГ ТУТГАН ЎРНИ
THE ROLE OF MARGILAN WEAVERS IN THE HANDICRAFT INDUSTRY OF THE KOKAND KHANATE
РОЛЬ МАРГИЛАНСКИХ ТКАЧЕЙ В РЕМЕСЛЕННОМ ПРОИЗВОДСТВЕ КОКАНДСКОГО ХАНСТВА
Г.А.Агзамова т.ф.д., профессор, ЎзР ФА Тарих институти бош илмий ходими
Аннотация. Мазкур мақолада Қўқон хонлигининг бутун даврида марғилонлик тўқувчи ҳунармандандларнинг фаолияти, соҳанинг ривожланиш масалалари ҳамда халқ ҳунармандчилигида ўзига хос ўрни ва аҳамияти борасида сўз боради. Abstract. This article discusses the activities of Margilan weaver artisans throughout the entire period of the Kokand Khanate, the development of the weaving craft, and their unique role and significance in traditional folk craftsmanship. Аннотация. В данной статье рассматривается деятельность маргиланских ткачейремесленников в течение всего периода существования Кокандского ханства, вопросы развития ткацкого ремесла, а также их особая роль и значение в народном прикладном искусстве. Калит сўзлар. Қўқон хонлиги, Марғилон Ҳунарманчилик, тўқувчилик, ипак қурти, бўз, чит, фута, хоса, газлама. Key words. Kokand Khanate, Margilan, handicraft, weaving, silkworm, coarse cotton cloth, printed calico, striped fabric, embroidered silk, fabric Ключевые слова. Кокандское ханство, Маргилан, ремесло, ткачество, шелкопряд, боз (грубая хлопчатобумажная ткань), чит (набивной ситец), фута (полосатая ткань), хоса (вышитый шелк), ткань
16-19-юзйилликнинг биринчи ярмида Туркистонда мураккаб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнлар юз берди. Уларда тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалувчи, иқтисодий ҳаётнинг йирик марказлари бўлган шаҳарлар муҳим роль ўйнадилар. Бундай шаҳарлар жумласига Туркистон хонликларида мавжуд бўлган Бухоро Самарқанд, Хива, Қарши, Тошкент, Қўқонлар билан бир қаторда Фарғона водийсининг йирик марказларидан бўлган Марғилонни ҳам киритиш мумкин. Марғилон ҳам 16-19-юзйилликнинг биринчи ярмида Туркистоннинг бошқа шаҳарлари каби турли ҳунармандчилик соҳалари мавжуд бўлган, уларнинг айримлари тараққий этган, бошқалари эса ўз бошидан инкирозли босқичларини кечираётган йирик марказлардан бири эди. Шаҳарда турли ҳунар соҳиблари яшаб, ўз меҳнатлари билан ушбу марказ иқтисодий ҳаётининг ривожланишига муҳим ҳисса қўшганлар. Улар дид билан ҳудуднинг табиати, талаб ва одатларидан келиб чиққан ҳолда ўзларининг такрорланмас маҳсулотларини яратганлар.
Марғилонда Қўқон хонлигининг бошқа марказларидаги каби ҳунармандчиликнинг энг ривожлаган асосий соҳаларидан бири тўқимачилик эди. Марғилонлик тўқувчилар яратган кўпдан-кўп маҳсулот турларига нафақат ушбу шаҳар, балки қўшни қишлоқлар, бошқа шаҳарлар, мамлакатлар, дашт аҳли орасида талаб катта эди. Улар яратган маҳсулотлар орасида ип газламалар алоҳида ўрин тутган. 1813 йилда Қўқон хонлигига келган Ф.Назаров Марғилонда ип матолар ва қўплаб ишлаб чиқарилганлиги ва ипак қурти катта ҳажмда етиштирилганлигини қайд этган эди. Ип газламаларнинг ичида аҳолининг турли ижтимоий қатламлари орасида карбас (бўз)га эҳтиёж катта бўлган. Унга нафақат Туркистон, балки унга туташ ҳудудлар – дашт аҳли орасида эҳтиёж катта эди. 16-юзйилликда яшаган муаррих Фазлуллоҳ ибн Рўзбехоннинг таъбири билан айтганда, дашт аҳлига «кийим ва кафан», «кўйлак ва кийим зарур бўлиб, уларнинг асосий қисмини карбас ташкил қилиб», бу маҳсулотлар Туркистон шаҳарларидан, хусусан, Фарғона водийсидан ҳам етказилар эди.
Ип газламалар ичида чит алоҳида ўрин тутган. Бу газламани ишлаб чиқариш билан шуғулланган ҳунармандлар читгарлар деб аталган. Улар бир хил рангдаги бўз (карбас)га турли ранглардаги гулларни босганлар. Қолиплар ёрдамида бўзга гул босиш анча мураккаб иш жараёни бўлиб, у ҳунарманддан катта маҳоратни талаб этган [9. C. 66-67]. Бу жараённи Тошкент читгарлари мисолида кузатиш мумкин. 19-юзйиллик муаллифларининг қайд этишича, Тошкент бўзга гул босишнинг йирик марказларидан бирига айланган. Наманган, Андижон каби Қўқон шаҳарлари билан бир қаторда Марғилон ва Қашғардан Тошкентга жуда катта ҳажмда оқ бўз келтирилиб, читгарларга топширилар эди. Бу ҳунармандларнинг устахоналари шаҳар ва унинг атрофларида жойлашар ва «Читгархона» деб аталар эди. Матога гул босувчи читгарлар ўсимликлардан олинадиган маҳаллий буёқлар - кўк, сафсар, мош ва қизил ранглардан фойдаланганлар. Читгарлар кўпроқ оила аъзолари, баъзи ҳолларда, ёлланма ишчилар меҳнатидан фойдаланганлар [2. C. 103]. Бу маълумотлардан шу нарса аён бўладики, 19-юзйилликнинг биринчи ярмида читга талабнинг ошиши натижасида ярим тайёр маҳсулот - бўз читгарлик кенг ривожланган марказларга бошқа шаҳарлардан ҳам келтирилган бўлиб, бу ишни савдогарлар ўз зиммаларига олганлар. Улар бу ишни буюртма асосида амалга оширганлар. Бу ҳолат Туркистон шаҳарлари ўртасида ҳунармандчилик соҳасида ўзига хос меҳнат тақсимоти юз берганлиги, бу жараёндан марғилонлик тўқувчи ҳунармандлар ҳам четда қолмаганлигидан далолат беради.
Марғилон Туркистонда ипак матолар ишлаб чиқариш кенг тараққий этган марказлардан бири эди. Қўқон хонлигининг ҳунармандчилиги ҳақида ёзган тадқиқотчилардан бири «Унинг эътиборга лойиқ ягона соҳаси Наманган, Қўқон ва Марғилон фабрикаларида ипак ва ярим ипак газламалар ишлаб чиқаришдир», - деб ёзган эди [14. C.43].
Бу матоларнинг турлари ҳақида қуйидагиларни қайд қилиш лозим. Туркистон шаҳарларда ишлаб чиқарилган ипак матоларга уларнинг ўзида, қўшни шаҳарлар ва давлатларда эхтиёж катта эди. Шундай газламалардан бири бахмал бўлиб, у 16-юзйилликда Самарқандда кенг ишлаб чиқарилган. Бу ҳақида Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Самарқанднинг яна бир матои қирмизи маҳмалдурким, атроф ва жавонибқа элтарлар», - деб ёзади [4. Б.46]. Самарқандда ишлаб чиқарилган бу мато Туркистоннинг бошқа шаҳарлари, хусусан, Қўқон хонлиги шаҳарларида ҳам кенг ишлаб чиқарилган. Бундай шаҳарлардан бири Марғилон бўлиб, 19-юзйиллик бошларида Қўқон хонлигига келган Ф. Назаровнинг кўрсатишича, унда тўқимачилик кенг ривожланган эди. «Шаҳарда турли фабрикалар жойлашган бўлиб, уларда форс парчалари, бахмаллар ва турли Осиё газламаларини тайёрлайдилар. Уларни Бухоро ва Қашғарга юборадилар», - деб қайд этади Ф. Назаров [10. С. 49]. Марғилонлик тўқувчи-ҳунармандлар шунингдек, ипак газламалардан яна бири шойи-канаусни ҳам ишлаб чиқарганлар. Туркистон хонликларида бу мато тури ҳар хил номланган. Бухоро хонлиги шаҳарларида бу мато тури «канаус» деб аталган, Қўқон хонлиги шаҳарларида, хусусан, Марғилонда бу газлама «атлас» ёки «жиба-арқоқ» номлари остида машҳур эди [3. С. 514]. Қўқон хонлиги шаҳарларида кўп миқдорда ярим ипак газламалар ҳам ишлаб чиқарилган. Бундай газламалар жумласига 19-юзйилликда катта ҳажмларда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган «пари-поша» матосини киритиш мумкин. Бу газлама айрим ҳолларда соф ипаклик бўлиши ҳам мумкин эди. Бундай ҳолда бу газламани тўқиш учун олий навли ипакдан фойдаланилар эди [3. С. 514]. Қўқон хонлиги шаҳарларида «оқ чизиқли кўк мато – «пари-поша» ва шунингдек, «тўқ чизиқли оқ мато – «банорас» ҳам тўқилган. Бу матоларни ишлаб чиқаришда жун ва ипакдан кенг фойдаланганлар. Улардан паранжи ва чакмон тикилган [11. С. 124]. Наманган, Қўқон ва Марғилоннинг тўқувчилик устахоналарида адрас ва бекасаб ҳам тўқилиб, улар ярим ипак газламалар турига кирар эди. 19- юзйиллик муаллифларининг кўрсатишича, уларнинг шу номдаги Бухоро газламаларидан сифати анча пастроқ бўлсада, бу матоларга талаб катта эди [14. С. 43]. Қўқон ҳунармандчилиги ҳақида ёзган муаллифлардан бири «Уни турли деб бўлмайди. Унинг диққатга сазовор ягона соҳаси бу Наманган, Қўқон ва Марғилон фабрикаларида ипак газламалар ишлаб чиқаришдир. Бу газламалар шойи (канаус), адрас ва бекасабдир. Охирги иккитаси ярим ипакдир. Уларнинг шу номдаги Бухоро газламаларидан сифати анча пастроқ», - деб ёзади [14. С. 43]. Қўқон хонлиги марказларида кўп миқдорда жун газламалар ҳам ишлаб чиқарилган. 19-юзйиллик бошларида Қўқон хонлигига келган ҳиндистонлик Мир Иззатулланинг гувоҳлик беришича, Марғилонда катта ҳажмда форсча - курк, туркча - тибит, деб аталадиган шол рўмоллар тўқишда ишлатиладиган жун ишлаб чиқарилган. Бу ерда кашмир шол рўмоллари каби шол рўмоллар ҳам тўқилган [13. С. 48].
Тўқувчи-ҳунармандлар шунингдек, саллалар ва белболар учун ишлатиладиган майда кўк тўртбурчак шакли туширилган ип газлама – фута, саллалар сифатида фойдаланилган оқ рангдаги «хоса» деб аталган газмол турини ва дока ҳам тўқиганлар. Дока ҳам хосага ўхшаган юпқа мато бўлиб, 19-юзйиллик муаллифи «хоса билан доканинг фарқи газламанинг энида эди; дока хосага қараганда юмшоқроқ эди», - деб қайд этади [3. С. 513]. Асосан салла учун ишлатилган доканинг «оқ ва кўк» хиллари ҳам машҳур эди [6. С. 148].
Қўкон хонлиги шаҳарларида, хусусан, Марғилонда кийим-бош ишлаб чиқаришга ихтисослашган ҳунармандчилик соҳалари ҳам кенг ривожланган эди. Кўпдан-кўп ҳунармандлар шаҳар, қўшни қишлоқлар, бошқа шаҳарлар, дашт аҳли ва баъзи ҳолларда айрим мамлакатлар аҳолиси эҳтиёжларини қондирадиган маҳсулотлар яратганлар. Бундай ҳунармандлар жумласига бош кийим, хусусан, дўппи тикувчилар, оёқ кийим тикувчи - кафшдўзлар, этикдўзлар ва бошқаларни киритиш мумкин.
Тикувчи-ҳунармандлар томонидан катта ҳажмларда ишлаб чиқарилган кийим-бош турлари жумласига турли матолардан тикилган тўнлар, рўмоллар, қийиқлар, дастрўмолларни киритиш мумкин. Турли матолар - ип ва ипакдан тайёрланган бу кийим-бошга ҳар хил ишлов берилган. Айниқса рўмоллар, қийиқлар, дастрўмоллар ва дўппиларнга кашталар билан безак беришга катта эътибор қаратганлар. Бу иш билан кўпроқ аёллар машғул бўлар эдилар. Бухоро аёллари мисолида 19-юзйилликнинг 20-йилларида Е.К. Мейендорфнинг «улар шойи рўмолларга йўрмадўзлик билан Ҳофиз асарларидан олинган шеърий парчаларни битадилар», - деб ёзган қайди Туркистоннинг бошқа шаҳарлари аҳолиси ҳам учун характерли ҳолат эди [8. С. 117]. Қийиқлар, рўмоллар ва дўппилар йўрмадўзлик билан безатилиб, бозорларда сотилгани, бу ҳунар тури билан кўпроқ уйларда ва асосан аёллар шуғулланганини Туркистоннинг бошқа шаҳарлари, жумладан, Марғилон мисолида ҳам кузатиш мумкин.
Қўқон хонлигининг турли марказларида, хусусан, Марғилонда ҳам нафақат кийим-бош, балки кундалик турмуш учун зарур бўлган уй-рўзғор анжомлари - кўрпа, кўрпача ва ёстиқлар ишлаб чиқарилувчи ҳунар соҳалари ҳам ривожланган ва уларда машғул бўлган ҳцнармандлар томонидан яратилган маҳсулотлар билан кенг савдо амалга оширилар эди. Айникса, инжиқ таабли юқори табақа вакиллари, аслзодалар учун ишлаб чиқарилган бу уй-рўзғор анжомлари кўп ҳолларда айнан ипак матолардан тикилган. Бунда марғилонлик ипакчи ҳунармандларнинг ҳиссаси катта эди.
Ипакчиликда доимо тут баргига эҳтиёж катта бўлган. Бу эҳтиёжни қондиришда аҳоли ўз томорқалари ва далалари атрофига тут дарахтларини экиш ва ипакчиларни тут барги билан таъминлашга ҳаракат қилганлар. Айрим ҳолларда тут барги билан ҳам савдо қилинган. Туркистонда ипакчилик кенг ривожланган ҳудудларда “бозори барги тут” номи билан машҳур бозорлар баъзи манбаларда эслатиб ўтилади. Жумладан, 19- юзйиллик ўрталарида Самарқандда бундай бозорлар мавжуд бўлиб, ипак қуртини боқиш билан машғул бўлган шахслар барг танқислиги сезилганда уни бу ердан сотиб олиш имконига эга бўлганлар. Шаҳардаги Шердор мадрасаси ёнидаги кўчат бозорида эса бошқа дарахтларга қараганда тут дарахтининг “балхий” ва “хоразмий” навлари кўп миқдорда сотилган [1. С. 516]. Бундан ташқари, ипакчилик билан фаол шуғулланувчи ҳудудлардаги шаҳар бозорларида мавсуми келганида ипак қурти уруғи билан кенг савдо амалга оширилган. 19-юзйиллик бошларида Қўқонда бўлган Ф. Назаров “Биз шаҳарга кирганимизда ҳамма бозорлар ипак қурти уруғи солинган қутилар билан тўла эди”, – деб қайд этади [10. С. 51].. Шу билан бирга ушбу муаллифнинг таажубга солган бир ҳолат ҳақида тўҳтаб ўтиш жоиз, деб ҳисоблаймиз. Унинг ёзишича, ипак қуртни бозордан сотиб олинганидан сўнг аёллар уларни 12 кун давомида ҳўл матога ўраган ҳолда кўкракларининг тагида олиб юрганлар. Унда ипак қуртини боши қўриниши билан офтобга қўйганлар. Бунда ҳам уларни ҳўл матога ўраб қўяр ва уларни тут барги билан озиқлантирар эдилар.
Хонликда ипак жуда катта ҳажмларда етиштирилган. Шоҳидлардан бирининг гувоҳлик беришича, бу ерда етиштирилган ипак қозоқ дашти, Бухоро хонлиги ва бошқа ерларга олиб кетилганидан сўнг ҳам унинг катта қисми хонликда қолар эди.
Ипакни, матоларни бўяш, одатда, махсус устахоналар ёки ҳунармандларнинг уйларида амалга оширилган. Буёкчилик устахоналари Туркистонда мавжуд бўлган анъаналарга кўра кўпгина марказларда асосан бозор яқинида ёки улар ҳудудида жойлашар эди [9. С.80-81]. Шу билан бирга, буёқчилар ўз ҳунарлари билан асосан шаҳар маркази ёки бозорлардан ташқари унинг чеккаларида сувлар – ариқлар бўйида ҳам шуғулланганлар.
Ипак газламалар ишлаб чиқариладиган устахоналар қандай бўлган, деган савол ҳам бу ерда ўринлидир. Марғилондаги ипак газламалар ишлаб чиқариш устахонасининг 19-юзйиллик охирларига оид қуйидаги тавсифига эгамиз: «Тўқиш жойи шипдан кичик тешиклар орқали ёритиладиган ярим қоронғи саройда жойлашган. Ерга қазиб ўрнатилган қозонлари билан бўёқхона ҳам унча катта қизиқиш уйғотмайди, ўтин ёқишдан чиққан тутун фақат очиқ эшиклар орқали чиқиб кетади [15. С. 54].
Бўёқчилар нафақат тайёр маҳсулот – газлама турларинигина эмас, балки тайёр ипакни ҳам бўяшга ихтисослашган эдилар. Улар асосан хом ипак ва пишитилган ипакни турли рангларга бўяр эдилар. Бу соҳа вакиллари кўп ҳолларда тўқувчилар ёки ипак билан савдо олиб борувчи маҳаллий савдогарлар буюртмаси асосида иш олиб борар эдилар [6. С.160]..
Туркистон хонликларида, хусусан, Қўқонда ҳам бўёқчилар газлама, ип ва ипакни бўяшда турли ранглардан фойдаланганлар. Бўёқларни тайёрлашда асосан турли рангларни берувчи маҳаллий табиий воситалардан фойдаланганлар. Хусусан, қизил ранг бериш учун рўянни ишлатганлар. Сариқ рангни испаракдан, тут дарахтида ўсувчи пўкакдан сарғимтир барг рангга бўяшда, маҳаллий боғларда ўсувчи дарахтдан барг ранг – тухмак, шойини қора рангга бўяшда ишлатиладиган ранг гулҳайридан ва бошқалардан олинган [7. С.209-210]. Гули-махсардан эса пушти ранг бўёқ олганлар [8. С.115-116]. Шу билан бирга, бўёқчилар ишлатган ранглар ичида қирмиз бўёғи бўлиб, уни топиш ва тайёрлаш анча мураккаб ҳамда машаққатли жараённи ташкил этган. У қирмис деб аталувчи ҳашаротдан олинар эди. Флорио Беневени «чўлда ҳашаротларнинг биридан қирмиз деб аталувчи бир қимматбаҳо бўёқ олинади, – деб гувоҳлик берар экан, – яҳудийлар бу ҳашаротларни эзиб, ушбу бўёқни оладилар», – деб қўшимча қилади [12. С.85]. Бу бўёқ тури бошқа хонликларга ҳам етказилган.
Фарғоналик ҳунармандлар, Туркистоннинг бошқа хонликларидаги каби, бошқа юртлардан келтирилган бўёқлардан ҳам фойдаланганлар. Жумладан, Туркистонга Ҳиндистондан шамшид дарахти – «чўб-и сандал» келтирилган [4. С.78]. Ундан маҳсулотларни кўк ва жигаррангга бўяшда фойдаланилган. Чет мамлакатлардан келтириладиган яна бир буёқ тури – бақам бўлиб, ундан бўёқчиликда тўқ гунафша ва қизил ранг сифатида фойдаланилган. 19- юзйилликка оид маълумотларга кўра, Туркистонга «қизил бақам» ва “қора бақам”лар ҳам келтирилган [7. С.209-210].
Матоларни бўяшда писта дарахтидан олинадиган сарғиш кичкина уруғлар – бузғунчдан ҳам фойдаланганлар. Бўёқчилар маҳаллий бузғунч билан биргаликда четдан олиб келинган бузғунчдан ҳам кенг фойдаланганлар. 19-юзйилликнинг 20-йилларига оид маълумотларига кўра бузғунч Бухорога Машҳаддан келтирилган ва у боўқа хонликларга ҳам элитилган [8. С. 115].
Туркистонга келтириладиган бўёқ воситаларидан энг кўп тарқалгани – нил (индиго) бўёғи бўлиб, у кўплаб миқдорда Ҳиндистондан келтирилар эди. У билан асосан мато ва бошқа нарсаларни қора ёки тўқ кўк рангга бўяшда фойдаланилар эди. Нил буёғининг Туркистон шаҳарларига келтирилиши 18- юзйилликнинг иккинчи – 19-юзйилликнинг биринчи ярмида жуда ошди. Айниқса, 19-юзйилликнинг биринчи ярмида Қарши, Шаҳрисабз, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарлар қатори Қўқон хонлигидаги марказлар карвонсаройлари бу мол билан тўла эди. Бу шу даврда айнан мана шу бўёқ турига талаб ошганлиги ва ўз навбатида бўёқчилик ва тўқимачиликнинг кенг кўлам ёйганлигидан далолат беради.
Шундай қилиб, 16-19-юзйилликнинг биринчи ярмида яратилган манбалар маълумотлар бевосита ёки билвосита тарзда бўлсада Қўқон хонлиги бошқа марказлари каби Марғилонда турли-туман ҳунармандчилик соҳалари кенг ривожланганлигини кўрсатади. Шаҳар ҳунармандлари ўзлари яратган турли-туман газламалар, кийим-бош, уй-рўзғор буюмлари – кулолчилик, темирчилик, дурадгорлик маҳсулотлари, озик-овқат турлари билан шаҳар аҳли, қўшни қишлоқлар, бошқа шаҳарлар ва ўзга юртлар аҳолисини эҳтиёжини қондирганлар ҳамда ушбу марказ, қолаверса, хонлик иқтисодий тараққиётига муҳим ҳисса қўшганлар.
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР (REFERENCES)
1. Адамолли Ю. Разведение шелковичных червей в Средней Азии//Материалы для статистики Турк. края. – Спб., 1872. – Вып. 1.
2. Гейер И., Назаров И. Кустарные промыслы в Ташкенте. Тетрадь 1. – Т.: Изд. В.М. Ильина, 1903. 3. Гребенкин А. Ремесленная деятельность таджиков Зарафшанского округа // Материалы для статистики Турк. края. – Спб., 1872. – Вып. 1. 4. Записки о Бухарском ханстве (Отчеты П.И. Демезона и И.В. Виткевича). – М.: Наука, 1983. 5. Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома/ Нашрга тайёрловчи П. Шамсиев. – Т.: Юлдузча, 1990. 6. Кирпичников Н.А. Краткий очерк некоторых туземных промыслов Самаркандской области // Справочная книжка Самарканд. области. Вып. V. – Самарканд, 1897. 7. Краузе И.И. Заметки о красильном искусстве туземцев // Рус. Туркестан. – М. – 1872. – Вып. II. 8. Мейендорф Е.К. Путешествие из Оренбурга в Бухару. – М.: Наука, 1975. 9. Мукминова Р.Г. Очерки по истории ремесла Самарканда и Бухары в XVI в. – Т.: Фан, 1976. 10. Назаров Ф. Записки о некоторых народах и землях средней части Азии. – М.: Наука, 1968. 11. Пашино П.И. О фабричной и торговой деятельности в Туркестанской области // Изв. Имп. Рус. Геогр. о-ва. – Спб., 1867. – Т. 3. – № 4. 12. Посланник Петра I на Востоке. Посольство Флорио Беневени в Персию и Бухару в 1718-1725 годах. – М.: Наука, 1986. 13. Путешествие Мир Иззет Уллы в Кокандское ханство в 1812 году // Тр. САГУ. Нов. сер. Вып. LХXVIII. Ист. науки. Кн. 11. – Т., 1956. 14. Хорошхин А.П. Очерки Кокана //Сб. ст., касающихся до Турк. края А.П. Хорошхина. – Спб., 1876. 15. Щербин-Крамаренко Н. По мусульманским святыням Средней Азии (Путевые заметки и впечатления) // Справочная книжка Самарканд. обл. в 1896 г. – Самарканд, 1896. – Вып. IV.
Iqtiboslar dinamikasi
ReLibraryTekshirilgan Metodologiya
Adabiyotlar15 ta adabiyot
- Адамолли Ю. Разведение шелковичных червей в Средней Азии//Материалы для статистики Турк. края. – Спб., 1872. – Вып. 1.
- Гейер И., Назаров И. Кустарные промыслы в Ташкенте. Тетрадь 1. – Т.: Изд. В.М. Ильина, 1903.
- Гребенкин А. Ремесленная деятельность таджиков Зарафшанского округа // Материалы для статистики Турк. края. – Спб., 1872. – Вып. 1.
- Записки о Бухарском ханстве (Отчеты П.И. Демезона и И.В. Виткевича). – М.: Наука, 1983.
- Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома/ Нашрга тайёрловчи П. Шамсиев. – Т.: Юлдузча, 1990.
- Кирпичников Н.А. Краткий очерк некоторых туземных промыслов Самаркандской области // Справочная книжка Самарканд. области. Вып. V. – Самарканд, 1897.
- Краузе И.И. Заметки о красильном искусстве туземцев // Рус. Туркестан. – М. – 1872. – Вып. II.
- Мейендорф Е.К. Путешествие из Оренбурга в Бухару. – М.: Наука, 1975.
- Мукминова Р.Г. Очерки по истории ремесла Самарканда и Бухары в XVI в. – Т.: Фан, 1976.
- Назаров Ф. Записки о некоторых народах и землях средней части Азии. – М.: Наука, 1968.
- Пашино П.И. О фабричной и торговой деятельности в Туркестанской области // Изв. Имп. Рус. Геогр. о-ва. – Спб., 1867. – Т. 3. – № 4.
- Посланник Петра I на Востоке. Посольство Флорио Беневени в Персию и Бухару в 1718-1725 годах. – М.: Наука, 1986.
- Путешествие Мир Иззет Уллы в Кокандское ханство в 1812 году // Тр. САГУ. Нов. сер. Вып. LХXVIII. Ист. науки. Кн. 11. – Т., 1956.
- Хорошхин А.П. Очерки Кокана //Сб. ст., касающихся до Турк. края А.П. Хорошхина. – Спб., 1876.
- Щербин-Крамаренко Н. По мусульманским святыням Средней Азии (Путевые заметки и впечатления) // Справочная книжка Самарканд. обл. в 1896 г. – Самарканд, 1896. – Вып. IV.
Metama’lumot
- Identifikator
- REL-C-011084
- Nashr sanasi
- 2025-08-27
- Til
- o‘zbek
- Konferensiyalar
- “FARG‘ONA VODIYSI TARIXINING DOLZARB MUAMMOLARI” mavzusidagi xalqaro ilmiy-amaliy anjuman materiallari
- Jild
- 1
- Son
- 1
- DOI
- 10.66073/refocus-conf/49
- Nashriyot
- LLC Ilm-fan va innovatsiyalar akademiyasi
- Sahifa
- 225–232
- Litsenziya
- Ushbu ilmiy ish CC BY 4.0 litsenziyasi asosida ochiq.
- Ko‘rishlar
- 12026-10-11 dan beri o‘lchanmoqda
- Metadata manbasi
- Partner conferences of the International Scientific Journal Research Focus
- Oxirgi yangilanish
- 2026-09-08