Asosiy mazmunga o‘tish
MaqolaOchiq kirish

LISONIY MUVOZANATGA OAV NING TA‘SIRI

Yu.U. No‘‘monovaAndijon davlat pedagogika instituti, O‘zbek tili va adabiyoti fakulteti 2-bosqich magistranti2023

JurnalResearch Focus International Scientific JournalJild 1Son 4Sahifa 131–135

Annotatsiya

Maqolada jamiyat lisoniy muvozanati va uning ommaviy axborot vositalari ta‘sirida o‘zgarishi xususida fikr yuritiladi.

Boshqa tillarda

ruschaВЛИЯНИЕ ЯЗЫКОВОГО БАЛАНСА

В статье рассматривается языковой баланс общества и его изменения под влиянием средств массовой информации.

inglizchaINFLUENCE OF LINGUISTIC BALANCE

The article discusses the linguistic balance of society and its changes under the influence of mass media.

Kalit so‘zlar

  • jamiyat
  • lisoniy muvozanat
  • lisoniy madaniyat
  • ommaviy axborot vositalari
  • olinma so‘zlar

To‘liq matn

Litsenziya: CC BY 4.0litsenziya matni

Matn PDF’dan ajratilgan va qayta formatlangan; asl nusxadan farq qilishi mumkin.

ЛИСОНИЙ МУВОЗАНАТГА ОАВ НИНГ ТАЪСИРИ Ю.У. Нўъмонова Андижон давлат педагогика институти Ўзбек тили ва адабиёти факультети 2-босқич магистранти. https://doi.org/10.5281/zenodo.7510533 Аннотация: Мақолада жамият лисоний мувозанати ва унинг оммавий ахборот воситалари таъсирида ўзгариши хусусида фикр юритилади. Калит сўзлар: жамият, лисоний мувозанат, лисоний маданият, оммавий ахборот воситалари, олинма сўзлар. ВЛИЯНИЕ ЯЗЫКОВОГО БАЛАНСА Аннотация: В статье рассматривается языковой баланс общества и его изменения под влиянием средств массовой информации. Ключевые слова: общество, языковой баланс, языковая культура, средства массовой информации, иностранные слова. INFLUENCE OF LINGUISTIC BALANCE Abstract: The article discusses the linguistic balance of society and its changes under the influence of mass media. Keywords: society, linguistic balance, linguistic culture, mass media, foreign words.

КИРИШ Тил ва жамият ўзаро диалектик алоқада бўлиб, улар бири иккинчисини тақозо қилади ва бири иккинчисисиз мавжуд бўлмайди. Жамиятдаги ҳар қандай ўзгаришлар тилда ўз аксини топади. Айниқса, тилнинг лексик қатлами социолингвистлар томонидан жамият тараққиётининг “барометри” сифатида эътироф этилади. Зукко тилшунос Н.Маҳмудовнинг таъкидлашича, “тилдаги ўсиш-ўзгаришларнинг холис ва бирламчи кўзгуси унинг луғат бойлигидир, жамиятдаги ҳар қандай ўзгаришлар, энг аввало, айнан ҳудди шу лексик сатҳда ўз аксини топади” [1. Б. 93]. Таъкидлаш зарурки, жамият тилга қай даражада таъсир кўрсатса, тил ҳам жамият ҳақида, унинг маданияти ва қадриятлари ҳақида шу даражада маълумот беради, чунки “у дунёни бевосита эмас, балки инсонлар жамоасининг субъектив билиши, идроки асосида акс эттиради” [2. Б. 72]. Тилдаги муттасил ўзгаришлар шу тил эгаларининг лисоний маданиятига таъсир эмай қўймайди. Шунинг учун глобаллашув даврида миллий-маданий ўзига хосликни, миллий қадриятларни, шу жумладан, тил софлигини сақлаш, тил эгаларининг лисоний компетенциясини, мулоқот маданиятини ривожлантириш каби масалалар кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланди. Ушбу масалаларни хал қилишда оммавий ахборот воситаларининг ўрнини алоҳида эътироф этиш лозим. Зеро, журналистик этикет, журналистик компетенция журналистдан юксак лисоний савия ва маданиятни, саводхонликни ҳамда миллий-маданий қадриятларни эъзозлашни талаб қилади. Нутқ маданияти нафақат алоҳида шахснинг, балки бутун жамоанинг, жамиятнинг маданиятидан далолат берувчи кўрсаткичдир. Шундай экан, тилга бўлган муносабат миллий қадриятларнинг, миллий маданиятнинг давомийлигини сақлашга хизмат қилиши муқаррар. Оммавий лисоний маданиятнинг шаклланишини эса ОАВ сиз тасаввур қилиб бўлмайди.

ТАДҚИҚОТ МАТЕРИАЛЛАРИ ВА МЕТОДОЛОГИЯСИ Маълумотларга қараганда, ҳозирги тил тараққиёти икки омил таъсирига берилган: бир томондан, адабий тил меъёрларининг сўзлашув нутқи элементлари билан бузилиши ва унинг оммавий тус олиб, кенг истеъмолга кириб бориши ҳамда жамиятдаги ижтимоий, маданий, иқтисодий ривожланишлар натижасида чет тиллардан ўзлашган сўзлар миқдориннг ортиб бориши; иккинчи томондан, тоталитаризм даврида давлат тилига айлантирилган тил стандартлари ва меъёрларининг адабий тилга таъсири [3].

Таъкидлаш зарурки, объектив борлиқдаги муайян ҳодисалар турли лисоний муҳитда ва, табиийки, турли ижтимоий жамоалар томонидан турлича талқин этилиши мумкин. Ҳар бир тилнинг ўзига хос қадриятли элементларининг мавжудлиги, шу билан бир қаторда, тиллардаги энг оддий сўзларнинг ҳам шу маданиятда қабул қилинган ассоциацияларни уйғотиши тилнинг нейтрал бўлиши мумкин эмаслигидан далолат беради. Лисоний маконда турли гуруҳларнинг кураши муттасил давом этиб боради. Зеро, тилни назорат қилиш ҳукмронлик қилишнинг, хусусан, сиёсий ҳукмронликнинг муҳим шартларидан биридир. Кўринадики, тил инсонлар онгида “олам манзараси”нинг шаклланишини намоён этувчи асосий омилдир. Чунки “тил олам манзараси билан боғлиқ икки жараёнда бевосита иштирок этади, яъни, биринчидан, инсон шууридаги олам манзарасининг энг теран қатлами бўлмиш оламнинг лисоний манзараси айнан тил бағрида шаклланади; иккинчидан, тилнинг ўзи инсондаги олам манзараларининг бошқа турларини ифодалайди ва намоён (экспликация) қилади; шу тариқа алоҳида индивидлар томонидан қўлга киритилган тажрибавий билимлар фақат тил ёрдамида жамоа (халқ) тажрибасига, жамоа (халқ) мулкига айланади” [4. Б. 143]. Шунинг учун атроф-олам ҳақидаги тасаввурлар ҳар доим тил таъсирига берилади ва шу маънода ижтимоий “қолиплаштириш” натижаси ҳисобланади [5. Б. 69].

Тилнинг бу тарзда ижтимоийлашуви ва кенг истеъмолда бўлиши унинг маданиймеъёрий кўрсаткичларининг ўзгаришига сабаб бўлади. Қайд этиш лозимки, бундай ўзгаришларни ҳар доим ҳам ижобий баҳолаб бўлмайди. Айниқса, фан, техника ва технологиялар ривожланган, электрон оммавий ахборот воситалари ўз такомилига етган бир даврда муайян бир маданиятнинг, миллий қадриятларнинг ва, шу билан бир қаторда, миллий тилнинг ўз холича, соф сақланиши мушкулдир. Зеро, “Бошқа тилдан сўз ўзлаштириш ўзлаштирувчи тилдаги оламнинг лисоний манзарасига сезиларли таъсир кўрсатади. Муайян тилдаги оламнинг лисоний манзарасидаги мавжуд мувозанатни бузмасликдай мақбул мақсад билан ҳар қандай хорижий ўзлашмага ғов қўйишга уринавериш тўғри бўлмайди. Чунки бу, айниқса, глобаллашув асри аталмиш бугунги шиддатли, макону масофани писанд этмайдиган замонда номумкин юмушдир” [4. Б. 145]. Олам лисоний манзарисидаги мувозанатнинг бузилишига тилнинг ифлослани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси охир-оқибат тил эгалари нутқи маданиятининг пасайишига олиб келади. Чунки нутқ маданияти тил фани билан кундалик мулоқот тилининг, яъни фан ва ҳаётнинг туташув нуқтаси бўлиб, унда тил ҳақидаги фан билан инсоннинг кундалик лисоний ҳаёти тўқнашади. Бундай ҳолат ОАВ тилида ҳам ўз аксини топади. Шунинг учун нутқ маданиятининг ОАВ га ва, аксинча, ОАВнинг нутқ маданиятига таъсирини ўрганиш ҳам долзарблик касб этади.

Оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ахборот етказиш усулига кўра, визуал (даврий нашрлар), аудиал (радио) ва аудиовизуал (телевидение) каби турларга бўлинади, лекин буларнинг барчаси вазифасига кўра бир умумийликни ҳосил қилади ва оммавий коммуникация тизимининг таркибий қисмлари ҳисобланади.

ОАВ нинг вазифасини қуйидагича кўрсатиш мумкин:  маълумот, хабар бериш (воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар);  шарҳлаш (воқелик ҳақидаги хабар шарҳ билан тўлдирилади, таҳлил қилинади, баҳоланади);  маърифий-оқартув (турли маданий, тарихий, илмий маълумотларни бериш баробарида ўз аудиториясининг билим захирасини тўлдириб боришга хизмат қилади);  таъсир кўрсатиш (омма дунёқарашига, хулқ-атворига таъсир кўрсатади).

Бугунги кунда кундалик ҳаётимизни ахборот воситаларисиз, хоҳ визуал, хоҳ аудиал, хоҳ аудиовизуал бўлсин, тасаввур қилиб бўлмайди: даврий нашрларни кузатиб борамиз, радио эшитамиз, телеэшиттиришларни томоша қиламиз. Уларда қўлланилаётган тил элементлари эса беихтиёр лисоний онгимиз ва лисоний захирамизга ўринлашиб бораверади. Шундай экан, жамиятимизнинг лисоний маданияти мувозанати ҳам кўп жиҳатдан ОАВнинг лисоний маданиятига боғлиқ. Буни даврий нашрлар, ахборот етказишнинг виртуал воситалари таҳлили мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Хусусан, кейинги йилларда журналистлар тилида “очиқламоқ” сўзининг пайдо бўлиши ва публицистикада қўлланилиши унинг кенг истеъмолга кириб, оммалашишига сабаб бўлди.

“Очиқламоқ” туркча “açıklamak” сўзидан олинган бўлиб, тилимизда ошкор қилмоқ, тушунтирмоқ, шарҳламоқ, маълумот бермоқ маъноларини ифодалаш учун қўлланмоқда. Ўзбек тилида мавжуд луғатларга бу сўз киритилмаганлигининг гувоҳи бўлдик. Турк тили изоҳли луғатларида эса бу сўзнинг беш хил маъно ифодалаши таъкидланади:

1. Мавзу ҳақида керакли маълумотлар бериш, тушунтириш.

2. Муаммо ҳақида кенг маълумот бериш, шарҳламоқ.

3. Сўз ёки жумла мазмунини ёритмоқ, изоҳламоқ.

5. Таъкидламоқ, ошкор қилмоқ, тушунтирмоқ [6].

Масалан, “Ҳакимлар келтирилган “тафсир”га қараб, хасталик сабабларини аниқлаб бергани учун Фаср калимаси ҳам вақт ўтиши билан юқорида берилган “очиқламоқ, ёпиқ нарсани очмоқ” деган маънода ишлатила бошланган. Фаср масдарининг тафъил бобида бўлмиш Тафсир калимаси эса бу маънога параллел тарзда “атрофлича текширмоқ, чуқур тадқиқ этмоқ, батафсил очиқламоқ” маъноларида ишлатилади” [7].

Бундан ташқари, ОАВ тилида ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳаларга оид кўплаб олинма сўзларни учратишимиз мумкин. Хусусан, тендер, инвестиция, биллинг тизими, коррупция, декларация, мотивация, корпорация, новигатор, GPS, локация, логистика, бренд, коалиция, бойкот, прогноз, веб-саҳифа, режим кабилар шулар жумласидандир. Масалан: 1. Мазкур автотранспорт воситалари хариди учун эълон қилинган халқаро тендерда “Самарқанд автомобиль заводи” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона ғолиб бўлган. 2. Шунга кўра, заводда ушбу лойиҳа доирасида юк кўтариш қуввати оширилган, юклаш манипуляторлари, орқани кўриш камералари, GPS ва масофани ҳисоблаш билан жиҳозланган махсус чиқинди ташувчи автомашиналарнинг янги авлоди ишлаб чиқарилди [8]. 3. Хонадонлар ҳақидаги маълумотлар ва ҳисоб-китоблар “менинг уйим” биллинг тизимида мужассам бўлмоқда [8].

ТАДҚИҚОТ НАТИЖАЛАРИ Янги тушунчаларнинг кириб келиши, шубҳасиз, уни ифодаловчи янги сўзларнинг ҳам пайдо бўлишига сабаб бўлади. Лекин бу сўзларни тилимизнинг ички имкониятларидан ҳам қидириб топишимиз мумкин. Масалан, юқорида келтирилган “юклаш манипулятори” бирикмасидаги “манипулятор” “бошқарув” билан алмаштирилиши мумкин.

Газета саҳифаларида берилаётган айрим матнлар ва сарлавҳаларни ўқир эканмиз, ўзбек тили нақадар “бой” тил эканлигига, журналист ва муҳаррирларнинг эса ўз тилига “эъзозли” муносабатда бўлаётганликларига яна бир карра амин бўламиз. Масалан, “Халқ сўзи” газетасининг 2022 йил 5 ноябрдаги 239 (8301)-сонида берилаётган эълонга назар ташласак: “Магистраль алоқа линияларини эксплуатация қилувчи боғламалар ва уларнинг кабель участкаси манзиллари ва боғланиш телефон рақамлари”. 13 сўздан иборат эълоннинг 50% рус ва бошқа чет тиллардан олинган сўзлардан иборат эканлигини кўришимиз мумкин. Матндаги “магистраль” сўзи шу ўринда “бош” билан, “линия” “тармоқ” билан, “эксплуатация” “фойдаланиш”, “участка” “кесим” билан алмаштирилиши мумкин эмасми? Аслида, касбий маҳоратни, маданиятни белгиловчи омиллардан бири – нутқ одоби ва маданияти эканлигини соҳа вакиллари унутмаслиги лозим. Тилда қўлланилаётган беҳисоб “ёт” сўзлар тил эгаларининг маданияти қашшоқлигидан, ўз тилига беписанд муносабатидан, миллий ғурурнинг пастлигидан далолатдир.

Даврий ва тижорат нашрларида бундай ҳолатларни кўплаб кузатамиз: “Етакчи халқаро ташкилотлар дунё иқтисодиётидаги мавжуд вазият ва яқин келажакдаги эҳтимолий ҳолатлар ҳақида ўз прогнозларини тақдим қилмоқда” жумласини “Етакчи халқаро ташкилотлар дунё иқтисодиётидаги мавжуд вазият ва яқин келажакдаги эҳтимолий ҳолатлар ҳақида ўз таҳминларини тақдим қилмоқда” тарзида ҳам шакллантириш мумкин. Тилимизда “прогноз”ни ифодалаш учун “тахмин” сўзи мавжуд.

МУҲОКАМА Шу ўринда зукко тилшунос Н.Маҳмудовнинг сўз ўзлаштириш маданияти ҳақидаги фикрларини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Олимнинг фикрича, “ҳамма замонларда бир тилдан бошқасига муайян миқдорда сўз ўтиб туради. Бу жараёнларнинг мўътадил бир меъёр доирасида бўлиши табиий ҳолат сифатида қаралган, меъёрдан ортиб кетиши эса бегона тилнинг сўз босқини остида қолган жамиятнинг ҳамиятини оғринтирган. Шунинг учун маданиятли-маърифатли жамиятнинг ҳеч бир онгли аъзоси бундай жараёнларга асло бефарқ қараган эмас” [9. Б. 152].

Ўзбек маърифатпарварларидан бири, ўзбек тилининг жонкуяри А.Фитрат ҳам ўз даврида туркча (ўзбек тили)нинг тақдири хусусида фикр юритиб: “турк тили шунча бойлиғи, шунча тугаллиги билан бахтсизлиқдан қутула олмамишдир. Турк тили дунёнинг энг бахтсиз тилидир” [10. Б. 125], деб таъкидлаган ва бунинг сабабини аввал араблар босқини билан, сўнгра форсийча ва туркча арабча бўғувига кириб қолганлиги билан изоҳлаган эди. Буларга қўшимча равишда, ўзбек тилининг бахтсизлиги кейинчалик рус тилининг ва рус тили орқали европа тилларининг бўғуви билан давом этаётганини таъкидлаш ўринлидир.

ХУЛОСА Она тилини ривожлантириш ва, шу билан бирга, уни муҳофаза қилиш фақат тилшуносларгагина эмас, балки тил эгаларининг барчасига дахлдор юмушдир. Шундай экан, халқ билан мунтазам “мулоқот”да бўлган ОАВларнинг зиммасига халқнинг шуурига маълумотларни, янгиликларни, ахборотни “юклаш” билан бир қаторда, унинг лисоний маданияти ва компетентлигини ривожлантиришдек масъулиятли вазифа ҳам юкланади. Зеро, Фитрат таъкидлаганидек, “...Туркчаси топилмаган сўзлар ва истилоҳлар бор эса, уларни чиқариб ташлаб, ўрунларини бўш қўяйлиқ демайман. Туркчаси топилмаган сўзлар ва истилоҳлар қолсун, бироқ туркчанинг буйруғи остинда кириб қолсун; бошқача турли айтканда, Франсада яшаган бир турк каби бўлундиғи туркчанинг қонунлариға бўйсунуб яшасун; туркчада турған бир француздек “капитулацион” асрори остида турмасун” [10. Б. 129].

Iqtiboslar dinamikasi

Bu ilmiy ishga ReLibrary’da chop etilgan ilmiy ishlarda hali iqtibos topilmadi.

ReLibraryTekshirilgan Metodologiya

Adabiyotlar10 ta adabiyot

  1. Маҳмудов Н. Ўзбек тили луғут бойлиги ривожида фаоллашган жараёнлар / Н.Маҳмудов. Тил тилсими тадқиқи. – Тошкент: Мумтоз сўз, 2017. – Б. 93.
  2. Шаклеин В.М. Лингвокультурология: традиции и инновация. – Москва: Филинта, 2012. – С.72.
  3. https://works.doklad.ru/view/4TcAg2JEG6c/all.html
  4. Маҳмудов Н. Олам лисоний манзараси ва сўз ўзлаштириш /Н. Маҳмудов. Тил тилсими тадқиқи. –Тошкент: Мумтоз сўз, 2017. – Б.143.
  5. Назаров М.М. Массовая коммуникация и общество. – Москва: URSS, 2014. – С.63–81.
  6. https://www.mynet.com/aciklamak-ne-demek-aciklamak-kelimesinin-tdk-sozluk-anlami-nedir-170100060266
  7. https://m.facebook.com/uzbekislamcom/posts/1136429819830820/?locale=ro_RO&
  8. Халқ сўзи. 2022 йил 01 декабрь, №264 (8326).
  9. Маҳмудов Н. Сўз ўзлаштиришда меъёр ва миллийлик // Маҳмудов Н. Тил тилсими тадқиқи. Тошкент: Мумтоз сўз, 2017. 152-б.
  10. Фитрат А. Танланган асарлар. 4-том. – Тошкент: Маънавият, 2006.

Metama’lumot

Identifikator
REL-A-013875
Nashr sanasi
2023-01-05
Til
o‘zbek
Jurnal
Research Focus International Scientific Journal
Jild
1
Son
4
DOI
10.66073/researchfocus.v1i4.2939
ISSN
2181-3833 · 2181-3833
Nashriyot
LLC Ilm-fan va innovatsiyalar akademiyasi
Sahifa
131–135
Litsenziya
Ushbu ilmiy ish CC BY 4.0 litsenziyasi asosida ochiq.
Metadata manbasi
Research Focus International Scientific Journal
Oxirgi yangilanish
2026-09-11