TARIXIY HAQIQATNING BADIIY IFODASI
Nodira MatmusayevaAndijon davlat universiteti, O‘zbek tili va adabiyoti kafedrasi o‘qituvchisi, mustaqil-tadqiqotchi2023
JurnalResearch Focus International Scientific JournalJild 2Son 1Sahifa 151–155
Annotatsiya
ushbu maqolada istiqlol davri tarixiy romanlaridagi yangicha uslub va talqin masalasi, tarixiy ayol shaxsining ichki va tashqi ziddiyatlari badiiy obraz talqinida ochib berilishi Shahodat Isaxonovaning “Gavharshodbegim” romani misolida tahlil qilingan.
Boshqa tillarda
ruschaХУДОЖЕСТВЕННОЕ ВЫРАЖЕНИЕ ИСТОРИЧЕСКОЙ ПРАВДЫ
В данной статье анализируется вопрос нового стиля и трактовки в исторических романах периода независимости, раскрытия внутренних и внешних противоречий исторической женской личности в трактовке художественного образа на примере Романа Шаходат исахоновой “гавхаршодбегим”.
inglizchaARTISTIC EXPRESSION OF HISTORICAL TRUTH
this article analyzes the issue of a new style and interpretation in the historical novels of the period of independence, the disclosure of the internal and external contradictions of the historical female personality in the interpretation of the artistic image using the example of Shahadat Isakhanova‘s novel “Gavharshodbegim”.
Kalit so‘zlar
- istiqlol davri romanchiligi
- hayotiy haqiqat
- badiiy talqin
- yangi tamoyil va uslublar
- ruhiy ziddiyatlar
- tarixiy ayol shaxsi
- temuriy malikalar
To‘liq matn
Litsenziya: CC BY 4.0litsenziya matni
Matn PDF’dan ajratilgan va qayta formatlangan; asl nusxadan farq qilishi mumkin.
ТАРИХИЙ ҲАҚИҚАТНИНГ БАДИИЙ ИФОДАСИ Нодира Матмусаева Андижон давлат университети Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси, мустақил-тадқиқотчи https://doi.org/10.5281/zenodo.7559622 Аннотация: ушбу мақолада истиқлол даври тарихий романларидаги янгича услуб ва талқин масаласи, тарихий аёл шахсининг ички ва ташқи зиддиятлари бадиий образ талқинида очиб берилиши Шаҳодат Исахонованинг “Гавҳаршодбегим” романи мисолида таҳлил қилинган.
Калит сўзлар: истиқлол даври романчилиги, ҳаётий ҳақиқат, бадиий талқин, янги тамойил ва услублар, руҳий зиддиятлар, тарихий аёл шахси, темурий маликалар.
ХУДОЖЕСТВЕННОЕ ВЫРАЖЕНИЕ ИСТОРИЧЕСКОЙ ПРАВДЫ Аннотация: В данной статье анализируется вопрос нового стиля и трактовки в исторических романах периода независимости, раскрытия внутренних и внешних противоречий исторической женской личности в трактовке художественного образа на примере Романа Шаходат исахоновой “гавхаршодбегим”.
Ключевые слова: романс периода независимости, реалии жизни, художественная интерпретация, новые принципы и стили, духовные конфликты, историческая женская личность, королевы Тимуридов. ARTISTIC EXPRESSION OF HISTORICAL TRUTH Annotation: this article analyzes the issue of a new style and interpretation in the historical novels of the period of independence, the disclosure of the internal and external contradictions of the historical female personality in the interpretation of the artistic image using the example of Shahadat Isakhanova's novel “Gavharshodbegim”.
Keywords: romance of the time of Independence, life reality, artistic interpretation, new principles and styles, spiritual conflicts, historical female personality, timurid queens.
КИРИШ Адабиётшунослик илмида тарихий ҳақиқат ва бадиий тўқима масаласини ўрганишда ёзувчи дунёқараши, унинг ўзига хос услуби, билим даражаси муҳим ҳисобланади. Тарихий асарларда тарихий шахсларни талқин этишдаги бирламчи мезон бу - ҳаққонийлик, ҳаётийликдир. Табиийки, тарихий давр, тарихий шахс тасвирида тарихий ҳақиқат ва бадиий тўқиманинг ўринлашувида ёзувчи услуби, маҳорати катта аҳамиятга эга.
ТАДҚИҚОТ МАТЕРИАЛЛАРИ ВА МЕТОДОЛОГИЯСИ Маълумки, собиқ тузум даврида мафкуравий тазйиқлар остида тарихий ҳақиқатлар, буюк халқнинг барча ижобий жиҳатлари камситилиб, сиёсий давлатчилик тарихидаги ёрқин шахсларни обрўсизлантиришга қаратилган ёндашув етакчилик қилган. Хусусан, Гавҳаршодбегим шахси талқинида ҳам бирёқламалик устун бўлиб, унинг давлат арбоби сифатидаги саъи ҳаракатларига “қора” чапланган эди ва шу тариқа, халқ онгида ҳам шундай тасаввур уйғотишга эришилган эди.
С.Комилова мустақилликнинг дастлабки босқичида ўзбек адабиётида ўтиш даврининг омилларидан бири сифатида “ўзбек халқи тарихига нисбатан тўғри муносабатнинг тикланиши ва тарихий-биографик жанр улушининг кўпайиши (Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Бобур ва шу каби сиймолар ҳақида қатор асарларнинг яратилиши)” деб ҳисоблайди ва бу ҳодисанинг моҳияти халқимизнинг ўз-ўзини англаши, ўзининг миллат сифатида ноёб эканлигини идрок этиши, мустақил ҳаёт қуриш учун илҳомланиш манбаларини топиши зарур бўлганлигида эканлигини таъкидлайди.1 Дарҳақиқат, тарихий ҳақиқат нуқтаи назаридан дастлаб яратилган асарлардан бири Пиримқул Қодировнинг “Она лочин видоси” романида Гавҳаршодбегим шахсининг мураккаб зиддиятлари бадиий талқин қилинган. Шаҳодат Исахонованинг “Гавҳаршодбегим” романида бу масала бошқачароқ ракурсда, яъни “Темурийлар сулоласи вакилларининг ўзаро руҳий-психологик зиддиятлари ва давлатчилик тақдири бош малика руҳияти фонида” тасвирланган. Ш.Исахонова романида маликани Шоҳруҳ Мирзога муносиб давлат ва жамият ишларида зукко ва олисни кўра билувчи, ўрни келганда, қатъият кўрсата биладиган ва душманга ҳам тик қараб ҳақиқатни айта оладиган оқила сиёсатдон, халқ манфаатини кўзлаган бунёдкорликлар ташаббускори, ўз фарзанди аржумандлари ва набира-ю абираларига меҳрибон она (буви), илм-маърифат аҳлларига меҳрибон ва маслакдош ҳомий, баъзан эса, ҳаёт ҳақиқатларига дош беролмай изтиробга ботган ожиза аёл сифатида ишонарли тасвирланган. Яъни ёзувчи Гавҳаршодбегим образини талқин қилишда, воқеликларни ифодалашда контраст усулидан унумли фойдаланган.
Тарихий манбаларда баён қилинишича, Гавҳаршодбегимнинг Шоҳруҳ Мирзодан уч ўғли ва икки қизи бўлган: Мирзо Улуғбек, Бойсунғур Мирзо, Муҳаммад Жўкий Мирзо ҳамда Саодат Султон Оғо, Қутлуғ Туркон Оғо.
Тарихчи олим Азамат Зиё йирик тарихий манбаларга асосланиб, шундай хулосага келади: “Гавҳаршодбегимнинг илму маърифатга ҳомийлик қилиш, бунёдкорлик билан боғлиқ ишларига кўпдан-кўп эркак сиёсатчилар ҳавас қилса арзигуликдир. Унинг саъи ҳаракати билан Ҳиротда масжид, мадраса, хонақоҳ, Машҳадда масжид, мадраса ва қатор иншоотлар барпо этилган... Ҳиротдаги Гавҳаршодбегим мадрасаси ўз даври учун ҳам, кейинги замонлар учун ҳам йирик илм-фан маркази ҳисобланган.”2 Тарихдан маълумки, Шоҳруҳ Мирзо энг муносиб ворис ўлароқ Соҳибқирон Амир Темур тузиб қолдирган буюк давлатни сақлаб қолиш ва кучайтиришга, мамлакатда шаҳарсозлик, ҳунармандчилик, савдо, деҳқончилик, илм-фан, маданиятни тез суръатлар билан ривожлантиришга эришган.3 Улкан давлатни бошқариш ва энг муносиб тахт ворисини танлаш масаласи Темурийлар салтанатининг энг оғриқли нуқтаси бўлган дейиш мумкин. Бу муаммо, ҳатто 40 йил давомида ҳаммаслак ва ҳамфикр ўлароқ ўзаро ҳамкорликда давлатчилик сиёсатини тўғри олиб боришни мақсад қилган Шоҳруҳ Мирзо ва Гавҳаршодбегим ўрталарида ҳам ихтилоф келтириб чиқарган. Хондамирнинг ёзишича, - деб баён қилади тарихчи Азамат Зиё, - мардлиги ва шижоати билан бошқалардан устун бўлган Муҳаммад Жўкий доимо отаси хизматида бўлиб, ўз ўрнида Шоҳруҳ ҳам ўғлига алоҳида меҳр кўзи билан қараган.4 Тарихчи Азамат Зиё Шоҳруҳ Мирзонинг тахт вориси сифатида Муҳаммад Жўкий мирзони танлашига Гавҳаршодбегимнинг қаршилик қилишини “бош маликанинг оналик меҳридан кўра сиёсий манфаатлар устун келганлиги билан боғлиқлиги, яъни тахт вориси сифатида набираси Алоуддавлани кўзлаганлиги”дан деб ҳисоблайди. Шаҳодат Исахонова эса аёл ижодкор ва она сифатида масалага бошқачароқ ёндашади ва “Гавҳаршодбегим она
Комилова С. Замонавий ўзбек адабий жараёни концепцияси // “Шарқ юлдузи”, 2015, № 5. – Б. 153-158 Азамат Зиё. Ўзбек аёллари тарих саҳнасида. Т.: Фан, 2002. – Б. 40. Бу ҳақда қаранг: Ўзбекистон Миллий энциклопедияси, Ш ҳарфи, Т.: ЎзМЭ давлат илмий нашриёти, - Б. 218- 221 // https://www.ziyouz.com Азамат Зиё. Ўзбек аёллари тарих саҳнасида. Т.: Фан, 2002. – Б. 42.
сифатида Муҳаммад Жўкийнинг руҳий ҳолатини ҳисобга олган” деган бадиий талқинни илгари суради ҳамда малика ва шаҳзода мақомидаги она-бола ўртасидаги кучли руҳий зиддиятни тасвирлайди:
Шаҳзодам... Менинг қувончим... – кўзларига ёш тўлди Гавҳаршод бегимнинг. – Билурсиз, мен сизни ҳаммадин кўра... - Ёлғон! Ҳамма гапларингиз алдов! Қувончингиз кимлигини, ҳаммадин кўра кимни яхши кўришингизни исботлабсиз, раҳмат сизга, волидам! Сиз учун касалванд, ношуд, итнинг кейинги оёғи, исталмаган пайтда дунёга келган бир ўғил эрканмен! – Жўкий мирзо асабийлашганидан бўйин томирлари чувалчангдай бўртиб, кекирдаги ўйнаганича, маликага ғазабнок тикилди. – Тўхтанг, балки туққан ўғлингиз эмасдурмен, шундай эрмасму? Ё, Аллоҳ, нега шул фикр аввалроқ ақлимга келмади эркан-а? Ҳа, ҳа, бир бечора канизакнинг ҳароми етимчаси бўлсам керак! - Астағфируллоҳ! Аллоҳдин қўрқунг! – ўғлининг таънасидан Гавҳаршод бегимнинг этларигача титраб кетди. - Аллоҳдин қўрқунг?! – Жўкий мирзо юраётган ерида шартта тўхтади, - Менга айтаётирмусиз шул гапни?! Сиз, ўзингиз қўрқасизму Аллоҳдин?! - Мен қўрқамен... – деди Гавҳаршод бегимнинг овози титраб. (183-б.)
Фалсафий мантиққа кўра, руҳан “катта” шахсларнинг хатоси ҳам ўзига яраша залворли бўлади. Шоҳруҳ Мирзо ва Гавҳаршодбегим жуфтлиги ҳам давлат-у салтанат равнақи учун курашар эканлар, оғир синовларга дуч келишади. Бирин-кетин фарзандлар ва набиралар доғини кўриш тақдирларига ёзилган бўлса, не ажаб. Муаррихлар Абдураззоқ Самарқандий ёзиб қолдирган маълумотларга таяниб, тахтга даъвогарлардан бири бўлган Султон Муҳаммад Мирзонинг бобоси Шоҳруҳ Мирзога қарши исёни билан боғлиқ воқеа тафсилотларини келтирадилар. “Гавҳаршодбегим” романида 40 йиллик салтанат поёнида қора доғ бўлиб тушган ана ҳодисанинг аянчли якуни Алоуддавланинг сўзлари таъсирида Гавҳаршодбегимнинг ўйга толиши орқали гавдалантирилади. Мазкур воқеанинг асарга олиб кирилиши ўқувчини ҳам ўйга толдиради, ҳаёт фалсафасининг аччиқ сабоқларидан хулоса қилишга ундайди.
– Ҳа, ҳеч биримиз сизнинг ишончингизни оқлай олмадик, бибим... Ёхуд пешонамизга ёзилгани шулмикин, билмадим... Чиндан ҳам бул не қисмат бўлди, ҳеч ақлим етмай қолди... – Алоуддавла мирзонинг ҳам қарочиқларига ёш қалқиб, совуқ ялтиради. – Гуёки дуойи бад қилингандекмиз...
“Дуойи бад...” Сесканиб кетган Гавҳаршод бегимнинг вужуди титраб, умрининг қарилик аталмиш фасли қатларига сингган хотираларини титкилай бошлади. “Ким айтган эрди бул сўзни?” Тасаввурида уйғона бошлаган хотиралар эса тутқич бермас, қарилик худди дард каби уларга соя соларди. Ниҳоят эслади. “Ҳа, Бойсунғур мирзонинг ўғли Султон Муҳаммад мирзони бобосига қарши оёқлантирган саййидлар шундай дейишган эрди. Бул гапни унга набираси Абдулатиф мирзо айтган эрди. “Маликам, ўлимга ҳукм қилинган саййидлар оқсоқоли хоқони саид бизнинг сўзимизни тинглаб, одил фармон бермасалар дуойи бад қиламиз, дейишаётир!”
Ўшанда малика бу гапни эшитиб, хоқони саидга етказган, лекин баттар жаҳл отига минган Шоҳрух мирзо фармонини бекор қилмаган эди...
Ёзувчи тарихий, ҳаётий воқеликларга таянган ҳолда асар сюжетини такомиллаштиради. Яъни воқеликни ёритишда ёзувчининг китобхонни ишонтириш мумкин бўлган, бўрттирмалардан ҳоли реал тасвирлаш услуби етакчилик қилади. Бу эса асар таъсирчанлигини оширади, ҳаққонийлигини юзага чиқаради. Шаҳодат Исахонова ушбу романида Гавҳаршодбегимнинг олис тарихнинг долғали, шиддатли ҳодисалар асосидаги ҳаёт йўлидаги воқеаларни биридан иккинчисига ўтказишда тезкорлик, керакли ўринларни эса саралашдаги нозик дидияққол кўзга ташланиб туради. Яна асар воқеаларига юзланамиз: Шаҳзодаларнинг ноиттифоқлигидан фойдаланган Самарқанд ҳукмдори Султон Абусаид Мирзо (1424—1469) Хуросонни босиб олади. Султон Абусайид Мирзо Самарқанд тахтини ўзининг катта ўғли Султон Аҳмад Мирзога (1451—1493) бериб, Ҳиротни ўзининг пойтахти деб эълон қилади. Бу вақтда малика Гавҳар Шод бегим 80 ёшга яқинлашиб, анча қариб қолган эди.5 Руҳий изтироблар, бирин-кетин авлодларини йўқотишлар Гавҳаршодбегимдек иродаси кучли аёлни ҳам руҳан енгиб қўяди, лекин Ш.Исахонованинг бадиий тафаккури чизгиларида малика буни сиртига чиқармайди ва душманга тик боқади ва қатьийлик билан сўзлайди.
Малика қўлларининг учигача музлаётганини ҳис қилиб, бир хаёл орқасига қайтмоқчи бўлди, лекин ичида туғён ураётган ва наштарга айланиб, бўғизига қадалаётган сўзлар истагига изн бермади. - Нимаси қизиқ, олампаноҳ? – деди Абусаид мирзонинг юзидаги истеҳзоли ҳайратни илғаган малика, - Аслинда, мен берган жавоб қизиқ эрмас, сиз менга сўйламоқчи бўлаётган муддао қизиқ! Шундай эрмасму? Сиз сўйган хўрозни мен аллақачон парт қилиб бўлдим. Шул боис, менга очиқроқ сўйлай беринг! Муддаонгиз не? Не бўлса-да сўйланг?! Зеро, мен Яратганнинг бул ёлғончи ва бевафо фаносидин аллақачон этак силтаб қўйган одаммен!
Маликанинг кўзларидаги оғриқ аралаш ғазабли оташни кўрган уламолар ҳам, ҳатто Абусаид мирзонинг ўзи ҳам бир лаҳза лол бўлганича, қотиб қолди.
ТАДҚИҚОТ НАТИЖАЛАРИ Романда Гавҳаршодбегим билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларнинг тарихий-биографик тасвири фонида шаҳзодалар Бойсунғур Мирзо, Алоуддавла Мирзо, Абдуллатиф Мирзо, маликалар Ҳусн Нигор бегим (Мирзо Улуғбек рафиқаси), Руқия Султон бегим (Алоуддавла Мирзонинг қизи) каби тарихий шахсларнинг мураккаб тақдирлари ўқувчини бефарқ қолдирмайди.
Масалан, романдаги Абдуллатиф Мирзо образини олайлик. Шаҳзоданинг гарчи Гавҳаршодбегим тарбиясини олган бўлса-да, тарбиясизликка юз тутиши, феъл-атворидаги беандишалик, бераҳмлик илдизлари динамик тарзда очиб борилади.
Қиблагоҳининг сўзларидаги аччиқ-тизиқ, кўзларидаги алланечук совуқ ифодани илғаган Абдулатиф мирзонинг ёдига волидасининг гаплари тушди. “Алар ҳеч қачон бизга дўст бўлмайдур, шаҳзодам! Ҳатто қиблагоҳингиз ҳам... Қиблагоҳингиз учун бул дунёда ёлғиз, Абдулазиз бор! Кўзлари андин ўзга фарзандларни кўрмайдур! Шунинг учун ҳам сизни Самарқандга йўлатишмайдур, ўшал жалажин кампирнинг даргоҳинда етимдек ўсмоқдасиз! Чунки алар бобо душманларимиздур... Алар бобонгиз Халил Султон мирзо бирлан бибингиз Шод Мулк бегимни ўлдиришган! Алар мени ҳам, сизни ҳам... Астағфируллоҳ, сўзимни ел учурсун! Оллоҳнинг ўзи қўрисин! Оллоҳнинг ўзи аларни даф қилсун! Аларни кўргани кўзим йўқ...”
Дастлаб “дунёвий ва диний илмда қиблагоҳи каби салоҳиятли, ҳатто дин уламоларига Улуғбек мирзодан ҳам кўра, кўпроқ эътибор берадиган, жума намозларини
Файзиев Т. Темурий маликалар. Рисола. Т., А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1994. - Б. 16
сира канда қилмайдиган” йигит воқеалар занжирида аламзада, тож-у тахт учун ҳатто отасини ўлимга ҳукм қилишдан ҳам қайтмаган падаркушга айланиши даражама-даража кучайиб борадики, Абдуллатиф Мирзо тақдирининг кульминацияси Гавҳаршодбегимнинг ўлими олдидан уч кун бир хилда такрорланган туши тасвирида яққол гавдаланади, ўқувчининг юрагига ҳам ўқдай кириб боради: Полвон келбатли Бойсунғир мирзо ҳар доимгидай усталар ишига аралашиб, баргоҳнинг шифтига нақш солар, катта ўғли Алоуддавла мирзо жилмайганича, қиблагоҳининг ишини кузатарди. Унинг кичик ўғлонлари Султон Муҳаммад мирзо билан Абулқосим Бобур мирзолар чоҳортоқнинг болохонасида созандаларнинг куйларидан сел бўлганларича, шоҳмот ўйнашарди. Бу даврада ёлғиз Абдулатиф мирзогина кўринмас, унинг ўғли Абдураззоқ мирзо давра айланиб, қиблагоҳини изларди. Тўрдаги кўшкда эса савлат тўкиб, хоқони саид Шоҳрух мирзо ўтирар, ўғлонлари Улуғбек мирзо, Иброҳим Султон мирзо, Жўкий мирзо, Суюрғатмиш мирзолар ўнг тарафида, набиралари эса чап томонидан жой олишган эди. МУҲОКАМА Ш.Исахонованинг “Гавҳаршодбегим” асарини ўқир эканмиз, тарихий ҳақиқат бадиий ҳақиқатга айлана олганлиги, бунда, аввало, ёзувчининг дунёқараши ва манбаларга ёндошишдаги ўзига хосликни кузатамиз. Яъни Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов тарихий романда тарихий ҳақиқат билан бадиий ҳақиқатнинг муносабатига жуда нозик масала сифатида қарайдилар ва “адабиёт тарихида шундай асарлар борки, улар илмий жиҳатдан асосланган тарихий фактларга тўла мос келадиган ҳужжатларга таяниб ёзилган... Айни замонда шундай тарихий асарлар ҳам борки, уларда умуман ҳаётий ҳақиқатга таянилгани ҳолда ёзувчи хаёлоти – фантазияси орқали тарихий фактни қайта идрок этиш муҳим ўрин тутади, тарихий ҳодисалар, шахслар муаллиф бадиий нияти асосида ўзгача талқин этилади”6. ХУЛОСА Ш.Исахонованинг тарихий шахсларга ёндошувида ҳам ана шу ҳолатни кузатамиз. Энг муҳими, муаллиф тарихий мавзуга қўл урган бўлса-да, унинг баробарида бу бадиий асар эканлигини унутмайди, яъни тарихий воқеликни ифодалашда бадиийлик мезонларидан ўз имкониятлари йўлида фойдалана олади ва шу аснода Гавҳаршодбегимнинг тарихий шахс сифатидаги тўлақонли образини яратади.
Iqtiboslar dinamikasi
ReLibraryTekshirilgan Metodologiya
Adabiyotlar6 ta adabiyot
- Азамат Зиё. Ўзбек аёллари тарих саҳнасида. Т.: Фан, 2002.
- Ўзбекистон Миллий энциклопедияси, Ш ҳарфи, Т.: ЎзМЭ давлат илмий нашриёти, - Б. 218-221 // https://www.ziyouz.com
- Каримов Ҳ. Истиқлол даври адабиёти. Дарслик. Т.: Уапgi паshг, 2010.
- Комилова С. Замонавий ўзбек адабий жараёни концепцияси // “Шарқ юлдузи”, 2015, № 5.
- Файзиев Т. Темурий маликалар. Рисола. Т., А. Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1994.
- Ёқубов О. Сўз. Биринчи китоб. – Тошкент: SHARQ нашриёти-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти. – Б. 57-58.
Metama’lumot
- Identifikator
- REL-A-013776
- Nashr sanasi
- 2023-02-05
- Til
- o‘zbek
- Jurnal
- Research Focus International Scientific Journal
- Jild
- 2
- Son
- 1
- DOI
- 10.66073/researchfocus.v2i1.2840
- ISSN
- 2181-3833 · 2181-3833
- Nashriyot
- LLC Ilm-fan va innovatsiyalar akademiyasi
- Sahifa
- 151–155
- Litsenziya
- Ushbu ilmiy ish CC BY 4.0 litsenziyasi asosida ochiq.
- Ko‘rishlar
- 62026-10-11 dan beri o‘lchanmoqda
- Metadata manbasi
- Research Focus International Scientific Journal
- Oxirgi yangilanish
- 2026-09-11