Asosiy mazmunga o‘tish
Maqola10.00.00Ochiq kirish

ҲАБИБ САЪДУЛЛА ЛИРИКАСИ

Shohsanam Ermanbetova, Axmadjon MuxtorjonovNamMQI magistranti2024

JurnalResearch Focus International Scientific JournalJild 2Son 12Sahifa 40–46

Annotatsiya

Мақолада Ҳабиб Саъдулла лирикаси даги ўзига ҳослик ифодаланган

Boshqa tillarda

ruschaЛИРИКА ХАБИБА СААДУЛЛЫ

В статье раскрывается своеобразие лирики Хабиба Саадуллы.

inglizchaTHE LYRICS OF HABIB SA‘DULLA

The article expresses the distinctive features of Habib Sa‘dulla‘s lyric poetry.

Kalit so‘zlar

  • she‘riyat
  • lirika

To‘liq matn

Litsenziya: CC BY 4.0litsenziya matni

Matn PDF’dan ajratilgan va qayta formatlangan; asl nusxadan farq qilishi mumkin.

ҲАБИБ САЪДУЛЛА ЛИРИКАСИ Шоҳсанам Эрманбетова НамМҚИ магистранти Ахмаджон Мухторжонов https://doi.org/10.5281/zenodo.10393630 Аннотация: Мақолада Ҳабиб Саъдулла лирикаси даги ўзига ҳослик ифодаланган Калит кўзлар: поэзия, лирика

HABIB SADULLA LYRICS Abstract: The article describes the uniqueness of Habib Sa'dulla's lyrics Key words: poetry, lyrics

ТЕКСТЫ ПЕСЕН ХАБИБА САДУЛЛЫ Аннотация: В статье описывается уникальность лирики Хабиба Садуллы. Ключевые слова: поэзия, лирика.

КИРИШ Лирика ўзбек адабиётининг энг кўҳна, бошқа адабий турларга нисбатан устувор даражада ривожланган туридир. Жамият ҳаётида рўй берган ҳар қандай воқеа-ҳодисаларга биринчи бўлиб акс-садо берадиган тур лирик шеъриятдир. Маълумки, ўзбек лирикаси жуда узоқ тарихга эга. Унинг илдизлари ғоят бақувват, шунинг учун ҳам ундан озуқа олган шеърият дарахти доимо яшнаб, мўл-кўл ҳосил бераверади. Ўзбек лирикаси буюк Шарқ адабиёти бағрида вояга етиб, энига ҳам, бўйига ҳам униб-ўсиб бормоқда. Улкан боғда ўсаётган турли мевали дарахтларнинг ҳосил тугиши олдидан чангланиш ҳодисаси рўй беради. Табиатнинг бу қонуний ҳодисаси туфайли мевалар турлича рангда, ҳар хил шаклшамоилда бўлиши мумкин. Буни шеъриятга ҳам нисбат берса бўлади. Давр тақозосига кўра шеърият ҳам вақти-вақти билан ранг-баранг шаклларда ҳосил бера бошлайди. Чангланиш оқибатида мевалар турлича бўлса-да, таъми ўзгармаганидек, шеърият шаклидаги ўзгаришлар ҳам унинг мазмунига таъсир ўтказмаслиги лозим.

АСОСИЙ ҚИСМ Ҳабиб Саъдулла ўзининг қирқ йилдан кўпроқ умрини самарали ижод билан ўтказди. У ўзининг шеър ва достонлари, драматик ва насрий асарлари билан танилган ижодкорлардан биридир. Унинг асарлари, асосан, замонавий руҳда ёзилганлиги билан ажралиб туради. Уларда кишиларимизнинг маънавий дунёси, ўй-истаклари, интилишлари ўзига хос поэтик образлар орқали, публицистик кўтаринкилик билан ифодаланган. Ҳабиб Саъдулла ўз асарлари орқали ўзи туғилиб ўсган юрт сурурию тароватини, самимияти, руҳияти ва ўзига хосликларини адабиётимизга бир қадар олиб киришга муваффақ бўлган адиб ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ҳабиб Саъдулла ва унга тенгдош ижодкорлар катта умидлар билан қалам ушлаб, дил дардларини қоғозга туширишга киришган 60- йилларда адабий жараёнда бирмунча ўзгаришлар юз бермоқда эди. Шу йилларда кўп ижодкорлар ўта эҳтиёткорлик билан ёзишга мажбур бўлганларидан кўз юмиш мумкин эмас. Аммо шуниси ҳам муҳимки, бу ижодкорларнинг деярли ҳаммаси меҳнаткаш халққа, Ватанга, Она заминга муҳаббатни улуғлашда, ишқ-муҳаббатни, инсоний фазилатларни, табиат лавҳаларини куйлашда якдил эдилар. Бундай туйғулар таъсирига уларда мавзу муштараклиги билан бир қаторда, ўзига хос шоирона нигоҳ ва шеърий маҳорат қирралари, ширали, рангдор тил, ёрқин образлар яққол кўриниб туради. Бу тамойилни айнан Ҳабиб Саъдулла ижодида ҳам кузатиш мумкин.

Бугун XXI аср бошида туриб, адабиётимиз босиб ўтган йўлга назар ташласак, XX асрнинг 60-йиллари адабиётда ўзига хос бурилиш даври бўлганини яққол сезамиз. Айни шу йилларда шеърият оламида турфа хил ўзгаришлар рўй берди, инсон шахсини, қалб кечинмаларини куйлаш, севги дарди, ҳижрон, ҳаёт ташвишлари, турмуш мураккабликлари ҳақида ҳам чўчимасдан ёзиш тамойиллари рўй бера бошлади. Бу ижодий ҳодисанинг таъсири тезда ўз самарасини берди: адабиётнинг барча жанрларида салмоқли асарлар яратилди. Айниқса, шеъриятда жиддий ўзгариш, олға силжиш яққол кўринди. Поэзия майдонидаги янгилик мевалари ҳақида адабий танқидчиликда ҳам самимий мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, таниқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов «Замон. Қалб. Поэзия» (1962 йил) номли йирик тадқиқотида ўзбек шеърияти лирикасидаги ранг-баранг изланишлар, юксалиш ва айрим нуқсонларни теран умумлаштириб берган эди. Биз учун айни чоғда муҳими шуки, ана шу китобда шеъриятга янги оҳанг, янги мавзу ва ранглар олиб кираётган ёш истеъдодлар қаторида Ҳабиб Саъдулланинг номи ҳам тилга олинган ва унинг ижоди ҳақида илиқ фикрлар айтилган эди. Бу пайтда ёш шоир ҳарбий хизматда бўлиб, шеърлари матбуотда бот-бот кўриниб турарди. Бинобарин, Ҳабиб Саъдулла илк машқлари билан талабчан мунаққидларда ва меҳрибон мураббий Миртемирда катта умид уйғотган эди.

Орадан кўп ўтмай, «Шарқ юлдузи» журналининг 1962 йил 6-сонида ёш шоирларнинг шеърларидан намуналар берилди. Мана шу шеърий гулдастада Ҳабиб Саъдулла шеърлари ҳам бор эдики, бу адабиётимизга янги, ўзига хос истеъдод кириб келаётганининг тан олиниши эди.

Шоирнинг илк шеърий тўплами 1969 йилда эълон қилинди. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган бу китоб «Океандан шабада» деб номланганди. Ундан «Кулги» сарлавҳали шеър ҳам ўрин олган. Шоир ёзади:

Кўрмоқчи бўламан ҳар юзда кулги, Кулги ўсалга ҳам шифо бағишлар.

Мазкур мисраларда “Ҳабиб Саъдулланинг кейин ёзган кўплаб шеърларига хос оҳорлилик, лутф ила қочирим, самимияту эзгулик, кучли пафос ва лирик услуб жилолари мужассам.”

Кейинроқ унинг “Баҳор билан суҳбат” (1975) китоби чоп этилди.

Лирикада, кўпинча, чекиниш, ҳиссиёт, аниқроғи, ҳис-туйғулар орқасига яширинган янги фикр ҳукмрон бўлади. Давр, ватан, замондошлар ҳақидаги самимий ва эҳтиросли шеърлар шоирнинг ғоявий-бадиий дунёсини тайин этиш билан баробар, унинг ҳаётий позициясини ҳам белгилаб беради.

Ижод жараёни ғоят сирли ва мураккаб. Шу боисдан ҳам том маънодаги ижод доимо индивидуал ва бетакрордир. Лекин, ижодий жараён қанчалик индивидуал ва бетакрор бўлмасин, шакл ва мазмун ўртасидаги ўзаро боғлиқликнинг умумий қонунияти бўлганидек, новаторликнинг ҳам умумий мезони бор, назаримизда. Ижоднинг новаторлик характери ҳаёт ва воқеликнинг янги манзараларини, янги-янги қирраларини, инсон қалбининг, маънавий дунёсининг янги-янги қатламларини бадиий тадқиқ этиш билан белгиланади.

Хусусан, ана шу жараёнда юзага келган мазмун янгилиги, эстетик идеал ҳамда ғоя янгилиги бадиий ижоднинг новаторлик характерини белгилаб беради. Турли поэтик жанр ва формалардаги изланишлар фақат ҳаёт ва воқеликнинг янги-янги томонлари, давр ва жамият тараққиёти билан, инсон ва инсоният тақдири билан синкретик уйғунликда тадқиқ этилса ва ана шу поэтик тадқиқот янги ғоявий-эстетик ҳамда фалсафий умумлашмаларда ёритилса файзиёб моҳият касб этади. Одатда, поэтик соддалик ҳар хил бўлади. Ҳабиб Саъдулла лирикасида юксак соддалик санъати борки, бу илҳомбахш изланиш, ижодий меҳнат самарасидир. Соддалик - бу поэтик шакл ва мазмуннинг органик бирлиги мевасидир. Бу мукаммаллик ва яхлитликка эришишда шоирнинг улкан ижодий машаққатлари у қадар сезилмагандек, шеър гўё шундоққина ёзилиб қолгандек, юракдак оқиб тушгандек, кўнгилнинг туб-тубидан қуйилиб келгандек бўлади. Ваҳоланки, бу поэтик соддалик шоирнинг етук маҳорати ҳосиласидир. Ҳабиб Саъдулла - ҳаёт, Ватан, аскар турмуши, севги, соғинч, ҳажр, янги йил, санъат куйчиси. «Сув ва умр», «Баҳор билан суҳбат» шеърларини илк давр поэзиясининг тиргаклари деса бўлади. «Умрингни ўтказма сувдай» дейишади, сув ахир ҳаёт томиридаги қон-ку? «Чаман карашмаси» ҳам ундан. Шоир шундай дейди: Умрим ҳам сув каби ҳаётбахш ўтса Розиман минг бор! «Баҳор билан суҳбат» шеърида шоир баҳорга «Мени зориқтирдинг» деб гина қилади, баҳор эса «Менга ҳам осон деб ўйлама», «Қаҳратон қаъридан чиқиб келгунча», не-не заҳмат чекдим, дейди. Бу шеър фикримизни бойитади. «Она тилим», «Сенинг алланг», «Дўстимга хат» шеърларининг тоти новвотча бор. Шоир шеърларида табиат манзаралари Ватан қиёфасини тўлдирувчи бир объект, деталгина эмас. Табиат - шоир наздида Ватаннинг бир бўлаги, эмоционал кечинмалар ва инсон куч-қудратининг асоси, ниҳоят, доимо янгиланиб, барқ уриб турувчи ҳаёт тимсоли. Ҳабиб Саъдулланинг лирик қаҳрамони табиат оғушига сингиб, унинг фараҳли сурури қўйнида кўринмай кетмайди, бугунги ҳаёт оқими зарбларини туйиш ва воқеа -ҳодисалар жараёнини эстетик баҳолашда табиат одил ҳақиқат бўлиб гавдаланади. Шоирнинг болалик хотираларида ҳам табиат хоссалари ўзининг ёрқин бўёқлари, чизгилари билан давр нафаси ва эҳтиросларини яратишда бевосита иштирок этади. Хусусан, табиат манзаралари лирик қаҳрамоннинг қалб манзараларини шунчаки акс эттирмайди, балки ҳаёт, воқелик таъсирида лирик қаҳрамон кўнглида кечган кечинма ва ҳиссиётлар, фикрлар силсиласи билан уйғунлик касб этади. Шу боисдан ҳам кеча дарахтга кўрк бўлиб, бугун ерга бир-бир узилаётган хазонлар - «заъфарон япроқлар» шоирга «тупроққа қўшилиб» кетаётгандай, азамат чинорнинг уларни ушлаб қолишга кучи етмаётгандай туюлади: Заъфарон япроқлар бир-бир узилар, Маъюс урар ерга тўшини. Кеча кўрк бўлганди борлиққа улар, Бугун-чи, тупроққа кетар қўшилиб. Шу жиҳатдан шеърнинг кейинги мисралари ҳам характерли бўлиб, ўқувчини фалсафий мушоҳада юритишга чорлайди: Битта япроғин ҳам ушлаб қолмоққа Азамат чинорнинг етмасди кучи, Забардаст қўлларин чўзиб ҳар ёққа,

Турар куз ишидан эс-ҳуши учиб. Ҳабиб Саъдуллани табиат куйчиси ёки табиатнинг шоир-рассоми дейиш қийин. Унинг лирикасида соф пейзаж шеърлар кўп эмас. Лекин табиат ҳаётнинг боқийлигини ҳис эттириши ва шу асосда, нарса ва мавжудотнинг, инсон умри, тириклигининг маънавийфалсафий мезонига айланиши жиҳатидан ҳам шоир ва табиат диалектик боғлиқликда намоён бўлади. Бир қараганда, ушбу фикрлар эриш туюлиши, «Шоир лирикасида куз, баҳор, тун, табиат ҳақида сўз борса-ю, пейзаж йўқ бўлиши ҳам мумкинми», деган эътироз туғилиши мумкин. Гап шундаки, шоир шеърларида табиат махсус тасвир объекти сифатида намоён бўлмайди. Гарчанд, шоир шеърларида табиат жонлантириш деталлар тарзида мавжуд бўлса-да, у психологик картина ва ҳолатлар мазмунини ифодалаш учун хизмат қилади. Бу ҳол шоир лирикасидаги инсон ва табиат талқинида етакчи мавқени ишғол қилмайди. Ҳабиб Саъдулла лирикасида табиат белгиларидаги инсоний жиҳатларни тажассум этиши биринчи ўринда намоён бўлади. Табиат фақат инсон тириклигининг, ҳаётининг жисман асосини белгилабгина қолмай, маънавий ҳаётнинг ҳам асосий таянчидир. Ҳабиб Саъдулла лирикасида инсон ва табиатнинг ажралмас нуқталари ана шундай фалсафий ўринларга эга. “Ўзбекистон деган жаннат бу”, “Ўзбекистон” сингари шеърлари она Ватан кечмишининг поэтик тарихини, тараққиёт босқичларининг муҳим белгиларини кўз ўнгимизда гавдалантиради, замондошларимизнинг давр ва воқелик билан боғлиқликдаги кечинмалари, туйғулари манзарасини яратади. Шоир замондошларими знинг ўтмиш, халқ, келажак, она сайёра тақдири билан боғлиқ нуқталарини гўзал поэтик тарзда талқин этаркан, ана шу йўсинда инсон ва инсоният, она замин ва буткул ер курраси олдидаги маънавий масъулиятни, маънавий-психологик боғлиқлик асосларини очиб беради. Ҳабиб Саъдулла лирикасида ҳаётдаги ижтимоий-маънавий масалалар хусусида жўшқин фикр-мушоҳада юритиш устуворлик қилади. Ҳабиб Саъдулла услуби учун характерли бўлган хусусиятлардан бири - ҳаёт фактлари заминида поэтик образлар яратишдир. У фактлардан теран фикрлар, ҳолат моҳиятидан юксак руҳли ғоялар бунёд этади. Шоир лирик қаҳрамони қалбига оламдан оҳанглар оқади, у бугунги воқелик хоссаларини эстетик баҳолар экан, унга тарихийлик нуқтаи назари билан ёндашади. Яъни, Ватаннинг бугуни ва истиқболини унинг ўтмишидаги аждодларимиз, буюк ижодкорлар ва мард паҳлавонларсиз тасаввур қила олмайди: Ботирларин битмас саноғи, Шундан кўкси тўла ғурури. Ўша мардлар аро мард шоҳи Ул жаҳонгир Амир Темури, Жасоратда тенгсиз сийрат бу, Ўзбекистон деган жаннат бу. Ҳабиб Саъдулла ҳаёт воқеликлари ва замондошларимиз қалбининг янги қатламларини поэтик тадқиқ этиш йўлида муттасил изланади. Бунинг учун у шеърнинг кенг ўқувчилар оммасига етиб боришини таъминлаш мақсадида янги ифода воситаларни топади, яъни шеър сатрларини фикрий ва эмоционал образлар билан бойитишга алоҳида диққат қилади. Шу боисдан ҳам унинг чуқур кечинмалар ва қуюқ фикрлар уйғунлиги билан йўғрилган лирикаси ўқувчида чуқур ҳис-туйғулар ва ўй-мушоҳадалар уйғотади.

Маълумки, адабиёт сўз санъатидир. Тилимиздаги энг гўзал сўзларни саралаб адабиётга олиб кириш ва мўъжизалар яратиш ҳар бир шоирнинг улкан масъулиятидир. Ижодкор сўзни олмос каби қадрлаб, унинг янги қирраларини кашф этиши лозим. Хусусан, Ҳабиб Саъдулла шеърияти орқали биргина “бош” сўзининг бир неча маъно нозикликлари борлигининг гувоҳи бўламиз. Ўзбек тилида “бош” сўзи ўз маъносида тананинг бўйнидан юқориги қисми, калласи ҳисобланади. Шоир шеъриятида бу сўздан бошқа маъноларни ифодалашда ўринли фойдаланилганлигини кўриш мумкин. Тилимиздаги “бош кўтармоқ” ибораси “униб чиқмоқ, кўкармоқ” маъноларида қўлланилади. Шоир қуйидаги мисраларда жонлантириш орқали гўзал манзара яратади: Бош кўтармиш тоғда лола, Уйғонибди қир-адир, Мисли ғафлатдан кўз очган Онг, ғуруринг ҳам сўзинг. Мисраларда лолаларнинг униши, кўкариши, қир-адирнинг уйғониши рамзий маънода башариятнинг ғафлатдан уйғонганига ишорадир. Ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш маъносини шоир қуйидагича ифодалайди: Яна ҳузуринга келдим эгиб бош, Хизматинг оқлай деб, ғайратга тўлиб. Етти ёш боладай маъсум ва ювош, Ва ўн етти яшар ўт ошиқ бўлиб. “Бош эгмоқ” ибораси лирик қаҳрамоннинг инсоният, халқ олдидаги қарздорлик ҳисси туфайли бош эгиши, яъни ўз халқига нисбатан ҳурмат-эҳтиром кўрсатиши маъносида келтирилган. Бу ўринда лирик қаҳрамоннинг хизматга шай бўлиб, бош эгиб туриши етти яшар “маъсум ва ювош” болага ҳамда ўн етти ёшли “ўт ошиқ”қа қиёс қилинади. Ўз навбатида етти ёшли “маъсум ва ювош” бола билан ўн етти ёшли “ўт ошиқ” ўзига хос тазод санъатини ҳосил қилган. Қуйидаги мисраларда қўлланган “бош эгмоқ” иборасида эса юқоридаги каби қарздорлик ҳисси сезилмайди, балки чуқур эҳтиром маъноси уфуриб туради: Қўлларинг кўксингда доим, Бош эгик, қаддинг букик, Сенга бундай хуш тавозе Олий инсонлик шараф. Гарчанд бир хил ибора қўлланган бўлса-да, шеърий мисрадаги бошнинг эгилиши нафақат ҳурмат, балки, такаллуф кўрсатиш маъносини ҳам англатади. Бу ҳолат тилимиздаги маъно нозиклигининг бир кўриниши, холос: Ишқ биров қалбида ёқар экан кун, Бировнинг бошига савдо соларкан. Юқоридаги мисраларда эса, "бошига савдо солмоқ" яъни ишқ туфайли ошиқ кўп азобу уқубатлар чекиши маъноси назарда тутилади: Бу не маломат бошима, Бу не азоб эрур, Оҳимга, эй беэътибор, Келмаганингда.

Шоир “бошига маломат солмоқ” ибораси орқали ҳам юқоридаги каби ошиқнинг қийинчилик, азоб-уқубат чекиши маъносини ўзга бир кўринишда ифодалашга муяссар бўлган. Яна бир янги маънони ифодаловчи “оқсоч боши” иборасининг қўлланилишига қарайлик: Нотанти табиат оқсоч бошида, Неча бор чақнади чақинлар. Ваҳима келтириб гоҳ-гоҳ қошига, Момақалдироқлар тақиллар. Бу ўринда шоир ўзига ҳос истиоравий кўчим орқали табиатнинг кексалиги ва кўп даврлар мобайнида қийинчилик ва синовларнинг гувоҳи бўлганлигини таъкидлар экан, замондаги айрим ҳолатларга ишора қилган: Бош кўтармишлар маломат Остидан аждодларин., Тарихинг ҳусни-нурафшон, Шаъну шон қадрига ет. Тарих зарварақларида узоқ йиллар мобайнида аждодларнинг маломатларга қарши кураши, исёни натижасида эришилган шаънимизнинг қадрига етмоқлик керак. Бу ўринда “бош кўтармоқ” ибораси “қарши курашмоқ” маъносини ифодалайди. Халқимиз ўзи ардоқлаган ва севган инсонларга ва яқинларига нисбатан “Бошимда кўтариб юраман” иборасини қўллайдилар. Ушбу мисраларда эса унинг янада кучайтирилган кўриниши келтирилган: Аҳдга вафоси ҳурмати, Меҳри зиёси ҳурмати, Бошимга тож айлай, Ҳабиб, Нозик адо келган куни. Аҳдга вафо килгувчи дилдорни нафақат бошда кўтариш, балки бошига тож айлаш, чексиз ҳурмат кўрсатиш ошиқнинг орзусидир. “Бахт қуши” мажозий образ бўлиб, “бахту иқбол келтирувчи” маъносини билдиради. Унинг бошга қўниши бахтли бўлиш демакдир. Мисраларда вафоси, меҳри ва ширин васли эвазига ошиқнинг маъшуқани ҳар он бахтли этиш орзуси ифодаланмоқда. Онажоним ёзар: “Соғмисан , болам?” “Бошингиз омонми?!”- дея сўрар ёр... “Бошингиз омонми” ибораси ҳалқимиз орасида “саломатмисиз” маъносида қўлланилади. Ушбу ўринда ҳам ёрнинг ноз ила ҳол аҳвол сўраши, “бош” сўзи орқали жисму жонининг соғлиги, аҳволининг қандайлиги ҳақида сўрамоқда. “Бошингиз” тарзда сизлаб қўлланилиши эса ёрнинг ошиққа бўлган чексиз ҳурмати белгисидир. Тилимизда “ғоят хурсанд бўлмоқ”, “жуда ҳам кўнгли кўтарилмоқ” сўзларига нисбатан “боши кўкка етмоқ” ибораси қўлланилади: Бошим кўкларга етмасму, Ҳавасдан эл ёниб боқса, Аё ўн етти ёшли Гул узор, ёнимда сен бўлсанг.

Айни балоғат ёшидаги гул юзли ёрнинг ёнида бўлиши ошиқ учун катта бахт, шунингдек, “ҳавасдан эл ёниб боқса”, унинг қувончи осмонга етади. Ҳабиб Саъдулланинг ушбу шеърида ошиқ ёрга нисбатан: Ўзинг бахту баҳоримсан, Бошингдан зар сочолмасман. Нисор этгум дилим, меҳрим Кўпу озим, малол олма, - дея мурожаат қилади. “Бошдан зар сочмоқ” ибораси “бой бадавлат қилмоқ” маъносига тўғри келади, лекин ҳақиқий ошиқлар учун бойликнинг, сийму зарнинг ҳеч қандай қадр-қиммати йўқ. Шоир шеъриятидаги ошиқ тимсоли ҳам соф муҳаббат эгаси. У ёрнинг бошидан зар сочолмаса-да, қалбидаги бор меҳр-муҳаббатини маъшуқаси учун нисор этишга тайёр. “Бошнинг ёстиққа етиши” тилимизда “оғир дардга чалиниш” маъносида ишлатилади. Қуйида шу иборадан шоир маҳорат билан фойдаланган: Агар умринг бўйи йиғдинг Чекиб заҳмат зару зумрад, Кўринмас мисли бир гардинг Бошинг ёстиққа етганда. ХУЛОСА Гарчи умринг бўйи заҳмат чекиб бойлик йиққан бўлсанг ҳам, бошинг ёстиққа етганда, зебу заринг кўзинга кўринмайди, кўнглингга сиғмайди, дейди шоир. Ҳатто бу ибора шеърнинг сарлавҳасига ҳам олиб чиқилган. Шоир узоқ йиллик ҳаётий кузатишларинг хулосасини ҳар банд ниҳоясида такрорлаш орқали янада кучайтиради. Ҳабиб Саъдулла шеърияти маънодор ва сермаҳсулдир. Бир сўзнинг юз жилосини топа олиш, сўз аталмиш олмоснинг янги қирраларини кашф этиш учун шоирда, Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, “иқтидор, меҳнатдан ташқари “яна нимадир” керак бўлади”. Ҳабиб Саъдуллада иқтидор, меҳнат билан бирга “яна нимадир” борки, шоир шеърларида ҳар бир сўз олмосдек жилоланаверади.

Iqtiboslar dinamikasi

Bu ilmiy ishga ReLibrary’da chop etilgan ilmiy ishlarda hali iqtibos topilmadi.

ReLibraryTekshirilgan Metodologiya

Adabiyotlar4 ta adabiyot

  1. Адабий тур ва жанрлар. II томлик. 1-том. ЎзР ФА. -Т: “Фан” нашриёти. 1991 й.
  2. Адабий тур ва жанрлар. II томлик. 2-том. ЎзР ФА. -Т: “Фан” нашриёти . 1992 й.
  3. Бобораҳимов. М. Конфликт и характер в узбекской лирике 80-годов. Авторефарат диссертации. 1991 г.
  4. Ҳожиаҳмедов А. Мумтоз бадиият малоҳати. -Т: “Шарқ” нашриёти. 2002 й.

Metama’lumot

Identifikator
REL-A-012320
Nashr sanasi
2024-01-05
Til
o‘zbek
Jurnal
Research Focus International Scientific Journal
Jild
2
Son
12
DOI
10.66073/researchfocus.v2i12.639
ISSN
2181-3833 · 2181-3833
Nashriyot
LLC Ilm-fan va innovatsiyalar akademiyasi
Sahifa
40–46
Litsenziya
Ushbu ilmiy ish CC BY 4.0 litsenziyasi asosida ochiq.
Ko‘rishlar
32026-10-11 dan beri o‘lchanmoqda
Metadata manbasi
Research Focus International Scientific Journal
Oxirgi yangilanish
2026-09-06