Asosiy mazmunga o‘tish
MaqolaOchiq kirish

МАХТУМҚУЛИ АБАДИЁТИ

G‘ayrat MurodovBuxoro davlat universiteti professori, filologiya fanlari doktori.2022

JurnalResearch Focus International Scientific JournalJild 1Son 1Sahifa 152–158

Annotatsiya

Мақолада улуғ туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули ҳаёти ва ижоди ҳозирги давр тафаккури асосида ёритилган. Бу шоир шеърлари бадиияти таҳлил этилган. Шу асосда Махтумқули абадияти очиб берилган

Boshqa tillarda

ruschaВЕЧНОСТЬ МАХТУМКУЛИ

Статья освещает жизнь и творчество великого туркменского поэта и мыслителя Махтумкули исходя из современного мышления. Анализируется художественность стихотворений этого поэта. На этой основе раскрывается вечность произведений Махтумкули

inglizchaTHE ETERNITY OF MAKHTUMKULI

The article examines the life and work of the great Turkmen poet and thinker Makhtumkuli on the basis of the thought of the present age. The artistry of this poet‘s poems is analysed. On this basis, the eternity of Makhtumkuli is revealed.

Kalit so‘zlar

  • Туркий халқлар адабиёти
  • денотатив маъно
  • коннотатив маъно
  • қаршилантириш санъати
  • туркийзабон шоир
  • сўфийлик назарияси
  • тасаввуфий сўз санъати

To‘liq matn

Litsenziya: CC BY 4.0litsenziya matni

Matn PDF’dan ajratilgan va qayta formatlangan; asl nusxadan farq qilishi mumkin.

МАХТУМҚУЛИ АБАДИЁТИ Ғайрат Муродов Бухоро давлат университети профессори, филология фанлари доктори. https://doi.org/10.5281/zenodo.7118406 Аннотация: Мақолада улуғ туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули ҳаёти ва ижоди ҳозирги давр тафаккури асосида ёритилган. Бу шоир шеърлари бадиияти таҳлил этилган. Шу асосда Махтумқули абадияти очиб берилган. Калит сўзлар: Туркий халқлар адабиёти, денотатив маъно, коннотатив маъно, қаршилантириш санъати, туркийзабон шоир, сўфийлик назарияси, тасаввуфий сўз санъати. ВЕЧНОСТЬ МАХТУМКУЛИ Аннотация: Статья освещает жизнь и творчество великого туркменского поэта и мыслителя Махтумкули исходя из современного мышления. Анализируется художественность стихотворений этого поэта. На этой основе раскрывается вечность произведений Махтумкули. Ключевые слова: Литература тюркских народов, денотативное значение, коннотативное значение, искусство противопоставления, тюркоязычный поэт, теория суфизма, мистическое искусство слова. ETERNITY MAGTYMGULY Abstrackt: The article highlights the life and work of the great Turkmen poet and thinker Makhtumkuli based on modern thinking. The artistry of this poet's poems is analyzed. On this basis, the eternity of Magtymguly's works is revealed. Keywords: Literature of the Turkic peoples, denotative meaning, connotative meaning, art of opposition, Turkic-speaking poet, theory of Sufism, mystical art of the word. КИРИШ Туркий халқлар адабиётида алоҳида ўрин ва нуфузга эга шоир Махтумқули шахси ва ҳаёти ибрату ҳайрат манбаи ва маншаидир. Бу мутафаккир, донишманд ва улкан истеъдод соҳиби ҳақида кўп ёзилган, унга таъриф ва баҳолар берилган, адабиёт, инсоният, ўзи мансуб бўлган халқ учун қилган хизматлари кўрсатилган. Аммо, шунга қарамай, у ҳақда яна ёзиш, фикр билдириш мумкин. Чунки буюк шахсларга ҳамма замон ва тузумларда ҳам қизиқиш, эҳтиром кучли бўлади. Биз бу ўринда мазкур ижодкор хусусида кўнгилда кўп вақтдан буён туғилиб бўй чўзиб келаётган фикр-қарашларни баён этмоқчимиз: 1.Махтумқули биринчи навбатда туркман халқининг шоири эди. Унинг ёзган асарларида ўз элига, ундаги уруғ, қабилаларга нисбатан улкан меҳр-муҳаббат яққол сезилиб туради. Ўз халқига мана шундай эҳтиром туйғуларини унинг бир қатор бадиий яратмалари, хусусан, «Туркманнинг» , «Туркман биноси», «Кўрилсин энди» шеърларида аниқ-равшан кўриниб туради. Айниқса, шоирнинг «Туркманнинг» радифли назмий намунаси ўз ватани ва халқига улкан, чек-чегара билмас жўшқин ҳис-кечинмалари бадиий ифода топган. Замонамизнинг буюк шоирларидан бўлган Ойбек ватан ҳақидаги бир шеърида она юртнинг «чўлидаги ҳатто қуруқ чўп жондан азиз юрагимизга» деб ёзган эди. Махтумқули ва Ойбекни икки юз йилча вақт масофаси ажратиб туради. Шунга қарамай, мана икки забардаст қалам соҳибининг она замин ҳақидаги қарашларида яқинлик, муштараклик мавжуд. Фикримизни туркман шеърияти байроқдорининг қуйидаги мисралари ҳам тасдиқлайди:

Жайҳун билан баҳри Хазар ораси, Чўл устидан эсар ели туркманнинг. Гул-ғунчаси – қора кўзим қораси, Қора тоғдан келар сели туркманнинг. Жайхун билан баҳри Хазар ораси улкан чўл худудидир. Қадимдан туркманлар мана шу жойни ўзларига манзил-макон қилиб танлаганлар. Юқоридаги дастлабки икки мисрада чўлда эсаётган шамол туркманларга тегишли деган фикр ифодаланган. Бу мулоҳазанинг денотатив (асл) ва коннататив (кўчма мазмун) жиҳатлари борлигини назарда тутиш лозим. Дастлабки талқинда туркман улусининг мана шу улкан манзилда эркин кўчиб юришлари ифодаланган. Кўчма-рамзий жиҳатдан қаралганда эса шоир ўз ҳалқининг шамол сингари эркин ва мустақил бўлишга интилишини кўрсатмоқда. ТАДҚИҚОТ МАТЕРИАЛЛАРИ ВА МЕТОДОЛОГИЯСИ “Гул-ғунчаси – қора кўзим қораси” – мазкур мисра ҳам мулоҳаза қилиши талаб этади. Сиртдан қаралганда, бу мисрада ташбиҳ санъати воситасида баҳорга ишора қилиниб, бу фаслда очилиб, атрофга кўрк ва шукуҳ бағишлайдиган гулу чечаклар эслатилмоқда. Чиндан-да, бошқа фасллар кўрксиз кўринадиган дашту саҳро кўкламда ажиб гўзаллик касб этади. Аммо чуқурроқ разм солиб солиб қаралса, таҳлил этилаётган мисра янада теранроқ, кўламлироқ мазмун мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Бу шринда “гул-ғунча” дейилганда халқнинг давомчиси – ёш авлод назарда тутилган. Мана шу қарашни мисра давомидаги “қора кўзим қораси” матний бирлиги тасдиқлаб турибди. Туркий тилда “қора кўзим” “меҳрибоним”, “энг яқин дилбандим” каби маъноларга эга. Мисрада иккинчи бор такрорланган “қора” луғавий бирлиги мазкур маъноларни янада кучайтириб, аниқлаштириб берган. Банддаги учинчи ва тўртинчи мисралар тазод (қаршилантириш) санъати асосида юзага келтирилган. Юқорида айтилгандек, учинчи мисрада фарзандларга буюк муҳаббат ва садоқат туйғуси берилган бўлса, тўртинчи қаторда ватан мустақиллиги ва озодлигига чанг солмоқчи бўлган ёғийларга муносабат кўрсатилган: “Қора тоғдан келар сели туркманнинг”. Ушбу мисрада шоир мансуб халқнинг чексиз қудрати кўрсатилган. Тоғдан келувчи сел мустаҳкам тўсиқларни ҳам вайрон этиш кучига эга. Шу билан бирга, бу улкан қудрат дўстларга эмас, душманларга қарши қўйилганини ҳам тушуниш мумкин. Махтумқулининг “Туркман биноси” шеърида мустақил Туркманистон давлатини барпо этиш ғояси бадиий ифодаланган: Қурганим аслида, билгил, бу заминнинг михидир, Эрур ул аркон мудом, будир ки туркман биноси. Шоир яшаган замон – ўн саккизинчи асрда туркманлар ўз миллий давлати ва ҳокимиятига эга бўлмаган. Улар яшаётган ҳудуд Эрон шоҳлиги, Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги томонидан бўлиб олинган эди. Қадимги туркий битиклар (“Култегин”, “Билга қоон”, “Тунюқуқ” ва бошқалар)да ҳоқонсиз, қўшинсиз халқнинг зулм исканжасига тушиши аниқ мисол ва далиллар билан кўрсатиб берилган. Шоир дунёқарашида “туркман биноси”, яъни миллий давлатчиликни барпо этиш ғоясининг пайдо бўлиши тасодиф бўлмай, авваламбор, ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий вазият, шунингдек, отаси – таниқли туркман шоири Давлатмамат Озодий тарбияси, ўгитлари билан боғлиқ эди. Озодий “Ваъзи Озодий” достонида яхлит туркман жамияти ва ҳокимиятини юзага келтириш бўйича қуйидаги таклифларни ўртага ташлаган:

1. Тарқоқликни тугатиб, туркман қабилаларини бирлаштириш, алоҳида давлат тузиб, унинг бошида адолатли хукмдор ўрнатиш керак; 2. Қобилиятли одамларнинг ҳиммати билан суғориш тизими, савдо йўллари, кўприклар, бозорларни обод қилиб, халқнинг маданий равнақини ўстириш керак; 3. Жамиятнинг маданий, руҳий талабларини қаноатлантириш учун мактаб, мадраса очиб, билим, таълим-тарбия ишларини йўлга солиб, замонга керак бўлган олимларни етиштириш керак; 4. Ҳамма қашшоқлар, ғариблар, дарвешлар ва шунга ўхшаганларнинг жамиятдаги тенглиги, ўрни, хуқуқи масалаларини тартибга солиш керак. ТАДҚИҚОТ НАТИЖАЛАРИ Албатта, ҳали уруғ-қабилачилик ақидалари билан яшаб келаётган, бунинг устига яшаб турган макони бўлиб ташланган улус учун бундай дадил, халқчил талабларни амалга ошириш осон иш бўлмаган. Шунга қарамай, Озодий ва унинг изчил давомчиси бўлган Махтумқули мана шу улуғвор мақсадни амалга оширишга бутун умрлари давомида саъйҳаракат қилганлар. 2.Табиийки, Махтумқули биринчи навбатда туркманларнинг миллий шоиридир. Шу билан бир қаторда, у – барча туркий улуслар, биринчи навбатда Марказий Осиё ҳудудида яшайдиган туркий тилли халқларнинг вакили ва ижодкори. Ўша вақтлар – мозийнинг ўн еттинчи-ўн саккизинчи асрларида “Турк бирлиги” (ер юзидаги барча туркий халқларнинг бирлашиши) ғояси (бундай улуғвор мақсад битиктошларда тажассум топган) мавжуд бўлса-да, туркий улусларнинг тараққийпарвар намояндалари ўз халқлари ичидаги уруғ ва халқларнинг бирлашишга тарғиб этардилар. Жасоратли шоир ва давлат арбоби Турди Фароғий: Тор кўнгулли беклар, ман-ман деманг, кенглик қилинг, Тўқсон икки ўзбек юртидир, тенглик қилинг, – туркий (ўзбек)ларни бирлашишга даъват қилган бўлса, Махтумқули Фироғий: Така, ёвмит, ёзир, кўкланг, Ахал эли бир бўлиб, Қилса бир жойга юриш, очилар гул, лоласи. – деб туркман туркларини жислашиш, ягона байроқ остида тўпланишга чақирган эди. Аслида бундай даъват, уринишлар, аслида, “Турк бирлиги” ниятини юзага чиқариш Махтумқули ижодий меросини Аҳмад Яссавий, Юсуф хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Алишер Навоий, Юнус Эмро, Абай сингари туркийзабон қалам соҳиблари бадиий яратмалари билан қиёсий таҳлил қилганимизда, улар орасида жуда мустаҳкам ва қадимий илдизларга эга алоқа-боғланишлар мавжудлигига ишонч ҳосил қиламиз. Бундай яқинлик, муштараклик биринчи навбатда она – асос тил ягоналиги, туркий халқлар руҳиятидаги ўхшашлик, кўп ҳолларда жуғрофий ҳудуд яхлитлиги ёхуд яқинлиги, энг муҳими, динийисломий эътиқоддаги бирлик билан изоҳланади. Туркий халқларнинг барчасига хос меҳмондўстлик, бағрикенглик, дўстларга садоқат, жанговарлик, мардлик ва курашчанлик хусусиятлари барча туркий ижодкорлар, шу жумладан, Махтумқулини ҳам ўзаро боғлаб-туташтириб туради. Бу фикр исботини шу буюк шоир ижодидан ҳоҳлаганимизча топишимиз мумкин: Қора тошдан қора қилни кўрган кўз, Кўзингнинг гавҳари кўзга меҳмондир. Келган ош деб келмас, сен бурмағил юз, Нонга муҳтож эмас, сўзга меҳмондир.

Умуман олганда, меҳмондўстлик – инсониятга хос умумбашарий фазилат. Бу инсоний хусусият туркий халқларда юксак чўққига кўтарилган. Бутун дунёни кезиб юрган чет эллик сайёҳлар туркийларнинг меҳмон учун жон беришга ҳам тайёр турганликларига гувоҳ бўлганлар ва бу ҳақда ўз сафарномаларида ёзиб қолдирганлар. Қуйидаги мисраларда туркий халқларга хос жанговарлик, диловарлик ўз ифодасини топган: Йигирма ёшга келдинг, Йигит бўлиб сен елдинг, От миндинг, қилич олдинг, Жангга-савашга етдинг. 3.Махтумқули авваламбор туркий, хусусан, туркман улусининг намояндаси ва вакили эди. Шу билан бирга, у исломий эътиқод соҳиби, сўфийлик назарияси амалиётини эгаллаган комил инсон сифатида инсоният кўз ўнгида намоён бўлади. Унинг анчагина йирик ижодий-бадиий меросини ўрганиш шундан далолат берадики, шоир ўз битикларининг асосий қисмларида маънавий-илоҳий тафаккур жило бериб, бўй кўрсатиб турибди. Уларда ҳалоллик, поклик, эзгулик улуғланган, эътиқодсизлик, разолат кескин рад этилган. Шоирнинг ижодидаги “Ҳолимга менинг”, “Садо бўлдим”, “Ёмғир ёғдир, Раҳмоним”, “Келгай”, “Охирзамона”, “Учдим, ёронлар”, “Боди сабони кўрсам”, “Қумли чиқибдир” “Тургил”, дедилар” ва яна ўнлаб назмий ижод намуналари унинг маънавий-илоҳий оламга буюк муҳаббат қилан қараганини, исломий эътиқоди нечоғлик юксак бўлганини кўрсатиб туради. Умуман олганда, шоир ижоди исломий манба (Қуръони Карим, ҳадиси шариф)лар асосида юзага келган бўлиб, унинг шариат босқичидан тариқатга ўтганлигидан дарак беради. Фикримизни ушбу мисралар ҳам тасдиқлайди: Истаса тенгдошлар бошга олтин тож, Фақирлик мулкидан менга бергил бож, Ё, Яратган, этма номардга муҳтож, Тилагим, дуч этма золима мени. Ҳамма замонларда ҳам Яратгандан бойлик, юксак мартаба сўровчилар кўп бўлган. Оллоҳ меҳрибон. У истаган бандасига буларни ортиғи билан бериши мумкин. Аммо дунё моли инсонга охират нуқтаи назаридан қаралса, манфаат келтирмайди. Зару зевар, мол-мулк одам учун оғир юкдир. Бунинг устига, улар кибр-ҳаво, очкўзлик, бахилликка ҳам сабаб бўлади. Шу боисдан пайғамбаримиз (с.а.в.) “Фақрун – фахрун”(“Фақирлик фахримдир”) деб айтганлар. Ана шу сабабларга кўра шоир Тангри тааллога: “Менга тенгдош одамлар бошига олтин тож истайди. Аммо бу нарса менга керак эмас, менга фақирлик мулкидан бож бергин”, – деб тавалло қилади. Шунингдек, оллоҳдан номардга муҳтож этмаслик, золимга юзма-юз этмасликни сўрайди. Айтилганидек, туркманлар саҳрода яшаганлар. Ёғин яхши бўлган йиллар чўлда ўтўланлар сероб бўлиб, ҳаёт ҳам яхшиланган. Аммо ҳамма вақт ҳам шундай бўлавермаган. Айрим йиллар қурғоқчилик бўлиб, чорва учун ўт унмаган, бунинг устига ичишга сув ҳам камайган. Бундай пайтларда одамларнинг аҳволи жуда оғирлашиб, очарчилик бошланган, ўлим кўпайган. Шоирнинг “Ёмғир ёғдир, Раҳмоним” шеъри қурғоқчилик муносабати билан ёзилган. Ўзини эмас, элу юртини ўйлайдиган ижодкор ватандошларининг машаққатли қисматини кўриб азобланади. Унинг қийноқли руҳий ҳолати мазкур лирик асарда ўз бадиий ифодасини топган:

Сен қодир Худодан тилак тиларман, Раҳминг келиб, ёмғир ёғдир, Раҳмоним!

Ғарибман, ғамгинман, нолиш қиларман, Раҳминг келиб, ёмғир ёғдир, Раҳмоним!

Айтишларича, замонасининг валийларидан бўлган Ҳасан Басрийнинг кулбасига юртдошлари келиб, қурғоқчилик ҳаддан ошганини айтиб, Яратгандан ёмғир сўрашни илтимос қилишибди. У зот бунга розилик берибдилар-у, эртаси куни шаҳардан чиқиб кетибдилар. Одамлар авлиёни излаб топишолмабди. Шу пайт осмонни қоп-қора булут қоплаб, тинимсиз ёмғир ёға бошлабди. Далалардаги экинлар қониб сув ичибди. Одамлар ўтинчларини бажармай, шаҳарни тарк этган валийдан қаттиқ хафа бўлишибди. Бир неча кун ўтгач, Ҳасан Басрий кулбаларига қайтиб келибдилар. Ҳамшаҳарлар у кишининг даргоҳига тўпланиб бориб, ёмғир сўраш ўрнига шаҳарни ташлаб кетганликлари учун қаттиқ ранжиганларини айтишибди. Шунда шайх: - Бир китобда бирор ҳудуднинг аҳолиси Оллоҳга мақбул бўлмайдиган ишлар қилиб, гуноҳкор бўлса, қурғоқчилик бўлади, деб эшитган эдим. Фикр қилиб,бу офатга ўзим сабабчи деган тўхтамга келдим. Шу боис шаҳарни ташлаб чиқиб эдим, ёмғир ёғди, – дебдилар.

МУҲОКАМА Сўфийлар ҳамиша гуноҳлардан йироқ юрганлар. Жумладан, Ҳасан Басрий ҳам. Ул зоти бобарокот юртдошлари қилган гуноҳларни ўз зиммаларига олганлар ва Раҳмон ёмғир берган экан.

Бу ривоятни ҳикоя этишдан мақсад шуки, валий зотларнинг дуолари ижобат бўлгусидир. Айтишларича, Махтумқули юқорида зикр этилган шеърни бадиҳа йўли билан яратиб, уни дуо ўрнида ўқиганида, қаттиқ ёмғир ёғиб, чанқоқ халқ сувга қонган экан. Совет даврида Махтумқули ҳақида яратилган бадиий фильмда ана шу ривоят тасвирланган. Биламизки, даҳрийлик мафкураси авж олган ўша қаттол тузумда бу каби тасвирлар қаттиқ қораланиб, бунга йўл қўйган “айбдорлар” жазоланган. Қаттол замон тазйиғидан тап тортмай, мазкур лаҳасини фильм воқеа тизимига киритган туркман киноусталарининг бундай жасорати таҳсинга лойиқдир.

4.Махтумқули адабий-поэтик ижодиёти маънавий-фалсафий асосларининг теранлиги ва мустаҳкамлиги, халқчиллиги, инсонпарвар пафоси, бадиияти даражаси нуқтаи назаридан жаҳон адабиётига мансуб. Туркман, туркийлисон ва тасаввуфий сўз санъатининг бу азамат вакили яратган бадиий дурдоналар бутун инсониятнинг ҳам бадиий мулки бўлиб ҳисобланади. Зеро, у тарғиб қилган ғоялар башарият маънавий-ахлоқий такомили ва гўзаллиги учун хизмат қилади. Унинг шахсияти, нодир ижоди ҳамма замон ва халқлар учун ибрат ва ҳайрат намунасидир.

Махтумқули – ўзбек халқи севиб ўқийдиган, қўшик қилиб айтиладиган шеърларини завқ билан тинглайдиган ижодкор. Унинг шеърлари Жуманиёз Шарипов, Жуманиёз Жабборов, Музаффар Аҳмедов, Мирза Кенжабек таржималарида бир неча бор китоб ҳолида чоп этилган. Мана шу далилнинг ўзиёқ улуғ туркман шоири лирик ижоди элимиз томонидан нечоғли қадрланишини кўрсатиб турибди. Аммо шоир асарлари таржимаси бўйича ишлар тўхтагани йўқ. Ҳар бир адабий авлод вакиллари бу оташин қалбли ижодкор асарларини тилимизга ўгириш ишини давом эттирмоқдалар. Бу ҳодисанинг, ўз сабаб ва омиллари бор, албатта. Атоқли шарқшунос Е.Э. Бертельснинг маълумот беришича, Махтумқули меросининг умумий миқдори 16-18 минг мисрани ташкил этади. Бошқа манбаларда эса бу миқдор 10-12 мисра атрофида деб кўрсатилади. Шоирнинг барча шеърлари ўзбек тилига тўла ўгирилмаганини айтиш лозим. Бундан ташқари, ижодкор шеъриятининг янги таржимони аввалги ўгирмалардаги камчиликларни бартараф этиш, таржимада янада мукаммалликка эришиш учун саъй-ҳакакат қилишини ҳам эътиборга олиш зарур.

Махтумқулининг шоир, ёзувчи, ношир ва таржимон Муҳаммад Азим томонидан таржима қилиниб нашрга тайёрланган «Ул меҳрибоним келди…» шеърий тўплами олдингиларнинг ҳажмининг анча катталиги (10 минг мисра атрофида), шу билан бирга, сўз маъносини ва синтактик бирликларда ифода этилган фикрни таржимада аниқ ифодалашга интилиш каби жиҳатлар билан ажралиб туради.

Бу ўринда мутаржим Муҳаммад Азим (Азим Қаландаров) ҳақида ҳақида гапириш жоиз, деб ўйлайман. У туркман оиласида туғилиб вояга етган. Ота-онаси Туркманистоннинг Чоржўй вилоятидан. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида бошида Олот туманига кўчиб келиб, шу ерда яшаб қолишган.

Азимжон ўрта мактабни тугатиб Самарқанд давлат университетида математика ихтисослиги бўйича таҳсил олган. Айни пайтда Бухоро давлат университети талабаларига шу фандан сабоқ беради. Бадиий адабиётга иштиёқи, иқтидори кучли. Ўнга яқин насрий ва шеърий тўпламлари чоп этилган.

Унинг фикрига кўра, Махтумқули асарларини тўғри таржима қилиш учун туркман тилини билишнинг ўзигина етарли эмас. Бунинг сабаби шундаки, Махтумқули яшаб ижод қилган даврда ягона туркман адабий тили шаклланмаган эди. Шунга қарамай, Марказий Осиёда истиқомат қилган барча туркийзабон ижодкорлар учун йигирманчи асргача Ҳазрат Алишер Навоий ижоди умумтуркий адабий тил вазифасини бажарган. Бундай хусусиятни биз Махтумқули ижодиёти мисолида яққол кўришимиз мумкин. Фақат совет даврига келиб шу ҳудудда яшовчи туркийлар тилида жиддий тафовутлар пайдо бўлди. Улар ўтмиш адабиёти ҳамда бир-бирларининг тилларидан узоқлаша бошладилар.

Ўн олтинчи-ўн тўққизинчи асрларда ижод қилган туркман шоирлари, шу жумладан, Махтумқули ягона адабий тил меъёрлари мавжуд бўлмаганидан, асосан ўз шева ва лаҳжаларидаги луғавий бирликлардан ҳам фойдаланганлар. Бундай бирликлар, табиийки, ҳаммага ҳам тушунарли бўлавермаган. Бундай жиҳатни бугунги замон таржимони эътиборга олиши керак бўлади.

Муҳаммад Азим шоир асарларини ўзбекчалаштириш жараёнида улардаги шева сўзларини тўғри ва аниқ таржима қилиш мақсадида интернет ва ёзма манбаларни қунт билан ўрганишга ҳаракат қилган. Шу билан бирга, туркман тили ва унинг шевалари бўйича мутахассислар фикри ва қарашларини ҳисобга олган.

Бир-бирига қариндош-яқин тиллардаги асарларни таржима қилишнинг қийин ва қалтис томонлари йўқ эмас. Масалан, туркманча манбалардаги бир қатор сўзлар ўзбек тилида учрайди. Бироқ улар маъноси бир бўлган сўз эмас. Шаклдоши (омоними) ҳам бўлиши мумкин.

XULOSA Муҳаммад Азим таржимасида мана шу жиҳат мутаржимнинг алоҳида эътиборида бўлганини кўриш мумкин. Таржимон аввалги ўгирмалардаги шаклдош сўзлар билан боғлиқ хатоларни тузатиш йўлидан борган.

Китоблар бор – бир марта чоп этилади-ю, қайтиб нашр этилмайди. Яхши, одамлар қизиқиб мутолаа этадиган китоблар ҳам одатда беш, ўн, ҳатто ундан ҳам кўпроқ вақт оралиғида такрорий босилади. Лекин шундай китоблар борки, улар ҳар йили қайта-қайта нашр қилинса ҳам, китоб дўконларида йиғилиб қолмайди. Тез орада харид қилиниб, китобхон қўлига етиб боради. Шайхул-машойих Аҳмад Яссавий «Ҳикматлар»и, «Бобурнома», Фузулий «Девон»и, Махтумқули шеърий тўплами ана шундай ардоқли битиклардандир. Булар халқимиз энг севиб ўқийдиган бадиий дурдоналар қаторига киради. Ўйлаймизки, улкан туркман шоири шеърларининг янги таржимаси «Ул меҳрибоним келди…» ҳам китобхонларимизнинг маънавий-эстетик тафаккурини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Фойдаланилган адабиёт 1. Махтумқули. Ул меҳрибоним келди. – Бухоро: Дурдона, 2022. 2. https://www.e-adabiyot.uz/maqola/173.

Iqtiboslar dinamikasi

Bu ilmiy ishga ReLibrary’da chop etilgan ilmiy ishlarda hali iqtibos topilmadi.

ReLibraryTekshirilgan Metodologiya

Adabiyotlar2 ta adabiyot

  1. Махтумқули. Ул меҳрибоним келди. – Бухоро: Дурдона, 2022.
  2. https://www.e-adabiyot.uz/maqola/173.

Metama’lumot

Identifikator
REL-A-010809
Nashr sanasi
2022-10-05
Til
o‘zbek
Jurnal
Research Focus International Scientific Journal
Jild
1
Son
1
DOI
10.66073/researchfocus.v1i1.1049
ISSN
2181-3833 · 2181-3833
Nashriyot
LLC Ilm-fan va innovatsiyalar akademiyasi
Sahifa
152–158
Litsenziya
Ushbu ilmiy ish CC BY 4.0 litsenziyasi asosida ochiq.
Ko‘rishlar
52026-10-10 dan beri o‘lchanmoqda
Metadata manbasi
Research Focus International Scientific Journal
Oxirgi yangilanish
2026-09-06